Элу юрт ардоғидамиз
  • 14 Март 2015

Элу юрт ардоғидамиз

“Барчамизга аёнки, дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, демократик тафаккури, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади”.

Ўзбекистон хотин-қизларига йўлланган байрам табригида айтилган ушбу сўзларни тинглай туриб,  беихтиёр мустабид тузум даврида гувоҳи бўлганимиз манзаралар кўз ўнгимиздан ўтади. Ўша вақтларда аёлларни асраб-авайлаш, уларга оила ва жамият таянчи, миллат тарбиячиси сифатида эҳтиром кўрсатиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, илмий ва ижодий салоҳиятини юксалтириш, сиёсий-ҳуқуқий савиясини ва ижтимоий фаоллигини ошириш эътибордан четда бўлиб, хотин-қизларга меҳнат ресурси сифатида қараш устун эди.
Мустақиллик туфайли аёл зотига, оилага, ҳаётга муносабат бутунлай ўзгарди. Истиқлолнинг дастлабки йилларидан оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Пировардида эса биз, аёллар элу юрт ардоғида, осойишта ва фаровон ҳаётимиздан мамнун бўлиб яшаяпмиз, соғлом камолга етаётган фарзандларимиз иқболини кўриб, келажакка ишонч билан боқаяпмиз. Бундан ортиқ бахт борми?!
Ҳар гал китоб жавонимдан “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”нинг тўртинчи жилдини қўлимга олганимда, ич-ичимдан қувонаман. Унда мен ҳақимда ҳам маълумотлар келтирилган. Оддий ўқитувчининг бундай эътирофга муносиб кўрилиши юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган юксак эътиборга яққол мисол, десам, хато бўлмайди.
Ҳам педагог, ҳам она сифатида юртимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўнглим янада сурурга тўлади. Мен, айниқса, хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, уларда соғлом турмуш кўникмаларини ошириш мақсадларига қаратилган ишларни алоҳида таъкидлашни истардим. Спорт — саломатлик ва гўзаллик омили эканини опа-сингилларимиз, қизларимиз тобора теран англамоқдалар, спорт билан мунтазам шуғулланишни турмуш тарзининг ажралмас бир қисми сифатида кўраяптилар. Бунинг учун барча қулайлик муҳайё этилган. Кейинги уч йилда халқаро мусобақаларда зафар қозонган 1 минг 850 нафардан зиёд истеъдодли спортчи ёшларимизнинг 620 нафарга яқини қизларимиз экани ана шу эзгу саъй-ҳаракатлар мевасидир.
Умуман, барча жабҳада фаол, оқила хотин-қизларимиз қўлга киритаётган ютуқлар мисолида мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш учун яратилган миллий механизмнинг ёрқин самараларини кўриш мумкин.


Насибали ИСЛОМОВА,
Гулистон шаҳридаги
1-умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Иқтидорли ёшлар учун имконият Менинг бахтим »