«Баҳор симфонияси» дилларга завқ бағишлади
  • 26 Март 2015

«Баҳор симфонияси» дилларга завқ бағишлади

“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 25 март куни Ёшлар йиғма симфоник оркестри ва истеъдодли ёш опера ижрочилари иштирокида “Баҳор симфонияси” деб номланган концерт бўлиб ўтди.

Унга давлат ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш учун келган чет эллик меҳмонлар, мусиқа ихлосмандлари таклиф этилди.
Инсон маънавиятини юксалтириш, унинг қалби ва онгида эзгу ғояларни қарор топтириш, миллатлар ва халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни,    маданий-маърифий ришталарни мустаҳкамлашда мусиқа санъатининг аҳамияти беқиёс.
Мамлакатимизда мусиқа санъатининг барча йўналишларини изчил равнақ топтириш, соҳа вакилларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда турли танлов ва фестиваллар истеъдодли ёшларни аниқлаш, улар қалбида санъатга меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, қобилияти ва салоҳиятини намоён этиши учун кўмак бериш, ижодий ҳамкорликни кенгайтириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Юртимизнинг турли ҳудудларида жаҳон андозаларига жавоб берадиган олий, ўрта махсус таълим, маданият ва санъат масканлари барпо этилиб, мавжудлари реконструкция қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлдаги  “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори навқирон авлоднинг бадиий-эстетик дидини тўғри тарбиялаш, кўплаб ёш истеъдодларни юзага чиқаришда янги уфқларни очиб берди.
Мусиқа таълимини сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга  олиб чиқиш борасидаги ислоҳотлар самарасида Ўзбекистон ёшлари ҳар йили нуфузли халқаро кўрик-танловлар, санъат фестиваллари, концертларда муваффақият қозониб, совринли ўринларга сазовор бўлмоқда.       
Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказилаётган “Шарқ тароналари”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Тошкент баҳори” каби нуфузли фестиваллар истиқлол йилларида мусиқа санъатининг барча йўналишида эришилган улкан ютуқ ва марраларни мухлисларга намоён этишда, бу борадаги ижодий мулоқотни янада кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бунинг самарасида ўзбек дирижёрлик, созандалик, вокал, бастакорлик, опера ижрочилиги мактаблари анъаналари янада бойиб бормоқда. “Competizione dell‘Opere” опера ижрочилари халқаро танлови, “Ёшлик баҳори” санъат фестивали, “Она юрт оҳанглари”, “Созлар навоси” каби ёш мусиқачилар танловларининг муваффақиятли ташкил этилаётгани янгидан-янги истеъдод соҳибларини кашф этиш билан бирга, ўзбек мусиқа санъатининг жаҳон миқёсидаги ихлосмандлари тобора ортиб боришида муҳим омил бўлмоқда. “Ниҳол” мукофотининг таъсис этилгани мусиқанинг барча йўналишлари бўйича ёш истеъдодларни аниқлаш, уларни кенг жамоатчиликка таништириш, ижодини янада юқори босқичга кўтаришда алоҳида аҳамият касб этмоқда.
...“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройи мусиқа ихлосмандлари билан гавжум. Камалакранг нурлар, ранг-баранг чироқлар саройга янада жозиба, шукуҳ бағишлайди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон миллий симфоник, камер, халқ чолғулари оркестрлари жамоалари бирлашмаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур концертдан кўзланган мақсад навқирон авлодни миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг юксак намуналаридан баҳраманд этиш, уларнинг истеъдодини камол топтириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, опера санъатини ёшлар ўртасида кенг оммалаштиришдан иборатдир.
Ёшлар йиғма симфоник оркестри ҳамда опера ижрочилари таркибида нуфузли халқаро танловлар совриндорлари кўп. Раҳим Мирзакамолов, Рамз Усмонов, Женисбек Пиязов, Жаброил Идрисов, Маъсума Болтабоева, Барно Исматуллаева, Ширин Маматова, Милена Матмусаева каби истеъдодли опера ижрочилари билан бирга, Тоҳир Усмонов, Алина Қориева, Бобур Муҳаммаджонов, Даврон Ҳошимов сингари ёш мусиқачилар Франция, Италия, Австрия, Руминия, Беларусь, Қозоғистон  ва бошқа мамлакатларда ўтказилган халқаро танловлар, ижодий фестивалларда муваффақият қозонган. Бу ёшлар халқимизнинг  умидли юлдузларидир. Айни пайтда уларнинг ижроси, эришган ижодий ютуқлари мустақиллик йилларида юртимизда санъат ривожига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг нечоғли юксаклигидан дарак беради.
Жаҳон ва ўзбек композиторлари ижодидан энг сара намуналар, машҳур опералардан ариялар, куй-қўшиқларни томошабинлар ҳаяжон ва завқ билан кутиб олди. Жорж Бизенинг “Тореодор қўшиғи”, Лео Делибнинг “Гуллар дуэти”, Карл Орфнинг “Омад”, Томазо Альбионининг “Адажио” каби машҳур асарлари билан бирга, Манас Левиевнинг “Ўрик гуллаганда”, “Оқ лолалар” қўшиқлари, Сулаймон Юдаковнинг “Майсаранинг иши” операсидан Ҳожи дарға арияси томошабинларда унутилмас таассурот уй-ғотди. Мусиқа мазмунига уйғун тарзда саҳнадаги улкан монитор орқали намойиш этилаётган лавҳалар асар моҳиятини, унинг фалсафаси ва таъсирчанлигини янада яққолроқ англашга хизмат қилади. Кўкламнинг жозибаси ва гўзаллиги мусиқанинг сеҳрли ва мафтункор оҳанглари воситасида чинакам баҳор симфонияси тарзида саҳнага кўчганини ҳар бир томошабин дилдан ҳис этди.   
— Ўзбекистон бетакрор санъати ва маданияти билан ҳар қандай инсонни ўзига мафтун этади, — дейди Буюк Британиянинг “Earth Times” онлайн журнали муҳаррири Дэвид Армстронг. — Бундай муҳташам саройда истеъдодли ёш опера ижрочилари иштирокидаги концерт бизда катта таассурот уйғотди. Ўзбекистон ёшларининг жаҳонга машҳур композиторлар асарларини юксак маҳорат билан ижро этиши таҳсинга лойиқ.
— Мамлакатимизда истеъдод соҳибларига қаратилаётган эътибор бизни янада юксак марраларга ундайди, — дейди “Ниҳол” мукофоти совриндори Женисбек Пиязов. — Кўпгина халқаро танловларда иштирок этган бўлсам-да, жонажон Ўзбекистонимиздаги шундай маҳобатли саройда куйлаш биз учун шараф ҳамда улкан масъулиятдир.
— Биз, ёшларга кўрсатилаётган улкан ғамхўрлик юксак марралар сари интилишимизда муҳим омил бўлмоқда, — дейди Тошкент автомобиль-йўллар институти талабаси Ойшабону Анварова. — Концертда санъаткор тенгдошларимизнинг маҳоратидан ҳайратга тушдик. Бу концерт мамлакатимиз навқирон авлоди ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етаётганини яна бир бор намоён этди.  
Концертда жаҳон ва ўзбек опера санъатининг энг сара намуналари ижро этилди.

Назокат УСМОНОВА,
ЎзА мухбири.
Аъло АБДУЛЛАЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn