Менинг бахтим
  • 17 Март 2015

Менинг бахтим

Бахт ҳақида ўйламоқ ҳам битта бахтдир,
Бахтлиларга бўйламоқ ҳам битта бахтдир.
Бахт аввали шукри бисёр эл бахтидир,
Бахт ҳақида куйламоқ ҳам битта бахтдир.
Оналарнинг дуосидан бахт сочилар,
Оталарнинг дуосидан йўл очилар.
Шу эл билан, шу юрт билан менинг бахтим,
Гар изимдан дуоларга қўл очилар.
Севмоқ гўзал, севилмоқ-ку, кўнгил зори,
Бу ҳам бахтдир, тутиб турса ёр хумори.
Менинг бахтим — муҳаббатнинг куйчисиман,
Ишқ аҳлига созлангандир дилим тори.
Юрт тинчлиги ёғдулари — менинг бахтим,
Озод элнинг орзулари — менинг бахтим.
Аждодларим руҳи шод бу ҳур Ватанда,
Фарзандларим кулгулари — менинг бахтим.
Айтсам сизга ўзбекона лўнда жавоб,
Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, завқим офтоб.
Менинг бахтим — Ўзбекистон фарзандиман,
Бир юз ўттиз миллат, элат дўсту аҳбоб.


Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn