Тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик ифодаси
  • 24 Март 2015

Тинчлик, ҳамжиҳатлик ва фаровонлик ифодаси

Истиқлол туфайли тикланган қадриятларимиз, урф-одат ва миллий байрамларимиз орасида Наврўзи оламнинг ўрни, завқу шавқи бўлакча. Меҳр-оқибат, эзгулик, саховат ҳамда мурувват тимсоли саналмиш ушбу айём халқимизнинг азалий анъаналарига ҳамоҳанглиги билан янада қадрлидир.

Зеро, давлатимиз раҳбарининг Наврўз табригида айтилганидек, айни шу кунларда маҳалла-кўй дошқозонлар атрофида жамулжам бўлиб, аёлларимиз, момоларимиз тунни тун демасдан, ҳеч чарчамасдан, эзгу ният, завқ ва хурсандчилик билан инсонга куч-қувват берадиган сумалак ва ҳалим, кўксомса ва гўжа каби тансиқ неъматларни тайёрлаб, уларни ўз оиласи ва дўсту биродарлари билан баҳам кўриши каби ота-боболаримиз, аждодларимиздан қолган бетакрор анъана ва одатларимиз юртимизга, уйларимизга кириб қолгандек, ўзимизни эса атроф-табиатимизнинг ажралмас бир қисмидек ҳис қиламиз.
Байрам муносабати билан юртимизнинг барча ҳудудида ободончилик ҳамда бунёдкорлик ишлари кенг қулоч ёзиб, ён-атроф янада чирой очмоқда. Ўтказилаётган турли тадбирларда Наврўзнинг бетакрор фазилатлари эътироф этилаётир.
Жумладан, Сурхондарё вилоятида ҳам минг йиллик қадриятларимиз билан уйғунлашиб кетган янгиланиш ва яшариш айёмига қишлоқлар, маҳалла ва гузарларда пухта тараддуд кўрилди. Байрам муносабати билан ташкил этилган умумхалқ ҳашари кунлари маҳалла-кўй, ҳовлилар ободонлаштирилиб, гул ва мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Вилоят аҳлининг ҳамжиҳатлиги, иноқлиги, Наврўзга интиқлиги кўзга янада яққол ташланди.
Термиз шаҳридаги “Алпомиш” мажмуасида Наврўзга бағишланган тантанада вилоят ҳокими Т. Маматраимов сўзга чиқиб, воҳаликларни ҳамда тантанага ташриф буюрган меҳмонларни қутлуғ айём билан қизғин муборакбод этди.
“Амир Темур” ордени билан мукофотланган Термиз шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, жорий йилда вилоят туманларида қишлоқ аҳолиси фаровонлигини таъминлаш мақсадида намунавий лойиҳадаги 877 та тураржой қурилиши тугалланиб, янги уйлар эгаларига топширилаётгани таъкидланди.
Ўтган йили вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 6,77 триллион сўмни ташкил этди. Бунга янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, мавжуд корхоналарни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш орқали эришилди. Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 8,2 фоизни ташкил қилди. Йил давомида саноатда салкам 1,422 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шунингдек, қиймати 142,3 миллиард сўм бўлган 455 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилиб, ўтган давр мобайнида 9 турдаги янги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида барча манбалар ҳисобидан 14 та янги объект ишга туширилди. Хизматлар соҳасида кўплаб савдо ва умумий овқатланиш, тикувчилик, сартарошхона, суратхона, пойабзал, маиший техника ҳамда автомобилларни таъмирлаш устахоналари ва бошқа турдаги хизмат шохобчалари ташкил этилди.
Наврўз  нафақат янгиланиш, яшариш, балки эзгулик, меҳр-оқибат байрами ҳам саналади. Бу айём арафасида биргина “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти бўлими томонидан 926 нафар кам таъминланган, кўп болали оилалар, якка-ёлғиз ва  ногиронларга жами 110 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. 177 нафар якка-ёлғиз кексаларнинг уй-жойларини таъмирлашга 87 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Шодиёналар энг чекка қишлоқларни ҳам қамраб олгани, дошқозонларда сумалак, ҳалим каби баҳорий таомлар тайёрланиб, сайиллар уюштирилгани алоҳида эътиборга молик.
Байрамнинг асосий тадбири эса “Кўҳна ва боқий Бухоро” маданий марказида бўлиб ўтди. Бу ерда ҳунармандлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, мактаблар,  миллий маданий марказлар томонидан кўргазмалар ташкил этилди. Бадиий ҳаваскорлик дасталарининг чиқишлари барчани айём сайлига чорлади. Хусусан, маданий марказдаги амфитеатр меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар билан гавжум бўлди. Вилоят ҳокими М. Эсанов йиғилганларни баҳорнинг энг фусункор байрами билан табриклади.
— Тадбир менда жуда катта таассурот қолдирди, — дейди Бухоро шаҳридаги 39-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг ўқувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси  Ситорабону Исматова. — Ўзбекистонимизга байрамлар ярашади. Биз, ёшлар шундай жаннатмонанд юртда яшаётганимиздан ғурурланамиз. Ватанимизга муносиб фарзанд бўлмоқ  асосий мақсадимиз, бурчимиздир.
Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида ҳам “Нурафшон юртимга хуш келдинг, Наврўз!” деб номланган театрлаштирилган катта бадиий-мусиқий концерт томошалари бўлиб ўтди.
Энг қадимий ва ардоқли байрамимиз — Наврўз уйғониш, яшариш ҳамда янгиланиш, қизғин меҳнат ва бунёдкорлик айёми сифатида юртимизда асрлар бўйи эъзозлаб келинади. Ўзаро меҳр-оқибат, қадр-қиммат, хайр-саховат каби эзгу фазилатлар рамзи сифатида бугунги кунда ҳам одамлар ўртасида кўтаринки руҳда нишонланаётган Наврўз мустақиллик йилларида халқимизнинг маънавий юксалиш тимсолига айланди.
Шаҳар марказидаги амфитеатрда ташкил этилган тадбирни вилоят ҳокими З. Рўзиев табрик сўзи билан очди.
Бугун вилоятнинг шаҳар ва туманларида Наврўз шодиёналари шукуҳи кезиб юрибди. Байрам тадбирларида турли халқ ўйинлари, сумалак сайиллари, лапару айтишувлар, айниқса, ўлмас қадриятларимизни намойиш этишга кенг ўрин берилмоқда.
“Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ҳамда Наврўз байрами доирасида  хайрия тадбирлари ҳам ўтказилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва боқувчисини йўқотган оила фарзандлари, кам таъминланган оилаларга давлатимиз, корхона ҳамда ташкилотлар, тадбиркорлар томонидан ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилди. Ёлғиз қариялар, ногиронлар, беморлар ҳолидан хабар олинмоқда. Саховат ҳамда Меҳрибонлик уйларида, Мурувват масканларида хайрия тадбирлари давом этаяпти.
Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, олис қишлоқларида Наврўз байрами тадбирлари умумхалқ сайли сифатида нишонланди. Регистон майдони, университет хиёбони, Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғида, қўйингки, кўҳна кентнинг ўндан ортиқ жойида шодиёналар кўтаринки руҳда ўтди.
Шаҳардаги “Мўъжиза” амфитеатрида уюштирилган тадбирда вилоят ҳокими З, Мирзаев йиғилганларни байрам билан қутлади ва шу дориламон кунларда мамлакатимизда, шу жумладан, вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига алоҳида тўхталди.
Вилоятдаги бадиий ҳаваскорлик жамоалари, фольклор-этнографик ансамбллари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари, шунингдек, пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги санъаткорлар, ёшлар томонидан ижро этилган халқ оғзаки ижоди термаларидан намуналар, она-Ватанни, тинчликни, обод ва озод юртимизни мадҳ айлаган куй-қўшиқлар барча-барчага қувонч улашди.
— Байрам нафақат вилоят маркази, балки туманларда ҳам қизғин ўтди, — дейди Пастдарғом туманидаги 44-умумтаълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Феруза Олтибоева. — Хусусан, мактабимиздаги шодиёналарда нафақат педагог ва ўқувчилар, балки бутун қишлоқ аҳли ташриф буюриб, Наврўз айёмини нишонлади.
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ўтган Наврўз тантаналари эрта тонгда Олим Хўжаев номли вилоят мусиқали драма -театри майдонида ош тортилиб, халқимизнинг азалий қадриятларидан бўлмиш кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдан бошланди. Нуронийлар юртга тинчлик, фаровонлик, ободлик тилаб дуога қўл очдилар.
Сўнгра байрамнинг асосий томошалари “Гулистон” стадионида бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими О. Ашурматов  сўзга чиқди.
— Наврўз — эзгулик тимсоли, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, аҳиллиги ифодаси, — дейди меҳнат фахрийси Анвар Тоғаев. — Бинобарин, Наврўз фалсафаси замиридаги бу инсоний қадриятлар ҳамюртларимизнинг шодон чеҳраларида, юртимизнинг обод ва кўркам қиёфасида яққол акс этади. Бу хурсандчилик ҳамда ободликлар халқимизни бунёдкорликка илҳомлантирувчи ушбу айём шукуҳига янада шукуҳ қўшаётганлиги эътиборлидир.
Байрам шодиёналари шаҳар истироҳат боғи, кўча ва хиёбонларида давом этди. Шунингдек,  вилоят шаҳар ва туманларида  ташкил этилган тадбирлар ҳам иштирокчиларга олам-олам завқ улашди.
Хоразм вилоятида янгиланиш, яшариш ва эзгулик байрами — Наврўзи олам кўтаринки кайфият, ўзгача шодиёна билан кенг нишонланди. Хоразмликлар бу айёмни ҳар доимгидек бунёдкорлик борасида улкан ютуқлар билан қаршилаб, катта кўламда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширдилар. Наврўз айёмига тайёргарлик кўриш мақсадида ўтказилган, халқимизнинг меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этган умумхалқ ҳашарида уюшқоқлик билан қатнашдилар.
Жумладан, 3 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди, ариқ ва зовурлар тозаланиб, кўчаю хиёбонлар тартибга келтирилди. Мевали ҳамда манзарали дарахтлар ўтқазиш ишлари қизғин тус олди.
Вилоятда ўтган икки йил давомида 846 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилганлиги, хусусан, “Урганч” халқаро аэропортининг 300 ўринли учиб келувчилар зали ва 300 ўринли учиш зали бинолари, “Ёшлар кўли” реконструкция қилингани, Тошкент ахборот-технологиялари университети Урганч филиалининг янги биноси, Туризм ва меҳмонхона хизмати касб-ҳунар коллежи, Урганч шаҳридаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаблари янгидан қурилиб ишга туширилганлиги байрам кайфиятини янада оширди.
Урганч шаҳридаги “Авесто” боғ-мажмуасида бўлиб ўтган асосий тантаналар халқимизнинг бой маънавий дунёси тўлалигича акс этгани билан хоразмликлар учун унутилмас бўлди. Вилоятда Наврўз шодиёналари давом этмоқда.
Миллий  қадриятларимиз кўрки саналган Наврўз айёми Наманган вилоятининг шаҳар ва қишлоқларига  ҳам ўзгача шукуҳ олиб кирди. Кун сайин чирой очиб бораётган бу гўшада  қурувчилар бир қатор  янги иншоотларни байрам совғаси сифатида фойдаланишга топширдилар. Улардан бири Наманган шаҳрида барпо этилган “Шодлик” савдо марказининг уч қаватли муҳташам биносидир. Бу ерда аҳолига замонавий савдо хизмати кўрсатишнинг энг қулай имкониятлари яратилган. Поп туманининг Чоркесар қишлоғида фойдаланишга топширилган мева-сабзавотларни қайта ишлаш корхонаси, Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғида  ишга туширилган сунъий қопламали минифутбол майдони ва бошқа кўплаб иншоотлар ҳам  байрамни зўр кўтаринкилик билан кутиб олаётган кўнгилларни янада шодлантириб юборди.
Наврўзнинг асосий тантаналари гуллар шаҳридаги “Кичкинтойлар боғи”нинг ёзги томошагоҳида ташкил этилди. Унинг иштирокчилари таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар томонидан  тайёрланган   “Ўлкамизга хуш келдинг, Наврўз!” театрлаштирилган бадиий дастури орқали қадимий ва навқирон айём тасвирланган  лавҳаларни мириқиб томоша қилдилар, мумтоз ҳамда замонавий куй-қўшиқларни тинглаб, ажойиб рақслардан баҳра олдилар. Пойтахтдан ташриф буюрган эстрада хонандалари ва сўз усталарининг чиқишлари тадбирга ўзгача мазмун бахш этди.
Байрам муносабати билан туман марказлари ва қишлоқларда ҳам тантанали маросимлар ташкил этилиб, жойларда Наврўз дастурхони ёзилди, маҳаллаларда сумалак қайнатилиб, ҳалим пиширилди.  Маҳаллий ҳокимият, меҳнат жамоаларининг вакиллари, ҳомийлар ҳамда саховатпеша кишилар 4000 дан ортиқ қариялар, якка-ёлғиз яшаётган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож -маҳалладошлари хонадонига совғалар  билан кириб бориб, дилларга қувонч улашишди.
Тун ва кун тенг келадиган фараҳбахш айём — Наврўзи оламни Тошкент вилояти аҳли ҳам шоду хуррамликда,  катта орзу-умидлар билан қаршилади. Эзгу ниятни кўнгилга туккан деҳқон даласига йўл олди, иморатларнинг тамал тоши қўйилди, чор-атрофда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш  ишлари авжига чиқди. Бинобарин, бу шукуҳли дамларда қилинган ҳар бир хайрли иш йил бўйи инсонга зеб бағишлайди, ҳаётини серфайз ва нурафшон қилади.
Айём арафасида жойларда янгитдан барпо этилган 10 дан ортиқ соғлиқни сақлаш, таълим, болалар спорти иншоотлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 100 га яқин гузар ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари фаолият бошлади. Ёш оилалар учун замонавий тураржойлар қуриб битказилди.
Асосий тантаналар бўлиб ўтган Юқори Чирчиқ туманидаги “Дўстлик” майдони турфа ранг гуллар, миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз акс этган тасвирий лавҳалар, халқ ҳунармандчилигининг беқиёс намуналари билан безалди.
Вилоят ҳокими А. Усмонов бу ерга йиғилган вилоят фаоллари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари, ишлаб чиқариш илғорлари, илм-фан, маданият ва спорт соҳаси вакиллари ҳамда  эртамиз эгалари бўлган ёшларни Наврўзи олам билан самимий қутлади.
Театрлаштирилган катта томоша дастурида вилоятдаги бадиий жамоалар, рақс, фольклор-этнографик дасталар иштирокида кўп миллатли вилоят аҳлининг ёруғ истиқболи, эришаётган муваффақиятлари, бугунги дориламон кунлар шукуҳи тараннум этилди. Санъат усталарининг жозибадор куй-қўшиқлари кечага ўзгача файз ва тароват бағишлади.
Наврўз шодиёналари Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятларнинг барча шаҳар ҳамда туманларида ҳам давом этаяпти.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn