Янгиланиш, яшариш ва эзгулик айёми
  • 22 Март 2015

Янгиланиш, яшариш ва эзгулик айёми

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бўлиб ўтган Наврўз байрами тантаналаридан репортаж

Баҳорнинг илиқ тафти туфайли ён-атроф, борлиқ, бутун табиат ўзгача чирой ва кўркам қиёфага кириб бормоқда. Дов-дарахтлар гуллаши, қушларнинг чуғур-чуғури уйғониш фаслининг аллақачон одамзод қалбига жойлашиб олганидан дарак беради. Шу боис бетакрор шодиёна — Наврўзи оламга хушу хурсандчилик билан пешвоз чиқаяпмиз. Дилларда меҳр-оқибат, эзгулик, саховат, мурувват каби ўлмас фазилатлар жўш урмоқдаки, буларнинг барчаси халқимизга хос қадриятдир.

Зеро, “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда таъкидланганидек, неча минг йиллар давомида азалий қадриятларимизни ўзида мужассам этиб, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб келаётган Наврўзнинг истиқлол йилларида ҳаётимиздаги ўрни ва моҳияти тобора ошиб бормоқда. Халқимиз учун табиат уйғониши, шарқона янги йилнинг бошланиши, асл миллий, энг ардоқли байрам бўлмиш Наврўз айёмини юртимизнинг барча ҳудуд ва минтақаларида ҳар томонлама чуқур тайёргарлик билан кутиб олиш ҳамда нишонлаш эзгу, бир сўз -билан айтганда, табиий анъанага айланиб қолди.

Бугун ҳар қанча шукроналар айтсак, умримизнинг ҳар куни, соати, дақиқасини Ватан тараққиёти йўлида сафарбар этсак, арзийди. Тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш энг муҳим бурчимиз эканлигини унутмоқликка асло ҳаққимиз йўқ. Негаки, хотиржам юртга байрамлар, тўй-томошалар, хурсандчиликлар ярашади. Бинобарин, бугун эл-улус қалбида бунёдкорлик кайфияти барқарорлиги, жойларда яратувчанлик юмушлари қизғин давом этаётгани, беморлар ҳолидан хабар олиниб, муҳтожларга кўмак берилаётгани ҳам тинчлик шарофатидандир.

Айни пайтда мамлакатимизнинг барча жойларида бўлганидек, пойтахтимиз кўчалари, маҳаллалари Наврўзга монанд қиёфага кирган. Хусусан, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи байрамга хос тарзда кўркамликка бурканган.

21 март. Муаззам майдонга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, муҳтарам отахону онахонлар, фан, маданият, санъат, спорт намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрган.

Миллий боғ йўлаклари бўйлаб турли қандолат, ноз-неъматлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари -намойиши ташкил қилинган. Сумалак, ҳалим, кўксомса сингари Наврўз таомларини кўриб, дилда шукрона уйғонади. Булар юртимиздаги фаровонлик, файзу бараканинг ўзига хос ифодаларидандир.

Муҳташам саҳнада жонажон Ўзбекистонимизнинг мафтункор, гўзал табиати, замонавий уйлар, лолазорлар, яшнаган чаманзорлар жамоли, турфа безаклар, ранг-баранг шарлар, ленталар акс этганини кўриб, осмони мусаффо, замини ҳосилдор, суви зилол, тупроғи табаррук шундай гўзал -юртда яшаётганинг билан фахрланасан киши...

Соат 10:00. Миллий боғга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ташриф буюради. Йиғилганлар давлатимиз раҳбарини гулдурос қарсаклар билан кутиб олади.

Чорлов мусиқаси янграйди.

Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади. Давлатимиз раҳбари халқимизни қутлуғ айём — Наврўз билан муборакбод этади.

Карнай-сурнай садоси янграб, жарчилар чорлови билан байрам тантаналари бошланади. Шўх-шодон наволарда, мумтоз ашулаларда ҳаёт абадийлиги ва гўзаллиги васф этилади.

Жорий йилда истиқлолимизнинг қутлуғ 24 йиллигини нишонлаймиз. Мана шундай фараҳли паллада босиб ўтилган йўлга назар ташлаб, эришилган муваффақиятларни сарҳисоб қилиш кўнгилга алоҳида ғурур бағишлайди. Эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамлайди. Дунё -жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, турмуш фаровонлигининг йилдан-йилга юксалиб бораётгани пухта ўйланган мақсад ва муддаоларнинг ҳаётбахш самарасидир. Биргина 2014 йилда Ўзбекистон бизнесни юритиш шароити бўйича рейтингда 8 поғона кўтарилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг баҳосига кўра, мамлакатимиз сўнгги йилда бизнес юритишни енгиллаштириш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича етакчи ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

Инвестиция дастурини амалга оширишда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан йўналтирилган тўғридан-тўғри хусусий инвестицияларнинг йилдан-йилга фаол иштирок этаётгани барчамизга алоҳида мамнуният бағишлайди. Ўтган йили бундай инвестициялар ҳажми 10,3 фоиз ўсиб, 4 миллиард 300 миллион долларни ёки жами инвестициялар ҳажмининг қарийб 30 фоизини ташкил қилди. Худди шунингдек, иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида замонавий юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозланган, умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион долларга тенг бўлган 154 та йирик объект фойдаланишга топширилди.

...Кўркам боғ узра баҳор элчиси — қалдирғочлар чуғур-чуғури, шаршара садоси, булбуллар чаҳ-чаҳи эшитилади, гуллар очилишини ифодаловчи рамзий лавҳалар кўзга ташланади. Саҳнага болажонлар таклиф этилади. Бу бежиз эмас. Юртимизда амалга оширилаётган олижаноб ҳаракатлар негизида, барча эзгу ниятлар замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир. Бинобарин, Соғлом бола йилида амалга оширилган ишлар самараси ўғил-қизларимизнинг соғлом ва баркамоллигида намоён бўлмоқда. Таълим тизимининг умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда олий таълим тизимидан иборат барча босқичида замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, чет тилларида эркин сўзлашадиган, жисмонан чиниққан, эътиқоди мустаҳкам авлод вояга етмоқда. Асосийси, бу соҳадаги ютуқларимиз халқаро миқёсда тан олинаяпти. Чунончи, 2014 йилнинг 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияга ташриф буюрган хорижлик нуфузли экспертлар, мутахассислар истиқлол фарзандларига яратиб берилган юксак шарт-шароитлар билан танишиб, ҳавас ва ҳайратларини яширолмаган эдилар.

Наврўз эзгу тантаналар шодиёнаси, шу билан бирга, яратиш, яшнатиш, бунёдкорлик айёми ҳамдир. Ўтган йилда йилига 60 мингта автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган “Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси” масъулияти чекланган жамияти базасида “Damas” ва “Orlando” русумидаги енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш”, “Жиззах вилоятида 760 минг тонна портландцемент ёки 350 минг тонна оқ цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш”, “80 минг тонна рух концентратини қайта ишлаш бўйича рух заводини реконструкция қилиш”, “Мис эритиш заводида янги сульфат кислота цехини қуриш”, электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятини 50 мегаваттга ошириш мақсадида “Сирдарё иссиқлик электр станциясини тўлиқ миқёсда модернизация қилиш”, Қорақалпоғистон Республикасидаги “Манғит” масъулияти чекланган жамияти базасида йилига 5 минг тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга бўлган калава ип йигирув корхонаси ташкил этиш” ва бошқа объектлар шулар жумласидандир. Қолаверса, йилига 25 миллиард куб метр газни узатиш имконини берадиган “Марказий Осиё — Хитой” газ қувурининг 1 минг 830 километр узунликдаги учинчи тармоғи ҳам ишга туширилди.

Саҳнада ана шундай улкан муваффақиятлар, эришилаётган салмоқли натижалар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятларнинг турли бадиий гуруҳлари чиқишлари орқали ифода этилади. Дилбар хонишларда Ватан, ободлик, осуда ва бахтли ҳаёт улуғланади.

Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни тарбиялаш масаласи давлатимиз ва жамиятимизнинг энг муҳим устувор вазифаси бўлиб қолмоқда. Хусусан, мамлакатимизда скрининг марказлари, вилоят кўп тармоқли болалар шифохоналари, шунингдек, ихтисослаштирилган педиатрия тиббиёт муассасаларини бунёд этиш ҳамда уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва зарур жиҳозлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Оналар ва болалар тизимли асосда тиббий текширувдан ўтказилаяпти.

Фақат 2014 йилда 6 миллион 500 минг нафар мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Бу эса касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уларни самарали даволаш имконини бермоқда.

Наврўз — экин-тикин ишларининг бошланишидан дарак берувчи айём. Заҳматкаш -деҳқонларимиз, фидойи фермерларимиз шу кунларда далага меҳр кўрсатиб, парвариш юмушларини адо этишмоқда. Зеро, халқимизда: “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деган нақл бор. -Деҳқон ва фермерларимизнинг мардонавор меҳнати, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳисобидан, масалан, ўтган йили 3 миллион 400 минг тоннадан зиёд пахта, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида биринчи марта 8 миллион 50 минг тонналик юксак ғалла хирмони бунёд этилди. Соҳада тўпланган катта тажриба, яратилган мустаҳкам пойдевор туфайли жорий йилда бу борадаги муваффақиятларимиз янада ошишига шубҳа йўқ.

Аҳоли сони кўпайиб бораётганига қарамасдан, одамларни уй-жой билан таъминлашда жон бошига тўғри келадиган уй-жой майдонини 12,4 квадрат метрдан 15,4 квадрат метрга оширишга эришилди. Уй-жой фондининг деярли барчаси хусусий мулк сифатида аҳоли тасарруфида эканини айтиш лозим. Ваҳолонки, кўплаб ривожланган давлатларда оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда яшайди.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибда уй-жойлар қуриш бўйича мақсадли давлат дастурининг амалга оширилиши алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу дастур доирасида 2014 йилда 11 мингта тураржойлар барпо қилинди.

Бугунги кунда шаҳарлар, айниқса, қишлоқларда қад ростлаган, шифтлари баланд, хоналари шинам ва ёруғ янги уйлар пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, уларни бунёд этишда замонавий қурилиш материалларидан фойдаланилмоқда, улар зарур хўжалик биноларига эга. Бундай қишлоқ уйлари сифати ва шароитининг қулайлиги билан шаҳардаги уй-жойлардан асло қолишмайди.

Худди шунингдек, шаҳарларимизни комплекс қайта қуриш бўйича қабул қилинган дастурларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида Тошкент, Фарғона, Қўқон, Марғилон, Наманган, -Урганч, Қарши, Термиз, Самарқанд ва бошқа кўплаб шаҳарларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда.

Нуфузли “Экономист” журнали(Буюк Британия)нинг берган баҳосига кўра, Ўзбекистон пойтахти — Тошкент шаҳри ободлиги ва яшаш учун қулайлиги жиҳатидан дунё рейтингида 140 шаҳар орасида 58-ўринни эгаллади ва жаҳон таснифида яшаш учун энг қулай бўлган йирик шаҳарлар қаторига киритилди.

Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик барча соҳалар қатори туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлмоқда. Халқимизнинг меҳмондўстлиги, юртимизда жадал тараққий топиб бораётган замонавий туризм инфратузилмаси ҳамда юқори сифатли хизмат жаҳон сайёҳларини гўзал ва мафтункор заминимизга тобора кўпроқ жалб этмоқда.

2014 йилнинг октябрида Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ўтказилди. Бу халқаро майдонда Ўзбекистон обрўсининг юксалиб бораётганидан, мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти жаҳон ҳамжамияти томонидан ўз эътирофини топаётганидан далолат беради. Ушбу анжуман жаҳон жамоатчилигини юртимиз сайёҳлик имкониятлари билан яқиндан таништириш, халқаро сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилди.

— Илгари қишлоқдан туман ёки вилоят марказига бориб келиш учун икки кунимизни сарф-лардик, — дейди Республика “Нуроний” жамғармасининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ҳасан Нормуродов. — Биринчи кун йўл машаққати билан ўтса, иккинчи кун ишимизни битиришга сарфланарди. Соатлаб бекатда турардик, тиқилинч автобусда манзилга зўрға етиб келардик. Энди эса энг чекка қишлоқларимизда ҳам замонавий транспортлар хизмати йўлга қўйилганини кўриб, шундай кунларга етказганига шукроналар айтамиз. Ҳозир туман ёки вилоят уёқда турсин, пойтахтга ҳам бир кунда келиб-кетиш мумкин. Хусусан, “Тошкент — Самарқанд” йўналишида йўлга қўйилган “Afrosiyob” тезюрар поезди хизматидан ниҳоятда мамнунмиз. “Кексаларни эъзозлаш йили” деб ном олган 2015 йилда ҳам режаларимиз кўп.

Жорий йилда кексаларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг ҳаётини янада мазмунли ва завқли қилишга қаратилган хайрли ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Хусусан, 2014 йил 13 октябрда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида жорий йилда ҳаётга татбиқ этиладиган юмушлар белгилаб берилган. Мазкур дастур кексаларнинг ҳаётини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ҳамда тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда уларнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган.

Халқимиз азалдан табиатни севиб, ардоқлаб яшаган. Мамлакатимизда атроф-муҳитни асраш, барқарор ривожланишга эришиш борасида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Урганч шаҳрида “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида ўтказилган халқаро конференция бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Унинг натижалари Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, ушбу экологик офатнинг салбий оқибатларини камайтириш учун халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришда алоҳида аҳамият касб этди.

Айтаверсак, ютуқларимизнинг, қувончимизнинг адоғи йўқ. Гап шундаки, ўтган даврда амалга оширилган ишларга баҳо берар эканмиз, “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган саволга ҳар жиҳатдан тўла асосларга таяниб жавоб беришга ҳақли эканлигимиздан фахрланамиз.

Дарҳақиқат, бундай юксалишлар юртдошларимизнинг онгу тафаккури ва дунёқарашини ҳам ўзгартирмоқда. Одамлар бугунги ҳаётидан мамнун бўлиб, келажакка катта ишонч билан қараяпти. Каттаю кичикнинг ҳаётга, меҳнатга муносабати ўзгариб, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бормоқда.

Янгиланиш — нафақат табиатга, балки жамият ҳаётига ҳам хос жараён. Мамлакатимизда -демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ, юртимизда демократик янгиланишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунлар қабул қилинди, Конституциямиз ва қатор қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Пировардида сайловларнинг халқаро нормаларга тўла мос ҳолда ўтказилишини таъминлайдиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.

Бунинг самарасида 2014 йилнинг 21 декабрида демократик принципларга тўла мос равишда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда аҳолининг сиёсий онги ва фаоллиги ортиб бораётгани намоён бўлди.

Шу кунларда халқимиз яна бир муҳим сиёсий воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида турибди. Мамлакатимизда бу тадбирга катта тайёргарлик кўрилди. Сайлов кампанияси миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда олиб борилмоқда. 29 март куни халқимиз ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, юртимиз тинчлиги ва тараққиёти, фарзандлар келажаги учун овоз беради.

...Жўшқинлик, ёшлик, шижоат тараннум этилган қўшиқлар барча-барчани рақсга чорлайди.

Жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланиш аҳоли, аввало, ёш авлод соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши инобатга олиниб, бу соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Спорт иншоотларини ҳар томонлама ривожлантириш ҳамда уларни замонавий инвентарлар билан жиҳозлаш учун барча зарур шароитлар яратилаяпти. 2014 йил мобайнида фақат Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан 18 та намунавий спорт объекти ва 73 та мактаб спорт зали барпо этилди, 24 та объектда қарийб 100 миллиард сўмлик реконструкция ҳамда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилганини қайд этиш лозим.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 2 миллиондан зиёд бола спорт билан мунтазам шуғулланмоқда. Нуфузли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз вакиллари эришаётган ғалабалар салмоғи тобора ортиб бораётгани эса қалбимизга ўзгача фахр ҳиссини бағишлайди. 2014 йилда спортчиларимиз 849 та медални қўлга киритди, уларнинг 266 таси олтин медаллардир. Бу ҳақда сўз юритганда, ўтган йилнинг кузида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган, 45 давлатдан 13 минг нафардан зиёд спортчи қатнашган XVII Осиё ўйинларида спортчиларимиз 61, жумладан, 12 та олтин медални қўлга киритиб, Ўзбекистон терма жамоаси энг кучли ўнта мамлакат қаторидан ўрин олганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Спортчиларимиз ана шундай ютуқлари билан Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этишга муносиб ҳисса қўшдилар. Улар эгаллаган марралари билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди, албатта.

...Наврўзни “Миллий анъаналаримизни намойиш этувчи кўзгу”, деймиз. Бунинг исботи тариқасида саҳнада Наврўз удумлари — арқон тортиш, чиллак, “Оқ теракми, кўк терак?” сингари -азалий ўйинлар ижро этилади. Қўғирчоқбозлар, ёғоч от ўйнатувчилар, полвонлар, дорбозлар ҳам ўз истеъдодларини кўрсатадилар. Эл ардоқлаган санъаткорлар ижро қилган халқ қўшиқлари, лапар, айтишувлар, ёр-ёру яллалар ёшлар ижросида талқин этилади. Катта ашулалар ижро қилинади.

Ижтимоий фаровонлик, жумладан, умр кўриш давомийлиги, оилаларнинг тинчлиги ва осойишталиги борасида ҳам Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўзгалар ҳавас қиладиган ўринни мустаҳкам эгаллаган. Халқимиз манфаатини ўйлаб, узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат, ғамхўрлик эвазига қўлга киритилган бундай ютуқлардан ҳар биримиз ғурурланиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақлимиз. Зеро, амалга оширилаётган ислоҳотлар, маънавий қадриятларимизга эътибор, келажак ворислари учун яратилаётган шарт-шароит ва ғамхўрлик, аҳоли саломатлигини асраш борасидаги туб бурилиш — буларнинг барчаси Истиқлол шарофатидандир. Наврўз байрамининг бугунги жозибаси ва шукуҳи ҳам, шак-шубҳасиз, ана шу бебаҳо неъмат туфайлидир.

Озод ва обод Ватанимизга хуш келибсан, Наврўзи олам!

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn