Азалий ва боқий қадриятлар синоати
  • 23 Март 2015

Азалий ва боқий қадриятлар синоати

Жилғалар осмонўпар чўққилардан бошланади. Пастга қараб оқаётган  ирмоқлар бир-бирига қўшилиб, чор-атрофга обиҳаёт, ризқ улашади. Қурама ва Чотқол тоғ тизмаларининг этагидаги жаннатмонанд водий — Оҳангарон замини ҳам неча асрларки, юзлаб тоғ жилғаларининг ёқимли садоларига жўр бўлиб келаётгандек, гўё...

Кўҳна воҳанинг сўлим Қорахитой қишлоғида ижод қилаётган “Чашма” фольклор-этнографик жамоаси фаолияти билан танишсангиз, хаёлингиздан ана шундай фикрлар кечиши, шубҳасиз. Жамоа ижросидаги халқ қўшиқлари, маталу лапарлар, ўлану айтишувларни тинглаб, лагану тоғора ўйинларини кўриб, завқингиз келади. Инсон ва табиат ўртасидаги уйғунликни янада теранроқ ҳис этасиз.
Бинобарин, ҳар йили Телов адирлари, Сусам боғлари, Увак кенгликларидан қор кетиб, майсалар юз очар-очмас, “чашма”чилар Наврўз шодиёналарини бошлаб юборади. Жамоа ёшлари бир-бирига баралла қўшилганча “Азим қишлоқ Қорахитой, жаннат сенсан, ҳойнаҳой” деб лапар бошларкан, бу ёқимли оҳанг қир-адирлар акс садоси билан қишлоқ одамлари кўнглига оқиб киради. Қалбларда Ватан ишқини, байрамлари ўзига ярашган мана шу тинч, осойишта заминдан фахрланиш ҳиссини жўш урдиради.    
Қувонарлиси, юртимизда истиқлол йилларида миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган халқ ижодиёти дурдоналари — асрий анъана ва урф-одатлар, оғзаки ижод, томоша санъати каби асл қадриятларимиз эъзоз ва эътибор топди. Уларни янада сайқаллаштириш, келгуси авлодларга бекаму кўст етказиш борасидаги илмий-методик фаолият кўламлари беқиёс даражада кенгайди. Номоддий маданий меросни асраб-авайлашнинг қонуний асослари мустаҳкамлангани, фольклор-этнографик ансамбллар, бадиий ҳаваскорлик жамоалари фаолияти учун соғлом ижодий муҳит, муносиб шарт-шароит яратиб берилаётгани, улар ижоди муттасил рағбатлантирилаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Ана шу эътибор туфайли миллий фольклор санъатимиз нафақат юртимизда, балки хорижий саҳналарда ҳам дадил намойиш этилиб, минг-минглаб ихлосмандлар олқишига сазовор бўлмоқда. Айниқса, Вазирлар Маҳкамасининг “2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2010 йил 7 октябрда қабул қилинган қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича руҳ, мазмун ва моҳият бағишлади.
“Чашма” халқ бадиий ҳаваскорлик жамоаси ҳам худди ана шу ҳаётбахш эътибор учқунлари тарала бошлаган кезларда дунёга келди. Том маънода истиқлол меваси бўлган жамоанинг фаолият бошлаганига йигирма йилдан ошди. Шу фурсат мобайнида “Чашма”нинг бир қишлоқчалик довруғи Оҳангарон воҳаси оша чор-атрофга ёйилди.
Жамоа дастлаб Қўқон шаҳрида халқ оғзаки ижоди намуналарини тарғиб этиш мақсадида ташкил қилинган анжуманда қатнашиб, эътиборга тушди. Шундан сўнг унинг мамлакат бўйлаб ижодий сафарлари бошланиб кетди.  ЮНЕСКО ташаббуси билан уюштирилган “Бойсун баҳори” фестивали, “Барҳаёт анъаналар”, “Кўҳна замин оҳанглари”, “Ўлан айтгали келдик...” каби турфа кўрик-танловлар жамоа учун катта ижодий мактаб вазифасини ўтади. Пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ипак йўлида туризм” Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркасида ҳам ўз бадиий дастурларини намойиш этган жамоа хорижлик меҳмонларни мафтун қилди. Ўтган йили пойтахтимиздаги Ўзбекистон Миллий боғида ўтказилган Наврўз тантаналаридаги иштироки эса жамоа аъзоларига янги куч ва илҳом бағишлади. Мустақиллигимизнинг 21 йиллик байрами арафасида жамоанинг бадиий раҳбари Дилдора Йўлдошева “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
— Камтарона меҳнатимиз бундай катта эътиборга лойиқ кўрилганидан бениҳоя мамнунмиз, — дейди у. — Қирқдан ортиқ оҳангаронлик санъатсевар йигит-қизларни ўзида жамлаган ансамблимиз ҳамон ижодий изланишда. Ўз репертуаримизни бебаҳо меросимизнинг янги-янги дуру жавоҳирлари билан бойитаяпмиз. Хусусан, Наврўз байрамига атаб янги дастур тайёрладик. Айниқса, жорий йил мамлакатимизда “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилинганидан руҳланиб, дастурларимизни хонадонларимизнинг файзи ва фариштаси бўлган отахону онахонларимизга иззат-икром кўрсатишдек олижаноб фазилатларимизни тарғиб қилувчи, шу билан бирга, оила бахти, қувончини тараннум этувчи томошалар билан бойитаяпмиз. Уларни баҳор сайилларида, шунингдек, юртимиз ҳудудлари бўйлаб ижодий сафарларимизда фольклор санъати ихлосмандларига намойиш қилиш ниятидамиз.
Дарвоқе, репетиция жараёнида қурамача зардўпписи ўзига ярашиб турган малласоч қизалоқ эътиборимизни тортди. У жамоанинг янги аъзоларидан бири, айни пайтда тумандаги 54-умумтаълим мактабининг еттинчи синф ўқувчиси Арина Журавлёва экан.
— Ўзбек халқ термалари, қўшиқ ва достонлари, ўйину рақслари — жону дилим, — дейди Арина. — Шунинг учун ҳам “Чашма” сафига қўшилдим. Бу менга ўзбек тилини мукаммал ўрганиб, асл жозибасини ҳис қилишимда катта ёрдам бераяпти.
Жамоанинг мақсади эзгу. Ўйноқлаб оқаётган тоғ жилғалари атрофга фусункорлик бахш этгани каби “Чашма” ҳам ўз ижоди ва изланишлари билан азалий ҳамда боқий қадриятларимизга чанқоқ дилларга баҳорий кайфият улашиш ниятида.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Замонавий маданият маркази Сумалак сири »