Испанияда бўлиб ўтган тадбир Амир Темур таваллудининг 679 йиллигига бағишланди
  • 09 Апрель 2015

Испанияда бўлиб ўтган тадбир Амир Темур таваллудининг 679 йиллигига бағишланди

Испания пойтахтида “Амир Темурнинг жаҳон тарихидаги ўрни” мавзуида семинар бўлиб ўтди. Соҳибқирон таваллудининг 679 йиллигига бағишланган ушбу тадбир мамлакатимизнинг Мадриддаги элчихонаси томонидан Сан-Пабло университети ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Испаниянинг тарихчи олимлари, Сан-Пабло университетининг профессорлари, ўқитувчи ва талабалари қатнашди.

Семинар чоғида ўзбек давлатчилигининг тарихан шаклланишига Амир Темур қўшган ҳисса, унинг сиёсий, ҳарбий ва дипломатик фаолияти билан боғлиқ масалалар мулоқотларнинг асосий мавзуи бўлди. Қайд этилганидек, соҳибқирон нафақат буюк давлат арбоби ва саркарда, балки санъат, маданият, адабиёт ҳамда меъморчиликнинг ҳомийси сифатида ҳам дунё тарихида жуда катта ва ўчмас из қолдирди.
Сан-Пабло университети профессори Антонио Маркос Алонсо ўз чиқишида тадбир иштирокчилари эътиборини Ўрта асрларда Европа минтақасида тинчлик ва осойишталикнинг сақланишида Амир Темурнинг ўрни ва аҳамияти масаласига қаратди.
— 1402 йили  Анқара остонасида  бўлган жангда Султон Боязид II устидан ғалаба қозонганидан сўнг ўарб мамлакатлари Амир Темур қиёфасида Европа халоскорини кўришди, — деди испаниялик олим. — Ўша давр адабиёти ва тарихшунослигидаги Амир Темур шахсига нисбатан катта қизиқишнинг сабаби ана шундадир.
Тадбир чоғида Амир Темурнинг давлат бошқаруви ҳамда дипломатиясидаги ўзига хосликларга, Темурийлар сулоласининг тарихий-маданий мероси ва замонавий Ўзбекистонда улар сиймосига муносабат масалаларига катта қизиқиш кузатилди.     
— Амир Темур буюк давлат арбоби, дипломат ҳамда илм-фан ва санъат ҳомийси сифатида тарихга кирган, — деди профессор Антонио Маркос Алонсо “Жаҳон” ахборот агентлигига берган интервьюси чоғида. — Ўзбек халқининг бу улуғ ўғлони шахс сифатида бугунги кунгача тарихчилар ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда. Жумладан, испан тарихчиларида ҳам. Менинг ўйлашимча, бунинг сабаби Кастилия қироли Энрике III томонидан Самарқандга юборилган элчи Руи Гонсалес де Клавихонинг дипломатик миссияси испан — ўзбек муносабатларининг ўрнатилиши ва мустаҳкамланиши тарихида муҳим ўрин тутади.
— Ҳозирги пайтда Амир Темурнинг тарихий сиймосини ўрганишга бағишланган докторлик диссертацияси устида иш олиб бормоқдаман, — деди илмий тадқиқотчи Матильда Баторет. — Шубҳасиз, Амир Темур буюк тарихий шахсдир. Унинг санъат ва меъморчилик ҳомийси сифатида қолдирган мероси менда жуда катта таассурот уйғотди. “Бизнинг қудратимизга шубҳа қилганлар биз қурган иморатларга боқсунлар”. Бу сўзлар бир неча юз йиллардан бери Амир Темур ва унинг авлодлари даврида барпо этилган гўзал меъморий иншоотларнинг деворларида ўз ифодасини топмоқда.
Шунингдек, бўлиб ўтган тадбир чоғида унинг қатнашчилари Ўзбекистон ва Испаниянинг турли йўналишлардаги икки томонлама муносабатлари ҳолати ва уларнинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашдилар.

«Жаҳон» АА.
Мадрид

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn