Халқимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаёт!
  • 10 Апрель 2015

Халқимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаёт!

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида тарихий адолатни тиклаш, миллий ўзликни англаш, улуғ аждодларимиз меросини кенг тадқиқ ва тарғиб этиш, уларнинг номини абадийлаштириш, ўсиб келаётган навқирон авлодни бобокалонларимизнинг фаолияти ҳамда асарларидан баҳраманд этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Буни шу кунларда халқимиз даҳосининг тимсоли, беназир саркарда ва давлат арбоби, соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 679 йиллиги муносабати билан жойларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий анжуманлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Хусусан, кеча пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида ўтказилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар, шоир ва ёзувчилар, талаба-ёшлар ҳозир бўлишди. Унда сўзга чиққан Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Нозим Ҳабибуллаев, тарих фанлари доктори Дилором Юсупова, шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, халқаро гроссмейстер Нафиса Мўминова ва бошқалар улуғ соҳибқироннинг ҳаёти ҳамда фаолияти авлодлар учун муҳим ибрат эканлигини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита саъй-ҳаракати, ташаббуси ва раҳнамолигида Амир Темурнинг фаолиятини ўрганиш ҳамда оммалаштиришга кенг йўл очилди. Кўчалар, майдонлар, хиёбонлар ул зот номи билан аталди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабзда улуғ саркарданинг ҳайкали ўрнатилди. 1995 йилда Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил этилди. 1996 йил мамлакатимизда “Амир Темур йили” деб эълон қилинди ҳамда пойтахтимизда Темурийлар тарихи Давлат музейи қад ростлади, “Амир Темур” ордени таъсис этилди. Худди ўша йили Тошкент, Самарқанд ва қатор хорижий давлатларда ЮНЕСКО шафелигида соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Соҳибқирон даҳоси йўлчи юлдуз каби чарақлаб, бизни доимо олижаноблик ва бунёдкорликка чорлайди! Бу дунёда халқимиз, миллатимиз, Ўзбекистонимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаёт!”
Бобокалонимиз шон-шуҳрати унинг ҳаётлик чоғидаёқ етти иқлимга етган. Амир Темур мингта жанг ўтказиб бирортасида ҳам енгилмаган машҳури замон саркарда ҳамда давлат тузилиши ишларига, илм-фан, маърифат, маданият тараққиётига улкан ҳисса қўшган сиёсий арбоб сифатида тарихга кирди. Амир Темур тарафидан тарқоқ ўлкалар ягона давлатга бирлаштирилиб, барқарорлашгандан кейин юрт иқтисодиёти мустаҳкамланди, савдо ҳамда ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ривожланди, узоқ ва яқин қўшни мамлакатлар билан савдо-хўжалик алоқалари кенгайди.
Бугун жаҳоннинг элликдан ортиқ давлатида темуршунос олимлар илмий изланишлар олиб бормоқда. Темур ва Темурийлар даврига бағишланган кўплаб китоблар чоп этилаяпти. Ўтган давр мобайнида Европада Амир Темурга бағишлаб ёзилган салмоқли асарларнинг сони 500 га етди, Шарқда эса 900 дан ошади.
Амир Темур бунёд этган ўнлаб меъморий ёдгорликлар инсон тафаккури, ақли ва салоҳиятининг беназир тажассумидир. Тарихчи Шарафиддин Али Яздийнинг гувоҳлик беришича, Амир Темур “Ободончиликка арзийдиган бир қарич ҳам ер бўш қолмасин”, деб қайғурарди. Буюк бобомиз фаолияти, ўгитлари бугун ҳам бизга дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Юртбошимиз раҳнамолигида инсонни улуғлаш, барча соҳада адолат тамойилига амал қилиш бўйича ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар ва уларнинг юксак самаралари бунга яққол далилдир.   
“Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланган жорий йилда бу борадаги хайрли ишлар янада кенг тус олган. Ҳар бир инсонга, хусусан, ёши улуғ кишиларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, нуроний отахону онахонларни рози қилиб, уларнинг дуою маслаҳатларини олиш ҳаётимизнинг барча жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларда янада ёрқин намоён бўлмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Афзал Рафиқов Амир Темур монологини, ёш шоир Фахриддин Ҳайит соҳибқиронга бағишланган шеърини ўқиб берди.
Иштирокчилар Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов қатнашди.
* * *
Шу куни Темурийлар тарихи Давлат музейида “Амир Темур даврида илм-фан ва маданият ривожининг умумбашарий аҳамияти” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир доирасида “Амир Темур — ёш рассомлар нигоҳида” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди. “Шоҳруҳия — Темурийлар даври бунёдкорлиги ёдгорлиги” кўргазмаси ташкил этилди.
Амир Темур таваллуд топган замин — Қашқадарё вилоятида ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилди. Олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари ва мактабларда уюштирилган анжуманларда халқимиз жаҳон тамаддунида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган соҳибқирон Амир Темур номи ҳамда унинг амалга оширган ишлари, бизга қолдирган ёдгорликлари билан ҳақли равишда фахрланиши алоҳида таъкидланди.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қошидаги “Нуристон” академик лицейида “Амир Темур — фахримиз, ифтихоримиз, ғуруримиз” шиори остида ўтказилган тадбирда “Мозийга муҳрланган маҳорат”, “Адолатни байроқ қилган саркарда” мавзуларида маърузалар тингланди. “Буюк Темур тарихи” асаридан, “Соҳибқирон” драмасидан парчалар намойиш қилинди. Ўқувчилар томонидан “Темур тузуклари”дан намуналар, буюк соҳибқиронга бағишланган шеърлар ўқилди.
Амир Темур таваллудининг 679 йиллиги Самарқанд вилоятининг барча гўшаларида кенг нишонланди. Хусусан, кеча эрта тонгдан вилоят ва шаҳар жамоатчилиги вакиллари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Улуғ саркарда ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Тадбирда иштирок этган олимлар, жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар тенгсиз азму шижоат, мардлик ва донишмандлик рамзи бўлган бобокалонимиз буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ўзидан ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдиргани, илму фан, маданият, бунёдкорлик, дин ва маънавият ривожига кенг йўл очганини таъкидладилар.
Сана муносабати билан вилоятдаги барча таълим муассасаларида ҳам анжуманлар, давра суҳбатлари ташкил этилди.
— Институтимизда ўтказилган қатор тадбирларда Амир Темурнинг буюк шахс сифатида улкан фалсафий салоҳияти, бунёдкорлиги, инсонларда камдан-кам учрайдиган ноёб қобилият соҳиби бўлганлиги, буюк аждодимизнинг саркардалик хислатлари, давлат арбоби, илм-фан ҳомийси сифатида амалга оширган эзгу ишлари ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлиб бораяпмиз, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси Абдуқаҳҳор Ўроқов. — Бобокалонимиз босиб ўтган йўл биз ёшларнинг етук аждодларимизга муносиб ворис, порлоқ келажак бунёдкори сифатида камол топишимиз, таълим-тарбия олишимизда ибрат намунаси бўлмоқда.
Амир Темур таваллудининг 679 йиллигига бағишланган бундай тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳам давом этмоқда.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ, 
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn