Бетакрор анъаналар ва ёшлар маънавияти
  • 10 Апрель 2015

Бетакрор анъаналар ва ёшлар маънавияти

Темурийлар тарихи Давлат музейида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Тил ва адабиёт институти, “Ўзбекистон — Ҳиндистон” дўстлик жамияти ҳамкорлигида  “Халқ оғзаки ижоди: ёшлар ва хорижликлар нигоҳида” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тегишли вазирлик ва идоралар, юртимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари ҳамда олий ўқув юртлари, профессор-ўқитувчилар талабалари иштирок этган тадбирда таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида халқимиз маънавиятини юксалтириш, миллий меросимиз, анъана ва қадриятларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларнинг бардавомлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу йўналишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, халқ оғзаки ижоди намуналари, ижрочилик санъати, урф-одат, маросим ва байрамлар, ҳунармандликка оид билим ҳамда кўникмалар юзасидан тадқиқотларни кучайтириш, бу жараёнга ёш олимларни жалб этиш, номоддий маданий мерос тарихи моҳиятини очиб берувчи қадимий қўлёзмаларни ўрганиш, фольклор ижрочилиги сақланиб қолган ҳудудларга экспедициялар уюштириш юзасидан тизимли ишлар бажарилмоқда.
Тадбир давомида “Ўзбекистонда фольклор анъаналарини асраб-авайлаш ва ўрганиш истиқболлари”, “Бахшилик санъати”, “Хоразм достончилик анъаналари”, “Фольклор ва ёшлар маънавияти” каби мавзуларда марузалар тингланди.
Шунингдек, халқ оғзаки ижодининг ноёб намуналари — лапарлар, ўланлар, бахшилар чиқишларидан иборат фольклор жамоасининг концерт дастури йиғилганларни хушнуд этди.

О. ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn