Тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади
  • 10 Март 2015

Тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, меҳр-оқибат муҳитини асраш шу заминда яшаётган ҳар бир инсон, фуқаронинг муқаддас бурчидир.

Ана шу омиллар туфайли мамлакатимиз тараққий этиб, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгалламоқда. Халқимизнинг ҳаёт даражаси тобора юксалиб, ҳар биримизнинг қалбимизда юксак орзу-умидлар, келажакка катта ишонч мустаҳкамланди.
Тинчлик-осойишталик бор жойда қанча хурсандчилик, қанча байрам қилса ярашади. Наврўз шукуҳи кезиб юрган шу кунларда халқимиз баҳорнинг бу гўзал байрамини хуш кайфият билан кутиб олишга катта ҳозирлик кўраётир. Бунда давлатимиз раҳбарининг шу йил 25 февралдаги “2015 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда. 
Тошкент шаҳрида ҳам Наврўз айёмига тайёргарлик авжида. Кўча ва хиёбонлар, маҳаллаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилган. Байрамнинг осудаликда, кўнгилдагидек ўтиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ўзаро ҳамкорликда зарур чора-тадбирларни амалга ошираётир. 
— Жамиятимиз барқарорлигида жиноят ва ҳуқубузарликларнинг олдини олиш, яъни профилактика институти самарали йўлга қўйилгани муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасини бажарувчи, майор Ўктам РАҲМАТОВ. — Зеро, жиноятчиликка қарши курашишдан кўра унинг олдини олиш афзаллиги исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Бу тамойилнинг кундалик турмушимизга чуқур сингдириб борилаётгани туфайли жамият муҳити соғломлашиб, қонунбузарликлар тобора камайиб бормоқда. 
Пойтахтимиздаги мавжуд 475 милиция таянч пунктида хизмат қилаётган профилактика инспекторларининг жиноят содир этишга олиб келадиган сабаб ва ҳолатларни аниқлаш ҳамда бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида кўплаб маҳаллаларда бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. Милиция таянч пунктлари атрофида турли тўгараклар, кичик бизнес шохобчалари ҳамда спорт майдончалари барпо этилгани ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга ёрдам бериб, ишлар самарадорлиги ошишига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатаётир.
Бу жараёнда профилактика инспекторларининг маҳалла фаоллари билан яқин ҳамкорлиги изчил йўлга қўйилгани ўз самарасини бермоқда. Соҳа ходимларининг маҳалла оқсоқоли, хотин-қизлар қўмитаси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, яраштириш комиссияси ҳамда посбонлар билан ҳамжиҳатликда аҳоли ўртасида профилактик тадбирлар ўтказаётгани натижасида учраётган муаммолар жойида, тезкорлик билан ҳал этилаётир.
Наврўз айёми олдидан шу йўналишдаги ишлар янада кучайтирилди. Айни пайтда ҳар бир туман ва маҳаллада ҳушёрлик ва огоҳликка чорловчи тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, соғлом ва маънавий баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашиш, ёшларни турли салбий таъсирлардан асраш мавзуларидаги учрашувлар шулар жумласидандир. Бу каби ишлар мунтазамлик касб этаётгани туфайли одамларимиз онгида фарзандини, ўз уйини, маҳалласини асраш, уни ёвуз ниятли кимсалардан ҳимоя қилиш туйғуси янада мустаҳкамланаётир.
Бундан ташқари, жамоат тартибини сақлаш, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларнинг юзага келишига йўл қўймаслик борасида доимий рейдлар ўтказилмоқда. Жумладан, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аҳоли пунктлари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида бу борадаги қоидаларга риоя этиш юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш билан бирга, тегишли идоралар ҳамкорлигида хонадонлар, ташкилот ва корхоналарда текширишлар ўтказилди. Наврўз сайиллари ўтказиладиган жойлар ва уларнинг атрофида жойлашган масканларнинг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилди. Натижада ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган фуқароларга тегишли тартибда жарима қўлланилди. Байрам тантаналари бўлиб ўтадиган майдонлар ва истироҳат боғларида ёнғин хавфсизлиги чоралари кўрилиши билан бирга, уларнинг барчасида соҳа ходимларининг навбатчилиги ташкил этилган. 
Байрам кунлари йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, светофор ва йўл чизиқларини янгилаш юзасидан салмоқли ишлар бажарилди. Энг муҳими, кенг, равон ва чиройли кўчаларимизда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчилари томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар тобора камаймоқда. Шу билан бирга, шаҳримизга ўқотар қуроллар, портловчи ва гиёҳванд моддаларнинг кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида йўл-патруль хизмати масканларида автотранспорт воситалари қатъий текширувдан ўтказилаётир.
Шунингдек, хавфсизликни таъминлашга қаратилган кенг қамровли “Тозалаш” тадбири уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда. Тадбир давомида аниқланаётган ҳуқуқбузарликлар ўз вақтида бартараф этилаётир.
Қайд этиш жоизки, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш нафақат ички ишлар идоралари ходимларининг, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Бу ҳар биримиздан огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этади. Шундай экан, яқинлашиб келаётган Наврўз байрамининг кўнгилдагидек ўтиши учун барча бирдек масъул эканини унутмайлик.

Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Баҳор тараннуми Юксак эътибор ва масъулият »