Эътибор, эъзоз, эҳтиром
  • 06 Март 2015

Эътибор, эъзоз, эҳтиром

хотин-қизларни оила ва жамиятда янада фаол бўлишга ундамоқда

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг мавқеини мустаҳкамлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини янада юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш шароитини яхшилаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар қамрови ҳамда салмоғи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Юртимиздаги ҳар бир аёл давлатимизнинг эътибори ва эъзозида. Бу эса уларни жамият ҳаётининг барча жабҳасида ўз закоси ҳамда иқтидорини намоён этишга ундаяпти, мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳиссини кучайтирмоқда. Қуйидаги дил сўзлари ҳам буни яна бир карра тасдиқлайди.
Халчахон МИРЗАЕВА, Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Хадича ая” фермер хўжалиги  раҳбари, Ўзбекистон Қаҳрамони:
— Аёлларнинг юзидаги мамнуният — бахтнинг ёрқин ифодаси. Бу бахтиёрлик, энг аввало, юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва иззат-икром самарасидир. Биргина мисол. Вилоятимиздан мамлакатимизнинг олий даражадаги мукофоти — Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган тўрт фуқаронинг уч нафари аёллардан иборат. Шунинг ўзи биз, нозик хилқат вакилларига билдирилган юксак ишонч, эҳтиромнинг ёрқин намунаси эмасми?!
Кўпинча “Ким эдигу ким бўлдик?” деган савол беихтиёр хаёлимиздан ўтади. Ҳар биримиз бунга ўз ҳаётимиздан жавоб топа оламиз. Масалан, менинг отам деҳқон эди. У кишининг  изидан бориб, йил-ўн икки ойни далада ўтказсам-да, эгнимга оҳорли кўйлак киймадим, косам оқармади. Мустақиллик шарофати билан қадримиз, қаддимиз тикланди, меҳнатимиз ортидан топганимизга барака  кирди. Бундан куч олиб, ерга меҳримизни бераяпмиз, фермер хўжалигимиз йил сайин ривожланмоқда.
Ёки ўз бизнесини йўлга қўйиб, эл-юрт фаровонлигига ҳисса қўшаётган ишбилармон аёлларимизни кўринг. Улардаги қатъият ва интилишга ҳавас қилса, арзийди. Энг муҳими, биз, аёллар ҳамиша ардоқдамиз.
Нигора ҲАЙДАРОВА, Тошкент вилоятидаги “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятининг техник назорат бўлими ходимаси:
— Бугун жамиятимизнинг қай бир жабҳасини олманг, у таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, молия-иқтисодиёт, саноат ёки хизмат кўрсатиш соҳаси бўладими, барчасида аёлларимиз фаоллиги яққол кўзга ташланади.
Узоққа бормай, корхонамиздан мисол келтирсам. Ўтган йили Чирчиқ шаҳридаги саноат касб-ҳунар коллежини битириб, шу ерда меҳнат фаолиятимни бошладим. Бугунги кунда қарийб олти ярим минг киши меҳнат қилаётган жамоамизнинг салмоқли қисми аёллардан ташкил топган.
Корхонамиз кимё саноатига ихтисослаштирилган. Цехимиздаги ишлаб чиқариш жараёнини аёллар иштирокисиз тасаввур этиш қийин. Жамоамиз хотин-қизлари инвестиция дастурларини бекаму кўст рўёбга чиқаришда, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалиётга муваффақиятли татбиқ этишда ўрнак кўрсатмоқдалар. Ўз навбатида, аёллар меҳнати ва ташаббускорлиги муносиб қадрланаётир. Корхонамизда ишлаётган хотин-қизлар йилнинг тўрт фаслида, исталган вақтда сифатли ва кафолатланган тиббий хизматдан бепул фойдаланиш, имтиёзли йўлланмалар билан сиҳатгоҳларда саломатлигини мустаҳкамлаш имкониятига эга. Меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам аёлларимиз манфаатига устувор аҳамият берилмоқда.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn