Тарихий сабоқ ва буюк келажак
  • 17 Апрель 2015

Тарихий сабоқ ва буюк келажак

Пойтахтимизда мустабид тузум даврида қатағонга учраган фан, маданият ва жамоат арбоблари фаолияти, илмий-маърифий ҳамда ижодий меросининг истиқлол йилларида кенг ўрганилишига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

“Қатағон қурбонлари хотираси” музейида ташкил этилган мазкур тадбирда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқот институтлари тадқиқотчилари ҳамда ёшлар қатнашди.
Қайд этилдики, мустақиллик юртдошларимизга эркин яшаш ва ўз ҳуқуқларининг давлатимиз томонидан қатъий ҳимоя қилинишидек олий қадриятни берди. Амалга оширилаётган барча ислоҳотлар замирида инсон омили мужассам. Биргина мисол, йилларга берилаётган номлар, ана шу асосда қабул қилинаётган давлат дастурларида белгиланган устувор вазифалар ҳам инсон ва унинг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши, фаровон ҳаёт кечиришига қаратилган.
Бинобарин, истиқлолимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб ота-боболаримизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, умуминсоний қадриятларга таянувчи, мустақил фикрловчи, маънавияти бой ҳамда соғлом авлодни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада собиқ тузум даврида ноҳақ айбланганлар оқланди, маърифатпарвар инсонлар, қатағон қурбонларининг тақдири, ҳаёти, ижодий фаолияти ҳақида олимларимиз томонидан бир қатор илмий монография, рисола ва мақолалар эълон қилинди.
Таъкидлаш керакки, ўтган асрда айнан маърифатпарварлар томонидан яратилган илмий, бадиий асарларнинг аксарияти халқимиз маънавий бойлигининг салмоқли қисмини ташкил этади.
“Қатағон қурбонлари хотираси” музейида қатағонга учраган юртдошларимизнинг кўплаб ижодий асарлари, фото ҳамда уларга тегишли бошқа ҳужжатлар сақланмоқда. Бу экспонатлар ёшларимиз, умуман, халқимизни кечаги кундан хулоса чиқаришга, бугунги дориламон кунларнинг қадрига етиш ва келажакка янада ишонч билан қарашга ундайди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Гул бир ён, чаман бир ён... Дўстлик фестивали »