Қалбларда фахр ҳисси
  • 06 Март 2015

Қалбларда фахр ҳисси

Миллий армиямиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ўз яқинлари бағрига қайтаётган йигитларни катта тантана билан кутиб олиш яхши анъанага айланган.

2014 йил 26 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида ана шундай байрамона тадбир Наманган шаҳридаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, аскарларнинг ота-оналари, ёшлар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, иқтисодиётимизни ривожлантириш, халқимиз турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини юксалтириш йўлида беқиёс ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг самараларини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, шаҳару қишлоқларимизда рўй бераётган улкан ўзгаришлар мисолида кўриб, қалбан чуқур ҳис қилиб турибди.
Ана шундай ютуқларимизда бугунги замон талаблари даражасида шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз Ватанимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир. Бу Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топган. Хусусан, Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади”. Мана шу мезон асосида ташкил этилган профессионал армиямиз сафида бугун она-юртга садоқатли, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук ўғлонлар хизмат қилаяпти.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ёшларга давлатимиз томонидан қатор имкониятлар, имтиёзлар яратиб берилгани ҳам алоҳида диққатга сазовордир.
— Энг катта орзуларимдан бири ушалди, — дейди резервга бўшатилган Баҳодир Умаров. — Муддатли ҳарбий хизмат даврида тажрибали офицер ва сержантлардан соҳага оид билимларни чуқур ўргандим. Жисмоний ҳамда маънавий жиҳатдан чиниқдим, иродам тобланди. Ўзимга билдирилган ишончни оқлаб, яқинларим бағрига ёруғ юз билан қайтганимдан хурсандман. Мақсадим — қайси соҳада меҳнат қилишимдан қатъи назар, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш.
Мана шу ўтган бир йил мобайнида дилбандининг анча улғайгани, куч-қувватга тўлганини кўрган ота-оналарнинг ҳам қувончи чексиз.
— Ҳарбий либосдаги йигитларни кўрсам, аскарлик даврим ёдимга тушади, — дейди косонсойлик Ҳабибулло ота Жўраев. — Бироқ у пайтлардаги армия билан ҳозиргисининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Илгари ота-оналар фарзандини ҳарбий хизматга тушкун кайфиятда кузатарди. Чунки ўша вақтдаги муҳитни билгани учун ҳам боласининг тақдиридан хавотирланарди-да. “Ўғлим соғ-саломат қайтармикин, яна бағримга босармиканман?” деган ҳадик қийнарди. Ҳозир-чи?! Болаларимиз ўз уйида, юртида хизмат қилаяпти. Кутиб олиш, кузатиш маросимларини айтмайсизми? Катта бир тантананинг ўзи-я... Ҳамма хурсанд. Мана шундай кунларга етказганига шукр.
Менинг ҳам невараларимдан учтаси Қуролли Кучларимиз сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган. Мана, бугун яна бири — Неъматжонни кутиб олдик. Уни бағримга босиб, қалбим тоғдек кўтарилди.
Тўрақўрғон туманилик Зоҳиджон Ортиқов муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетишдан аввал ўз қишлоғидаги педагогика коллежини спорт йўналиши бўйича тамомлаган эди. Белгиланган синовлардан ўтишида таълим муассасасида олган билимлари қўл келди. Армияда ҳам намунали хизмати, интизоми, одоб-ахлоқи билан ҳарбий қисм қўмондонлигининг эътирофини қозонди.
— Мен ўзимни энг бахтли она, деб айта оламан, — дейди Зоҳиджоннинг онаси Эътибор Ҳамроқулова. — Фарзандинг юртга муносиб бўлиб улғайганини кўришдан ҳам ортиқроқ қувонч борми дунёда?
Тантанали кутиб олиш маросими санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқларига уланиб кетди.


Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ
олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn