Боқий қадриятлар тараннуми
  • 11 Март 2015

Боқий қадриятлар тараннуми

Халқимизда илдизи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган миллий ўйинлар кўп. Улардан айримлари ёшларни жисмонан соғлом, бақувват, эпчил этиб тарбиялашга хизмат қилса, бошқаси топқирликка ўргатади. Масалан, ўғил болалар “Чиллак”, “Тортишмачоқ”ни яхши кўришса, қизлар “Супур-супур”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Ҳаппак тош” каби ўйинларга қизиқишган.

Ҳар йили баҳор келиши билан бутун олам янгиланади, табиат уйқудан уйғонади, инсон вужудида эса жўшқинлик ва ғайрат кучаяди, айниқса, ёшлар ўзида руҳий тетикликни ҳис этади. Шу боис кўкламда, хусусан, Наврўз арафасида улар орасида жуда кўп миллий ўйинлар ўтказилади. Аҳамиятли томони шундаки, бундай ўйинлар узоқ қишлоқлар, маҳаллалардаги ёшлар билан ишлаш, ўқувчиларнинг баҳорги таътил кунларини мазмунли ташкил этиш имконини беради. Беғубор онларни хотирага муҳрлайдиган бундай ҳолатларни ҳар бир инсон ўз бошидан кечирган.
Чироқчи туманида ҳам азалий анъаналар яхши сақланиб қолган. Қир-адирларда бўлиб ўтадиган миллий спорт беллашувларига чор-атрофдан ёш-яланглар келади. Давранинг тўрида ўтирган нуронийлар эса болалик пайтларини эслашади.
— Кўп асрлик тарихга эга миллий ўйинларимиз ўзининг жозибаси, ранго-ранглиги, ақлий, ахлоқий, жисмоний, эстетик ва руҳий тарбиядаги ўрни билан беқиёс аҳамиятга эга, — дейди Қарши давлат университети доценти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Абдиолим Эргашев. — Лекин ўйинлар ҳеч вақт эрмак бўлмаган, балки кишининг болалигидан ўсиб-улғайгунича энг муҳим тарбия воситаси ҳисобланган.
Мустабид тузум даврида бундай ўйинлар миллатнинг тарихи, удумлари, урф-одатлари, орзу-умидлари акс этгани боис тақиқланган. Боғча, мактабларда “Ошиқ”, “Кес-кес”, “Тиқма таёқ”, “Чиллак”, “Ланка” ўйнаган ўқувчилар жазоланарди.
Ҳолбуки, “Ошиқ” ўйинида мерганлик, аниқ нишонга олиш, “Чиллак”да тезлик, “Ланка”да чаққонлик тобланади. Болалар доимо шўх, ижодкор, ўзига хос сезгир бўлишади. Шу боис улар масалан, ошиқ ўрнига ёнғоқ ва тошдан фойдаланишган. Ўқитувчилар эса мажбурий 50 метрдан 1000 метргача югуриш усулларини жорий этиб, шунчаки дарс ўтилди қабилида иш тутишган. Бошқача айтганда, ўтган асрнинг 60 — 80-йилларида ўйинларгина эмас, ҳатто ўйинчоқлар ҳам мафкурага бўйсундирилди. Ўғил болалар учун автомат, милтиқ, танк, қизларга сочи кесилган, яримяланғоч, калта -кийимли, ранги сариқ қўғирчоқлар ишлаб чиқариш оммалашди. Жисмоний тарбия дарсларига биронта ҳам миллий ўйин киритилмади. Аммо чуқурроқ назар ташласак, миллий ўйинларнинг ҳар бири соғлом, жасур, оилапарвар ва юртсевар, меҳр-оқибатли фарзандларни камолга етказиш воситаси эди.
— Бошқаларга ўрнак сифатида кўрсатадиган миллий анъаналаримиз, миллий ўйинларимиз бор, — дейди Чироқчи туманидаги 168-умумтаълим мактаби директори Сайфулла Қўшоқов. — Масалан, ЮНЕСКО томонидан “Ланка” ўзбек миллий ўйини сифатида Жаҳон болалар ўйини рўйхатидан ўрин олди. Миллий халқ ўйинлари мактаб дастурига киритилган. Жисмоний тарбия дарсларида ўндан ортиқ халқ ўйинлари алоҳида мавзу сифатида ўқитилади. Чунки улар ёшларни халқимизнинг қадимий анъаналарига садоқат руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Мақсад халқ ўйинларини оммалаштириш, бу беллашувлар замирида мужассамлашган ўзаро ҳурмат, самимийлик, мардлик туйғуларини намоён  қилишдан иборатдир.
— Миллий ўйинлар бўйича минтақавий ва республика фестиваллари ўтказилаётганлиги янада қувонарли, — дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши раҳбари Фурқат Норматов. — Бу эса ёшларимизни Ватанга, миллий анъана ва қадриятларимизга, маънавий меросимизга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, миллий қадриятларимизнинг тикланиши туфайли Наврўз умумхалқ байрами ўзининг теран моҳияти ва чуқур фалсафаси, яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона янги йилнинг дебочаси сифатида ҳаётимизда алоҳида ўрин эгаллади. Наврўз билан боғлиқ тадбирлар, кураш, кўпкари, пойга каби кўплаб халқ ўйинлари, фольклор асарлари, расм-русумлар, урф-одатлар, қадриятлар ҳам қайта бўй кўрсатди. Бинобарин, “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда ушбу миллий байрамнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири, инсоннинг табиат билан ҳамоҳанг бўлиб яшаши инобатга олиниб, жойларда ўтадиган тадбирларда урф-одат, анъана ҳамда қадриятларимизнинг моҳияти ва аҳамиятини кенг ёритишга ўрин бериш алоҳида қайд этилган.
Зеро, Наврўзда инсон ва олам яхлитлиги тараннум этилиб, табиат ҳақида қўшиқлар куйланади, лапарлар, ўланлар, миллий ўйинлар ижро этилади, шифобахш баҳорий таомлар тортилиб, ўйин-кулгу қилинади, кексалар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинади. Буларнинг барчаси жамиятимизда меҳр-оқибат, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан, айниқса, эътиборлидир.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn