Халқимиз даҳосининг тимсоли
  • 09 Апрель 2015

Халқимиз даҳосининг тимсоли

Мустақиллик йилларида миллий анъана ҳамда қадриятларимизни, улуғ аждодларимиз номини тиклаш, улар қолдирган бой меросни ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, буюк салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида ҳам амалий, ҳам назарий мерос қолдирган, илму фан, маданият, бунёдкорлик ривожига кенг йўл очган улуғ сиймо — Амир Темур номи юксак шарафланди. Президентимиз ташаббуси билан 1993 йилда пойтахтимизда ул зотнинг ҳайкали ўрнатилди. 1996 йил мамлакатимизда “Амир Темур йили” деб эълон қилинди. Соҳибқироннинг 660 йиллик тантаналари нишонланиши муносабати билан Тошкентда Темурийлар тарихи Давлат музейи очилди, Самарқанд ва Шаҳрисабзда ҳам ул зот ҳайкаллари қад ростлади. Буюк бобокалонимизнинг абадиятга дахлдор мероси, жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси халқаро миқёсда кенг ўрганила бошланди.
Амир Темур шахсиятига бўлган беқиёс ҳурмат борасида Президентимизнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида шундай дейилади: “Шахсан мен “Темур тузуклари”ни ҳар гал ўқир эканман, худдики ўзимга қандайдир руҳий куч-қувват топгандек бўламан. Ўз иш фаолиятимда бу китобга такрор-такрор мурожаат қилиб, ундаги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларнинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилганман. Масалан, “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлар бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга экани барчамизга аён”.
Жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб номланиши ва бу борада Давлат дастури қабул қилиниб, унда нуроний отахону онахонларни янада қадрлашга хизмат қилувчи эзгу мақсадлар кўзда тутилганлиги барчамизни қувонтиради. Айтиш жоизки, ёши улуғларга эҳтиром кўрсатиш, юртни обод этишга Амир Темур бобомиз ҳам алоҳида эътибор қаратган. Тарихдан маълумки, ул зот кўпгина Шарқ ва ўарб давлатлари ҳукмдорларига битган мактубларида, аввало, халқаро савдо-сотиқ ва тадбиркорларга катта имтиёзлар бериш лозимлиги, давлат тараққиётига айнан тадбиркорлар жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида алоҳида таъкидлаган. Қолаверса, соҳибқирон бобомиз қайси мамлакатда бўлсалар, аввало, у ердаги олиму фузалоларни, ҳаётнинг пасту баландини кўп кўрган қарияларни суҳбатга чорлаб, уларнинг маслаҳатларини олган, кўмак берган. 
Буюк Ипак йўлида ўз дипломатик вазифасини бажарган Руи Гонсалес де Клавихо ўзига ва Миср элчиларига кўрсатилган эътибор ҳақида алоҳида эслатиб ўтган. Масалан, Миср элчилари 20 нафарга яқин ҳарбий суворий қўриқчилигида Самарқандга йўл олишади. Клавихонинг маълумотларига кўра, уларнинг от-уловлари  ҳар куни янгисига алмаштириб турилган, бир кунлик масофанинг сўнгида баъзан 100 та, баъзан 200 та янги от тайёрлаб турилган. “Бундай отлар кимсасиз жойларда ҳам тайёрлаб қўйилган. Кимсасиз ерларда Амир Темур фармони билан махсус мусофирхоналар барпо этилган. Отларни боқиб парваришловчи махсус анчо (отбоқарлар) гуруҳи мавжуд бўлган”, дея ёзади Клавихо. 
Бобокалонимизнинг саъй-ҳаракати билан Буюк  Ипак йўли илм-фан тараққиётида муҳим ўрин тутган. Кўплаб мамлакатлардан келган ва турли томонларга юртимиздан кетган олимлар, сайёҳлар, ҳатто савдогарлар ҳам бир вақтнинг ўзида илм-фан даракчилари бўлиб хизмат қилганлар. Буюк Ипак йўлида жойлашган шаҳарларнинг маданий жиҳатдан бошқа шаҳарларга нисбатан равнақ топганлигининг сабабларидан бири ҳам шундадир.
Амир Темур улкан салтанатни вужудга келтирган. Бунёдкорлик, ободончилик, ҳунармандчилик ривожига катта эътибор қаратган. Жумладан, карвон йўлларида работлар, қалъалар, кўприклар, шаҳарларда масжид ва мадрасалар ҳамда боғу бўстонлар барпо эттирган. Шарқ билан ўарбни боғловчи қадимий карвон йўлларини тиклаган. Шу тариқа нафақат Мовароуннаҳр, балки Узоқ ва Яқин Шарқ мамлакатларининг бири-бири билан ҳамкорлик қилишига улкан ҳисса қўшган.
Амир Темур ҳаётлик давридаёқ унинг ҳарбий санъати ва давлат бошқариш услубига бағишланган махсус асар яратилиб, у “Темур тузуклари” номи остида оламшумул шуҳрат қозонади. Бу асар шахсан Темурнинг ўзидан ёзиб олинган, деб ҳисобланади. Унда давлатни бошқаришда кимларга таяниш, тожу тахт эгаларининг йўналиши ва вазифалари, вазир ҳамда қўшин бошлиқларини сайлаш, сипоҳларнинг маоши, мамлакатни идора этиш тартиби ва бошқалар хусусида баён этилган. Ушбу ноёб асарнинг Президентимиз ташаббуси ва сўзбошиси билан қайта нашр этилгани эса маънавий ҳаётимиздаги улкан воқеа бўлди. 
Амир Темур шахси Ватан ва миллат тимсолидир. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: “Буюк шахсларни тарих яратади, дейдилар. Бунга қўшимча қилиб соҳибқирон бобомизнинг суронли ҳаётини хаёл кўзгусидан ўтказиб, буюк шахсларни миллат қайғуси, халқ дарди яратади, дейиш мумкин. Умрининг мазмунини “Миллатнинг дардларига дармон бўлишдан иборат” деб билган Амир Темур халқимизнинг ана шундай ардоқли, улуғ фарзандидир”.

Хуршид ФАЙЗИЕВ,
Темурийлар тарихи Давлат музейи директори,
тарих фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn