Бунёдкорлик ва эзгуликка муштарак байрам
  • 25 Март 2015

Бунёдкорлик ва эзгуликка муштарак байрам

Барчамиз энг ардоқли ҳамда асл миллий айём — Наврўзи оламни зўр хурсандчилик билан нишонладик. Юртимиз бўйлаб байрам шукуҳи кезиб юрган шу кунларда жойларда яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари қизғин давом этаяпти.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида ҳам бу борадаги тадбирлар янгича суръат олган. Мисол учун, шундоққина Нукус шаҳри марказидан оқиб ўтган “Дўстлик” канали бўйида олиб борилаётган ободонлаштириш, таъмирлаш ишлари, қиёфаси бутунлай ўзгараётган кенг ва равон йўллар, замонавий кўприклар, дам олиш масканлари ҳамда ёшлар марказлари ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмайди. Шуларга уйғун равишда ёш оилалар учун қурилган “Камолот” уйлари ўз эгаларига топширилаётир. Бундан ташқари, Нукус шаҳри, Қораўзак ва Тўрткўл туманларидаги маданият ҳамда аҳоли дам олиш марказлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Куни кеча Нукусдаги амфитеатрда ўтказилган байрам тадбирида ана шулар алоҳида эътироф этилиб, истиқболдаги долзарб вазифалар хусусида ҳам сўз юритилди. Айниқса, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши режалаштирилган эзгу ва хайрли ишлар ҳақидаги маълумотлар Оролбўйи аҳолиси кайфиятини кўтариб юборди. Унга кўра, жорий йилда ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дастури доирасида умумий қиймати 225 миллиард сўмлик бир қанча лойиҳалар рўёбга чиқарилади.
Чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик ва асаларичиликни янада ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарни фойдаланишга топшириш, янги боғлар барпо этиш ана шулар жумласидандир.
— Наврўз шодиёналари менга жуда ёқди, — дейди Жанубий Кореянинг “Лотте кемикал” компанияси қурилиш ишлари бўйича менежери Жонг Уан Чой. — Зеро, мазкур байрам кунларида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилар, ўз навбатида, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинар экан. Яна шуниси аҳамиятлики, ушбу айём кунлари миллий -рақслар, халқингизнинг бетакрор урф-одатлари ва анъаналарини кенг тараннум этиш орқали ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу жиҳатлари билан Наврўз биздаги -Миннатдорлик куни байрамига ўхшаб кетаркан.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқига бахт ва омад, муваффақият ҳамиша ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламан.
Янгиланиш ва яшариш айёми билан боғлиқ эзгу тадбирлар диёримизнинг ҳар бир гўшасида давом этмоқда.


Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn