Азалий қадриятларимиз гултожи
  • 13 Март 2015

Азалий қадриятларимиз гултожи

Бугун она диёримиз ям-яшил либосга бурканган. Қалбларимизга баҳорий янгиланиш ва яшариш кайфиятини олиб келувчи кўкламнинг мана шундай ҳузурбахш кунларида  дилга  яқин байрамимиз — Наврўзи оламни ажиб бир кўтаринкилик билан шодиёна қиламиз. Зукко халқимизнинг теран ижодий салоҳияти маҳсули бўлган Наврўз  асрлар давомида сайқалланиб, бугун ҳам ўлкамизга баҳор тароватини бахш этиш билан бирга, ҳаётсеварлик, саховатпешалик, эл-юрт бирлиги, аҳиллик, мўл ҳосил ва қут-барака нишонаси сифатида тараннум этиб келинмоқда.

Чинакам эзгулик тантанаси ҳисобланган Наврўз  аждодларимизнинг деҳқончилик маданияти анъаналари, осмон жисмлари билан боғлиқ астрономик билимлари, мифологик тасаввурлари ҳамда серҳосиллик, қут-барака, яратувчилик ғоясини ўзида мужассамлаштирган қадимий байрамдир.
Асрлар мобайнида ривожланиб, бойиб келган бу байрам ўз тарихий йўли давомида турли тазйиқларни ҳам бошидан кечирган, албатта. Энг салбий муносабат, айниқса, собиқ шўролар даврида содир бўлди: кўпгина миллий удум ва маросимларимиз, байрамларимиз қатори Наврўз ҳам қатағонга учради. Аммо табиатан ўз кўнглига яқин, юрагидаги ҳаётий қувват каби эъзозли қадриятларини кўз қорачиғидай асраган халқимиз, оила даврасида бўлса-да, йилбошини нишонлашдан тўхтамади.
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач асрий қадриятларимизни тиклаш борасида оламшумул ишлар амалга оширилди. Халқимизнинг қадимий анъаналарга бўлган меҳр-муҳаббати туфайли асрлар мобайнида дилларга эзгулик нурини бахшида этган Наврўз қайта тикланди. Бугунги кунда чинакам халқона байрам сифатида кенг кўлам-
да тантана қилинаётган Наврўз аждодларимиз асотирларидан тортиб, истиқлол шарофати туфайли ўзининг ижодий салоҳиятини тўла намоён этаётган бугунги замондошларимизнинг бадиий-эстетик анъаналаригача бўлган бутун бир қадриятлар силсиласини ўзида жамлаган энг гўзал миллий байрамга айланди.
Сиртдан қараганда бу айём кўкламни қаршилаш, деҳқон ва чорвадорлар, боғбону миришкорлар учун янги меҳнат мавсумининг бошланиши, табиатда ҳам, инсон кўнглида ҳам яшариш, янгиланишни бошлаб берадиган шодиёнадай туюлади. Аслида эса у ўз бетакрор заковати билан дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшиб келаётган халқимизнинг йиллар давомида шаклланган кўплаб эзгу анъаналарини ўзида ажойиб бир тарзда уйғунлаштирган миллий қадриятлар жамланмаси ҳисобланади. Масалан, маҳалла-кўй, кўчалар, сайилгоҳу хиёбонлар обод қилинадиган, ариқ-зовурлар тозаланиб, янги боғлар барпо этиладиган “ҳашар”, ўзаро меҳр-оқибатлилик, кексаларни эъзозлаш ва ёш авлодга меҳр кўрсатиш, ўтганлар хотирасини ёдга олиш, қўни-қўшни, маҳалладош ва ҳамқишлоқларга меҳр-оқибатли бўлиш, эл-юртни бирдамликка чорлаш ғоясини ўзида акс эттирган баҳорий удумлар, миришкор деҳқонларимизнинг қут-барака ва серҳосиллик тимсолига айланган кўкламги маросимлари, қишда рамзий маънода “уйқуга кетган” наботот оламининг уйғониши, яъни табиатнинг барҳаётлигини тараннум этувчи ҳалинчак учиш, сумалак пишириш, ҳалим тайёрлаш каби удумларимиз, шунингдек, варрак учириш, қўчқор, хўроз уриштириш, кўпкари, улоқ, кураш каби миллий спорт ўйинлари, фольклор ижрочилиги, миллий ҳунармандчилик, халқ мусиқаси ва томоша санъати сингари кўплаб боқий қадриятлар мавжуд.
Бу байрам моҳиятини табиат билан инсон яхлитлигини чуқур англаш, яъни уларнинг кечмиши, бугунию келажаги бири-бирига чамбарчас боғлиқлиги ғояси ташкил этади. -Наврўзнинг умрбоқийлиги ва ҳар бир авлод ижодий салоҳияти натижасида сайқалланиб келишининг асосий сабабларидан бири ҳам ана шу аслида. Шунинг учун ҳам йилбоши сайилларининг ҳар бир удуми, миллий ўйинлар, янграйдиган куй-қўшиқлар замирида бепоён буғдойзорларида бўлиқ бошоқлар бамисоли денгиз тўлқинидай шовуллаган обод диёр, мусаффо осмонида қалдирғочлар чарх урган осуда Ватан, боғ-роғларга бурканган замонавий қишлоқ гузарларида болаларнинг шодон кулгиси янграётган жаннатмонанд гўшанинг ойдин истиқболи тараннум этилади. Қадимий удум ва расм-русумлар, ўйин ва қўшиқлар ҳар бир кишини она-табиатнинг гўзал тароватини асраб-авайлаш, ҳар бир гиёҳ, ҳар бир ниҳол, ҳар бир жонзотнинг инсон билан тақдирдошлигини ҳис этиб яшаш, пировардида, келгуси авлодларимизга гуллаб-яшнаган она заминни мерос қилиб қолдиришга ундайверади. Зеро, абадий анъаналарнинг бетакрор намунаси ҳисобланган Наврўз инсоният тараққиётини таъминлаган энг муҳим ижтимоий-маданий қадриятлардан бири сифатида нафақат Шарқ, балки бутун жаҳон тамаддунида муносиб ўрин эгаллашининг боиси ҳам ана шунда. 

Маматқул ЖЎРАЕВ,
филология фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дилларга кўчган ободлик Баҳор тароналари »