«Амир Темур — буюк бунёдкор шахс»
  • 07 Апрель 2015

«Амир Темур — буюк бунёдкор шахс»

Шаҳрисабзда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 679 йиллигига бағишлаб “Амир Темур — буюк бунёдкор шахс” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, Халқаро Амир Темур жамғармаси вилоят бўлими ҳамда Шаҳрисабздаги Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда буюк бобокалонимиз томонидан амалга оширилган яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз юритилди.

Дарҳақиқат, ўз даврида Мовароуннаҳрда марказлашган давлат тузган Амир Темур дастлабки кезларданоқ бунёдкорликка алоҳида эътибор қаратган. Илм-фан ва маънавият аҳлини ардоқлаб,  уларга ҳомийлик қилган. Кўплаб мадрасалар, кутубхоналар қурдирган.
— Бобокалонимиз Амир Темур нафақат ўз юртида, балки қадами етган жамики жойда мустаҳкам иморатлар, сарой ва мақбаралар барпо қилиб, кўприк ҳамда йўллар бунёд эттирган, — дейди Амир Темур номидаги моддий маданият тарихи музейи директори, тарих фанлари номзоди Наби Хушвақтов. — Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари ҳам бунинг исботидир.
Соҳибқирон томонидан 1380 йилда қурилиши бошланган Оқсарой Ўрта асрларнинг Евроосиёдаги энг машҳур меъморий ёдгорлиги бўлиб, ҳали археологик жиҳатидан тўлиқ ўрганилмаган объектлар сирасига киради. Унинг коммуникация тизими аждодларимизнинг бунёдкорлик соҳасидаги юксак ақл-заковатидан дарак беради. Сарой ҳовлисидаги фавворалар, ҳовузлар ва горизонтал мозаика қопламалари нафақат маҳаллий, балки европалик элчиларни ҳам ҳайратга солгани испаниялик Руи Гонсалес де Клавихонинг эсдаликларида қайд этилган.
— Амир Темур даврида бунёдкорлик ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилган, — дейди Халқаро Амир Темур жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Исмоил Тўхтамишев. — Дастлаб салтанат пойтахти Самарқандни дунёнинг энг гўзал ва обод шаҳрига айлантириш, улуғворлигини кўрсатиш учун атрофида жаҳоннинг машҳур шаҳарлари номлари билан аталган, боғ-роғларга чулғанган қишлоқлар барпо қилдирди.
Албатта, бобокалонимиз амалга оширган кўплаб яратувчанлик ва эзгуликка йўғрилган ишларни ўрганиш бугунги ёш авлод камолотида муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганидек, “Амир Темур шахсини идрок этиш — тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш — ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш — тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келажагимизни, ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир”.
Анжуман иштирокчилари  Амир Темур таваллуд топган Яккабоғ туманидаги Хўжаилғор қишлоғида бўлиб, темурийлар даврига оид ёдгорликлар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдилар.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Хушкайфият улашди Доиранинг дилкаш садоси »