Эзгуликдан яшнаган замин
  • 22 Март 2015

Эзгуликдан яшнаган замин

Мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда.

Шу кунларда республикамизнинг қайси бир гўшасига борманг, қизғин иш устидан чиқасиз. Зотан, яқинда эълон қилинган “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда янги деҳқончилик мавсумининг бошланиши ҳисобланган Наврўз фаслида ҳашарлар, кенг кўламдаги ободончилик ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларимизда ўтказилаётган бундай тадбирларда ҳудудларга манзарали ва мевали дарахтлар, анвойи гуллар кўчатларини экишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Қуёш ҳамал буржига оғаётган ҳозирги пайтда ўтқазилган ниҳол бехато униб чиқса, ерга сепилган уруғ тезда туп қўйиб, бўй чўзади. Халқимиз “Ҳамал кирди, амал кирди”, дейишининг боиси шунда. 

Аслида, кўчат экиб, боғ яратиш — халқимизга хос эзгу фазилат. Миллий удумларимизга кўра, оилада ўғил фарзанд туғилса, унга атаб ниҳол қадалади. Бунда нуроний кишилар доимо бош-қош бўладилар. Шу маънода, Кексаларни эъзозлаш йилида ушбу азалий анъана янада кенг кўлам касб этиб, янгича маъно-мазмун билан бойийди, десак, муболаға бўлмайди. 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги Ўрмон хўжалиги бош бошқармасидан маълум қилишларича, мамлакатимизда 2015 йилнинг баҳор мавсумида 144 миллион 500 минг туп дарахт кўчати ва қаламчалари ўтқазиш кўзда тутилган. Шу мақсадда 70 дан ортиқ турдаги мевали, манзарали дарахтлар ҳамда гул кўчатлари тайёрлаб қўйилгани кўкаламзорлаштириш ишларининг жадал кечишини таъминламоқда.

— Жойларда боғ ва яшил майдонлар яратиш, маҳалла ва тураржойларни ободонлаштириш чоғида ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити инобатга олинган ҳолда, шунга мос дарахт ва бута навларини экишга катта аҳамият берилмоқда, — дейди Ўрмон хўжалиги бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Ҳожимурод Толипов. — Мисол учун, қисман шўрланган ёки шўрланишга мойил ерларда кўктерак, қоратол, жийда, қайрағоч, заранг, шумтол, акация, япон софораси, тут, наъматак каби дарахт ва буталар ниҳолларини ўтқазиш тавсия этилса, тоғли ва тоғолди ҳудудларда арча, ёнғоқ, бодом, писта сингари мевали ҳамда манзарали, шаҳарларда эса турли мевали дарахтлар билан бир қаторда, кўркам қиёфа касб этиб ўсувчи дарахтлар, чиройли гуллайдиган буталар кўчатларини экиш мақсадга мувофиқдир. 

Таъкидлаш керакки, ўсимлик дунёси фақат ис газини ютиб, уни тоза кислородга айлантириб бериши билангина қадрланмайди. Айни пайтда у гўзаллик, ризқ-насиба манбаи, айниқса, “яшил дорихона” сифатида ҳам аҳамиятлидир. Шунинг учун кейинги йилларда ниҳолларни экишда ландшафт дизайнини яратишга устуворлик берилаяпти. Яъни ҳар бир туп дарахт ёки бута теварак-атрофдаги бино ва иншоотлар кўринишига уйғунлашиб, яхлит манзара касб этиши керак. Бундан ташқари, у атмосфера ҳавосини тозалаш, шовқин-суронни камайтириш, шифобахш хусусиятларга эга бўлса, айни муддао.  

Бу йилги мавсумда экиладиган қарийб 52 миллион туп манзарали дарахт ва буталар кўчати ана шу талабларга тўла мос келади. Айниқса, лола дарахти — улар орасида энг кўркам ва ўзгача жозибали. Бу дарахт баланд бўлиб ўсиши, худди лолани эслатувчи камалакранг тусдаги гуллари билан барчани мафтун этади. Аммо унинг кўчатини етиштириш осон эмас. Чунки мазкур наботот намунаси, асосан, уруғидан кўпаяди.   

Юртимизда бу ноёб тур аллақачон иқлим шароитимизга мослаштирилгани, ҳатто, кўчатчилиги йўлга қўйилгани таҳсинга лойиқ. Айни пайтда экишга тахт қилиб қўйилган 5,6 минг туп ушбу дарахт ниҳоли маҳалла ва шаҳарларимизда ўтқазилиб, ҳадемай, ҳудудларга янада орасталик бахш этади.  

Каштан ҳам лола дарахти сингари ўта фусункор. Унинг гуллаш даврини ақалли бир бора кўрган киши буни яхши билади, албатта. Шамларни эслатувчи ранго-ранг гуллари бамисоли нурлари порлаб турган улкан қандилни эслатади. 

Каштан дарахти кўчалар, сайилгоҳ ва турли истироҳат боғларига экиш учун қулай бўлиб, гуруҳлаб, қаторлаб, айниқса, кўкаламзор ялангликка якка ҳолда ўтқазилганда жуда гўзал манзара беради. У 200-300 йилгача яшаши, бизнинг шароитда эса зараркунандалар билан -деярли зарарланмаслиги эътиборга моликдир. Тана илдизи ҳамда ён илдизлари мустаҳкамлиги туфайли кучли шамол эсадиган ҳудудларда ҳам бемалол ўсаверади. 

Каштан дарахтининг ёғочи ўймакорлик санъати учун муҳим хом ашё, мевалари чорва -моллари учун тўйимли озуқадир. Уруғидан техник ҳамда полиграфия елими тайёрлашда фойдаланилади. Каштаннинг шу каби хусусиятлари инобатга олиниб, жорий йилда 311 минг туп кўчати экилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, 32 минг туп Қрим қарағайи, 7,5 миллион туп мевали, 10 миллион туп тез ўсувчи манзарали дарахт, 3,6 миллион туп тут кўчати ҳам тайёрланди. 

— Юртимиз аҳолиси, фермер хўжаликлари, кичик бизнес субъектлари ва бошқа ташкилотларнинг мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида институтимиз томонидан 4 миллион 656 минг туп ниҳол етиштирилди, — дейди М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти директори Шермуҳаммад Юсупов. — Улар олимларимизнинг кўп йиллик изланишлари натижасида яратилган серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навларга мансуб эканлиги билан диққатга сазовор. Масалан, интенсив боғлар учун 2 минг туп пакана олма ҳамда маҳаллий боғлар учун 2,3 миллион туп ўрик, шафтоли, олхўри, олча ва гилос кўчатлари тайёрланган. Бундан ташқари, ёнғоқ ва бодомнинг 70 минг туп, хурмо, анор, анжир, чилонжийда каби субтропик дарахтларнинг 57 минг туп ниҳоли тайёрланди.     

Институт ва унинг вилоятлардаги тармоқларида салкам 6 миллион туп ток кўчати ҳам етиштирилди. Шундан 3 миллион 263 минг тупи хўраки, 908,6 минг тупи кишмишбоп, қолганлари эса саноатбопдир. 

— Боғбон фермерларимиз баҳорнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, агротехника тадбирларини ўз вақтида, сифатли қилиб ўтказишса, мўл ҳосилга мустаҳкам замин қўйган бўлишади, — дейди институтнинг бўлим бошлиғи Ўткир Набиев. — Хусусан, айни пайтда дарахтларга шакл бериш, буташ ишларини якунлаб, қатор ораларини ҳайдаш, суғориш учун эгатлар олиш, дарахтлар тагини ағдариб, юмшатиш зарур. Қиш мавсумининг нисбатан илиқ келганлигини инобатга олган ҳолда, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши кураш тадбирлари ҳам диққат-эътибордан қочирилмагани маъқул. Янги ташкил этилган боғларда қатор ораларига кўкатлар, сабзавот экинлари ва картошка экилиб, парваришланса, пировардида бу соҳибкорларга қўшимча даромад бўлса, халқимиз дастурхонига файз бағишлайди.

Бу каби кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари туфайли юртимиз қишлоқлари боғ-роғларга, шаҳарлари яшилликка бурканмоқда. Ҳозирги кунда пойтахтимиз ҳудудининг 30 фоизи дов-дарахтлар билан қуюқ қоплангани ана шундай дейишимиз учун асос бўла олади. Ваҳолонки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг меъёрларига кўра, ушбу кўрсаткич 15-20 фоизни ташкил этиши кифоя, аслида. 

Қут-барака, ободлик ва фаровонлик рамзига айланган ажиб боғлар юртдошларимизнинг меҳнати маҳсули бўлиб, уларнинг меҳридан кун сайин яшнайверади. Зеро, “Яхшидан боғ -қолади” деб шунга айтишади-да!  

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn