Аёллари эъзозланган юрт
  • 05 Март 2015

Аёллари эъзозланган юрт

Ватанга, оилага, ҳаётга ва келажакка эҳтиром — аёлга, онага эҳтиромдан бошланади. Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади. Зеро, дунёдаги жамики буюк зотлар, жаҳонгирлар оқила ва доно оналар, гўзал табиатли аёллар бағрида ўсиб-улғайишган. Шу боис ҳам аёлни азалдан муқаддас билиб, унга ҳурмат-иззат кўрсатилган. Аёл шаънига қанчадан-қанча қасидалар, шеъру достонлар битилган.

Аммо улар ҳамма замонларда  ҳам эъзоз топган, улуғланган, дея оламизми?! Яқин замонларни бир эсласак, бу саволимизга жавоб тайин бўлади. Илгарилари ўзбек аёлига дала ишчиси, бола тарбиячиси ҳамда уй бекаси сифатида қаралгани ҳаммамизнинг эсимизда. Кундузлари далада кетмон чопиб, тунлари бешик қучоқлаб тонг оттирган аёлларимизнинг машаққатини ҳеч ким тушунмади. Унинг орзу-умидлари  саробга айланди, қобилияти юзага чиқмай қолаверди. Соғлиғи ҳақида биров ўйламади. Рўзғоридаги кемтикликни-ку, айтманг. Учрашувларнинг бирида бир танишим онаси ўн уч фарзандни туғиб-тарбиялаб, вояга етказганини, кундузлари далада ишлаб, мол-ҳолга қараш, кир ювиш, овқат қилиш ва нон ёпиш билан овора бўлганини, уйидан 15 километр наридаги Хивани умрида бир мартагина бориб кўрганини, 50 ёшида касалликдан қазо қилганини ғам-андуҳ билан гапириб берди.
Ўз фаолиятимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, бир вақтлар биз,  ўқитувчилар жуда оғир шароитларда ишлардик. Мактабимизга бирор меҳмон келса хижолат бўлардик. Чунки мактаб биноси жуда хароб ҳолда эди. Шундай аҳволда икки босқичда дарс бериб, яна туни билан дафтар текширар, эртанги ўқув жараёнига тайёргарлик кўрардик.
Бахтимиз шундаки, истиқлол йилларида бундай кўримсиз манзараларга чек қўйилди. Аёлларимиз чинакамига эъзозу ҳурмат, қадр топди. Бугун тиниб-тинчимас ўзбек аёли — Сенат аъзоси, раҳбар, санъаткор, тадбиркор, врач, ўқитувчи, фан арбоби, жаҳон чемпиони, оила таянчи ва баркамол авлоднинг улуғ онасидир. Бугун озод ва обод юртимизнинг барча соҳадаги дадил қадамида, эришаётган оламшумул ютуқларида хотин-қизларнинг муносиб ҳиссаси бор. Уларга кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ҳамда юксак эътибор туфайли мамлакатимиз аёлларининг жамиятдаги мавқеи ва нуфузи юқори даражада.
Истиқлол боис ўзбек хотин-қизларининг бахту иқболи очилди. Ҳозирги кунда давлатимизнинг юксак унвонлари ва орден-медалларига сазовор бўлган турли касб соҳибаларини, фидойи ва меҳнаткаш аёлларимизни санаб саноғига етолмайсиз.
Дарҳақиқат, бугун ўзбек аёллари давлатимиз ва жамиятимизнинг ардоғида, эътиборида. Ҳозирги кунда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, опа-сингилларимизнинг оғирини янада енгиллаштириш, уларнинг қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, лўнда қилиб айтганда, аёллик бахтини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бунда ўтган даврда қабул қилинган, жамиятнинг барча соҳасида аёллар манфаатларини ифода этадиган ўнлаб меъёрий ҳужжатлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини айтиб ўтиш жоиз. Мазкур ҳужжатлар доирасида амалга оширилаётган салмоқли ишлар жамиятимизда аёллар мавқеини янада юқорига кўтаришга имконият яратмоқда. Чунончи, “Соғлом она — соғлом бола” дастури доирасида соғлиқни сақлаш тизимида улкан янгиланишлар юз берди. Замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан  тўлиқ жиҳозланган қишлоқ врачлик пунктлари, диагностика марказлари, туғуруқхоналар, скрининг ва перинатал марказлари ишга туширилди. Оналик ва болалик муҳофазаси устувор йўналишга айланди. Ҳар бир аёлнинг сиҳат-саломатлигини таъминлаш масаласи назоратга олинди.
Бундай ғамхўрликнинг яна бир муҳим жиҳати, хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлашнинг асосий шарти сифатида аёллар спортини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда намоён бўлмоқда. Тегишли ташкилотлар оилавий, болалар ва аёллар спортини оммалаштириш бўйича фаол иш олиб бораяпти.
Биз интеллектуал бойлик ҳукмронлик қилаётган асрда яшаяпмиз. Бундай шароитда ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш улуғ мақсад ва вазифа ҳисобланади. Буни уддалашда ҳам оқила аёлларимизнинг ўрни ҳамда таъсири катта. Бугунги кунда кўплаб фарзандларимиз жаҳон миқёсида ўтказиб келинаётган нуфузли фан олимпиадалари, халқаро кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиб, Ўзбекистонимизни дунёга танитмоқда.
Ана шу жараёнга, оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан фахр-ифтихор туяман. Мана, эллик йилдирки, мактабда болаларга сабоқ  бериб келаман. Таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг самарасини кўриб қувонаман. Юртимиздаги барча мактаблар муҳташам биноларга эга бўлди. Тизимга замонавий педагогик технологиялар жорий этилди. Ўз навбатида, энг сўнгги русумдаги компьютерлар, ўқув жиҳозларидан фойдаланилмоқда. Ёшлар эса ниҳоятда билимга чанқоқ ва зукко.
Севган касбимда ишлаб, қадр топдим, эл ҳурматига сазовор бўлдим. Камтарона меҳнатларим эъзозланиб, Ўзбекистон Қаҳрамони деган улуғ мақомга эришдим. Қаерга борсам, бир пайтлар ўзим таълим-тарбия берган шогирдларимга дуч келаман. Уларнинг камолини, ҳаётда эришган нуфузини кўриб, бошим осмонга етади. Меҳнатинг самарасини кўриш катта бахт, албатта.
Аминманки, бугун ана шундай бахтга ҳар бир ўзбек аёли мушарраф бўлаяпти. Уларнинг ҳам ўз севган касби, оилада ва жамиятда ўз ўрни бор. Мен уларнинг ҳаё, вафо, садоқат ва меҳру нафосат йўғрилган гўзал, бахтиёр чеҳраларини ҳар куни кўраман. Бу бахтиёрликни ўқувчи либосида дарсга ошиқаётган қизчалар, замонавий корхоналарда меҳнат қилаётган қиз-жувонлар, болаларга сабоқ бераётган муаллималар, депутатлик фаолиятига киришган аёл, намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйида мамнун яшаётган, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган енгил автомобилни бошқараётган, соғлом ва хушвақт фарзандини эркалаётган аёллар юзида кўриб, қувончим ичимга сиғмайди. Бу биз, аёлларга ҳаёт гултожи, деб қараб, жамиятда тутган ўрнимизни янада мустаҳкамлаш, ҳар жабҳада фаоллигимизни ошириш, ҳар доим соғлом бўлишимизни таъминлашга қаратилган беқиёс эъзоз туфайлидир.
Мухтасар айтганда, бугун ўзбек аёлининг қалбига қулоқ тутсангиз, ҳаётидан беҳад мамнун эканлигини, шодонлигини эшитасиз. У билан бирга қувониб, унинг бахтли дамлари учун истиқлолдан миннатдор бўласиз. Шубҳасиз, аёли эъзозланаётган гўзал ва обод юртнинг эртанги куни ҳам нурафшондир.


Анор МАҲМУДОВА,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Гурлан туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактаби директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ватан муқаддасдир Қалбларда фахр ҳисси »