Юксак эътибор ва масъулият
  • 10 Март 2015

Юксак эътибор ва масъулият

Дилбар фасл — кўклам ўзининг бетакрор шодиёналари билан ҳам кўнглимизга қувонч олиб келади. Шу боис баҳор меҳр-муҳаббат, оқибат, гўзаллик  тараннуми сифатида  ҳаётимизда алоҳида ўринга эга.

Куни кеча 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни юртимизда кенг нишонланди. Давлатимиз раҳбари муҳтарама онахонларимиз, қадрли опа-сингилларимизга байрам табриги йўлладилар. Ундаги ҳар бир самимий ва ҳаётий сўзлар кўнглимизни тоғдек кўтарди. Табрикда, жумладан, шундай дейилган: “Барчамизга аёнки, дунёда давлат ва жамиятнинг нуфузи, демократик тафаккури, маданий даражасини кўрсатадиган мезонлар кўп. Лекин ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган халқ сифатида жаҳонда обрў-эътибор қозонади.
Униб-ўсиб келаётган болаларимизни, ёш авлодимизни мана шу руҳда тарбиялаб вояга етказсак, шак-шубҳасиз, ҳеч қачон кам бўлмаймиз”.
Мен ушбу қанотбахш сўзларни муҳташам “Туркистон” саройида бўлиб ўтган тантанали анжуманда қатнашиб, катта ҳаяжон билан тингладим. Кўплаб соҳаларда ўз иқтидорини кўрсатаётган дугоналарим, тенгдошларим қатори мен ҳам бу йил Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилдим. Тадбир давомида ана шу мукофотни олар эканман, ҳам қувонч, ҳам шараф, шу билан бирга,  улкан масъулият ҳис этдим.
Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Баҳор фаслининг илк куни бутун мамлакатимиз бўйлаб Зулфия таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Биз, ёшлар учун Зулфияхоним меҳр ва муҳаббат, вафо тимсолидир. Устозимиз таваллудининг нишонланиши нафақат адабиётга, нафақат Зулфияхонимга, умуман, ўзбек аёлларига, биз сингари ёш қизларга берилган юксак эътибордир.
Ўз мисолимда айтадиган бўлсам, айни пайтда Самарқанд педагогика коллежида таҳсил олаяпман. Болалигимдан спортнинг бадиий гимнастика тури билан мунтазам шуғулланаман. Шу ўтган вақт мобайнида қатор турнирларда қатнашиб, совриндор бўлдим. Хусусан, 2009 йили МДҲ мамлакатлари бўйича ўтказилган “Олтин япроқ” халқаро мусобақасида ғолибликка эришдим. Наманган  шаҳрида бўлиб ўтган “Баркамол авлод — 2014” спорт ўйинларида иккинчи ўринни эгалладим. Бадиий гимнастика бўйича мамлакат кубоги баҳсларида ҳам бир неча бор муваффақият қозондим. Келажакда энг нуфузли халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтаришга ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман.
Ишонч, эътибор ва рағбат бизни ҳар доим масъулиятли бўлишга чорлайди. Шу билан бирга, шу азиз ва муқаддас юртимизнинг чин фарзанди сифатида унинг равнақи йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундайди.


Рухшона ИРГАШЕВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn