Дилларга кўчган ободлик
  • 12 Март 2015

Дилларга кўчган ободлик

Қийғос гуллаган дарахт шохлари кўзни қувнатиб, борлиқни ўз чиройи билан яшнатиш баробарида, беқарор баҳор ҳавоси хавотирини ҳам ботинида яшириб туради.

Бу хавотир аришига офтобли кунлар соғинчидан ташқари, кексаларнинг “Бехосдан келган совуқ уларнинг омонат жонларини уриб кетмасин-да”, дея қайта-қайта дуо қилишлари янаям зарурроқдек. Негаки, япроқ ёзаётган куртаклар наинки атрофга зеб, балки халқимизнинг ризқу рўзи, тўкин-сочинлик, “тут пишиғига етганлар”,
“буғдой пишиғига етганлар” каби ибораларда ифодаланган орзу-умидидир.
Табиатдаги ўзгаришлар гарчанд ҳамишаям жамият ҳодисаларига мутаносиб  келавермаса-да, аммо ундан ибрат олиш, ундаги ўзгаришлар ва эврилишлар асносида тафаккур қилиш кўпинча муаммолар тугунига ечим топиб бергандек бўлади. Баҳор умиди, интизорлиги, соғинчи, ўзига йўл қидириб тўлиб-тошмоққа интилаётган туйғулар — бу ҳурликка интилиш, онг ва тафаккурда янгича ўзгаришлар юз кўрсата бошлагани, биқиқлик ва хонанишинликларнинг ортга чекинганидир. Шундай дамларда гўёки баҳор юртимиз порлоқ келажагининг тимсолидек кўнгилларимизга нур улашади. Руҳимизга тетиклик, билакларимизга куч бериб, яратувчанлик, бунёдкорликлар сари ундайди. 
Эсимизда, бундан анча йиллар муқаддам Сирдарё вилояти туманларида китобхонлар билан учрашувларда бўлдик. Туб аҳолидан ташқари, “чўлқуварлик” даврларидан бошлаб, бу ерда экин-тикин маҳали келиб ишлаб, ҳосилни йиғиштириб кетувчилар ўшанда ҳам бор эди. Ўша учрашувлардан бирида кекса отахонлардан бири сўз олиб, шундай деганди:
— Авваллари бу ерга келиб, ишлаб кетувчилар қовун-тарвуз, ерёнғоқ, мош, нўхат, пиёз каби экинлари ҳосилини йиғиштириб олгач, кетиб қолишарди. Сабаби,  номигагина битта ҳам дарахт кўкармаган бийдай бу  даштда яшашни одамлар хаёлларига сиғдиролмасди. Бунинг устига, Мирзачўл шамоли кўз очиргани қўймайди. Мустақиллик йилларида бу ерларда ҳам дарахтлар кўпайди. “Нега?” деб сўрасангиз, одамлар энди фақат даромад учун учиб-қўнадиган тасодифий келиб-кетувчилар эмас, шу ернинг ҳақиқий эгаларига айланмоқда.
Ўшанда қариянинг жайдари, деҳқонча бу сўзлари халқимиз онгидаги ўзгаришлар нечоғлиқ теран жараёнларда кечаётганини англатгандек бўлганди.
Шу йил, энди-энди баҳор нафаси эса бошлаган кунларда Жиззах томонга йўлимиз тушди. Ажабо! Машиналар ғиз-ғиз қатнаб турган “Тошкент — Термиз” магистрал йўлининг икки томони одамга тўла, улар йўлларни тозалашар, барчанинг қўлида дарахт кўчатлари, йўл бўйларига гулу дарахт экишар, ободончилик ишлари шу қадар авжга мингандики, улардаги ғайрат-шижоатни кўриб, беихтиёр тасанно айтиб юборарди, киши.
Ҳайдовчи ёнидаги ҳамроҳимиз, биз томонга ўгирилиб, йўл ёқасидаги намунали лойиҳа асосида қурилган уйларнинг бирида дераза токчасига гул қўяётган қизалоқни кўрсатиб:
— Қаранглар, буям маданият, — деди қувониб.
— Қанақа маданият?
— Баҳор маданияти, — деди ҳамроҳимиз тасодифан айтиб юборган ташбиҳидан ўзи ҳам қувониб.
Унинг бу гапи барчага маъқул тушди. Янги гап. Демак, одамлар ўзгараяпти. “Мана шу бир парча ер меники, уни обод қилиш — менинг бурчим”, деган кайфиятда меҳнат қилишмоқда. Илгариги замонлардагидек бировнинг қўлига кўз тикиб, кимнингдир рухсатини кутиб ўтирадиган даврлар ўтиб кетганлигини англашаётир. Холисанилло айтганда, истиқлол берган энг катта имкониятлардан бири ҳам ана шу. Мустақиллик бизга куч-ғайрат берди, бунёдкорлик ва яратувчанлик эшикларини очиб юборди. Бугун уйи токчасига гул қўяётган қизалоқни алқаётган эканмиз, гўзалликка бўлган интилиш, юртимиз ободлиги йўлида яшаш ва меҳнат қилиш кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланиб бораётганлигини чуқурроқ англаймиз.


Шойим БЎТАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn