Садоқат ва ҳаёт куйчиси
  • 27 Февраль 2015

Садоқат ва ҳаёт куйчиси

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда аёл зотига, ижод аҳлига кўрсатилаётган ёрқин эҳтиром рамзи сифатида кенг жамоатчилик томонидан мамнуният билан кутиб олинди.

Ибратли умр йўллари
Зулфияхоним ўзининг бой адабий мероси, фаол жамоат арбоби сифатидаги фаолиятида ўзбек аёлларининг салоҳияти нақадар юксак эканини кўрсатиб берди. У латиф ижоди билан миллионлаб кишиларга эзгулик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқ берди.
Зулфия опанинг туғилган кунларида ёки бошқа сабаб билан у кишининг хонадонларига бориб турардик. Дилдан суҳбатлашиб, шеърият ҳақида гаплашардик. Опа билан илк учрашганим ҳозиргидек эсимда. Ўшанда 1957 йил, 9 февраль эди. Алишер Навоий таваллуд топган кун муносабати билан уюштирилган анжуман якунлангач, Зулфия опанинг ёнларига бордим. “Навоий ижоди бўйича бўлажак илмий ишларингизга муваффақият ёр бўлсин”, дедилар опа. Шундан кейин тез-тез кўришиб турадиган бўлдик. Хусусан, у киши “Саодат” журнали таҳририятига чақириб турардилар. Шундай учрашувларнинг бирида Зулфия опа қўлимга ўз ёзувларида Навоийнинг ушбу мисраларини тутқаздилар:
Кўнгул жон бирла борди ҳамроҳинг, мен дард ила турдум.
Сенга жон бирла кўнглумни, сени Тангрига топширдим.
Улуғ Алишер Навоийнинг бу мисраларида Зулфиянинг орзу-армонлари, дардлари ифодаланган эди, гўё... 
Ардоқли шоирамиз билан Дўрмондаги суҳбатлар, сафарларда бўлганимиз, атоқли мусаввир Чингиз Аҳмаров суратларини чизганларида ёнларида турганим, Москвада ўтган ўзбек адабиёти ва санъати декадасида бошқа республикалардан табрик учун келган машҳур шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар билан мулоқот қилганларимизни ёдга олар эдик. Опа мумтоз адабиётга ниҳоятда меҳр қўйган, хусусан, Навоий давридаги шоиралар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишга қизиқардилар. Ёшлари улғайиб, хасталаниб қолганларида асосан телефон орқали гаплашиб турадиган бўлдик. Бир куни қўнғироқ қилиб: “Бир байт ўқинг, форсий бўлсин, маъносини биргаликда таҳлил қиламиз”, дедилар. Мен секин-аста ўқидим. Унинг мазмуни шундай эди: Эй, шаршара, овоз чиқариб, нола қиласан, қайси дарёдансан? Чеҳрангга ажин тушириб, кимнинг ғамини чекасан? Дардинг қандай дардки, мен каби тун бўйи бошингни тошларга уриб йиғлаб чиқасан?” Ушбу сатрларнинг аслида, яъни форсийда “Обшор” деган сўз бор бўлиб, опадан унинг таржимасини шаршара дейинми ёки шалолами, деб сўрадим. Ўшанда опа: “Шаршара, деб атанг. Унда овоз ҳам, зарб ҳам бор”, деган эдилар.
Кейин билсам, бу охирги сўзлашувимиз бўлган экан...
Зулфияхоним шеърларини урду тилига таржима қилган, ўзбек — ҳинд марказида ишлаган профессор Қамар Раис шоирамиз ҳақида шундай ёзган эди: “Шубҳасиз, у ўзбек мумтоз адабиёти анъаналаридан кўп фойдаланган. Шу билан бир қаторда, жаҳон адабиётининг услубларини ҳам яхши билган. Ана шу сарчашмалар билан бирга ўзининг зеҳну заковати орқали ўз шеъриятини яратиб, унга янги овоз ва янги тарз бахш этди. Унинг шеърий тафаккури янги тафаккур андозасида намоён бўлди”.  
Дарҳақиқат, шундай. Ҳазрат Алишер Навоийнинг кўпгина асарларида: “Яхши ном қолдириш — инсоннинг иккинчи умридир” деган ҳикмат бор. Зулфиябегимдан нафақат яхши ном, шу билан бирга, бетакрор шеърлар, издош шоиралар, ибратли умр йўллари қолди.

Суйима ҒАНИЕВА,
Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори,
«Буюк хизматлари учун» ордени соҳибаси.

Шарқона латофат
Шоиранинг шеърлари ҳақида, уларнинг латофати, инсоний жозибаси, теранлиги тўғрисида жуда кўп гапириш мумкин. Лекин мен бугун бошқа бир саволга жавоб излаяпман — Зулфияни одамларга ардоқли қилган, адабиётимизнинг ёрқин юлдузларидан бирига айлантирган, ХХ асрнинг буюк аёллари қаторига қўшган асосий омил нима? Менимча, бу унинг эътиқоди, жуда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатлари, дили билан тилининг бирлиги, шеърларида мадҳ этган инсонийлик, вафо, садоқат ва диёнат деган нарсаларга ўзи ҳаётда оғишмай амал қилганида. Истеъдод улуғ неъмат, лекин истеъдоднинг ўзи билан иш битмайди, шекилли. Минг афсуски, бизда айрим истеъдодли шоирлар ва шоиралар бор, бироқ улар ўзларининг истеъдодларига берилиб кетадилар-у, шунга яраша инсон сифатида ҳам улуғ бўлиш кераклигини унутиб юборадилар. Бунақа одамнинг ижоди бирон бир тайинли қимматга ёхуд салмоққа эга бўлолмаслиги ўз-ўзидан аён. Зулфия опанинг ибрати шундан далолат берадики, ҳар қандай истеъдоднинг ёнига инсоний фазилатлар қўшилсагина, ижод муайян салмоқ касб этади. Бунга эса бутун умр бўйи давом этадиган машаққатли меҳнат билан, астойдил жон куйдириш билан эришилади.

Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг
«Сизни соғиндим, Зулфия опа» мақоласидан.

Чинакам дўстлик тимсоли эди
Ҳиндистонга келганида Зулфия менинг меҳмоним бўлди. Ана шунда ўртамизда мустаҳкам дўстлик пайдо бўлди. Бу дўстлик мен Ўзбекистонга ташриф буюрганимда яна ҳам чуқур илдиз отиб, гўзал мевалар берди.
1961 йили мен Зулфия хонадонида бўлдим. Унинг бир неча шеърларини панжоб тилига ўгирдим, у эса менинг байтларимни ўзбекчалаштирди.
Яна илҳом шавқида юрак
Сўз излайди ёниқ, беором...
Ўзбекча сўзлар, панжоби оҳанглар бир сатрда тизилиб, илҳом шариллаб, дўстлик ҳақида гўзал бир достон ёздим.
Тошкентдаги ўқув юртларидан бирида адабий учрашув бўлди. Биз ўз шеърларимизни ўқидик. Мен бухороча зардўзи дўппи кийиб олган эдим. Зулфия қулоғимга шивирлади:
— Ё, раб, сен ўзбек гўзалига ўхшайсан, Амрита!
Эртаси куни биз атлас тўқувчи қизлар даврасида бўлдик. Бизга шоҳи рўмоллар туҳфа қилишди. Шоҳи дуррача ўраган Зулфияга қараб мен ҳам лутф қилдим:
— Зулфия, сен панжоб гўзалининг ўзи бўлдинг-қолдинг!
Зулфия мени ўзбекчалаб “Амрита хоним”, деб атай бошлади, сўнг исмимнинг маъносини сўради, ўзбекчада мени “Ўлмас хоним” деб сўйлай бошлади. Мен “Зулф” сўзининг ҳиндучада “Алка Кумари” маъносини билдиришини айтиб, дугонамни Алка Кумари деб чақира бошладим.
Бизнинг дўстлигимиз икки шоиранинг, икки тилнинг, икки элнинг чинакам дўстлиги, дилга яқинлиги тимсоли эди.

Амрита ПРИТАМ,
ҳинд шоираси, адибаси.

Қанотбахш умид
...Мен яна бир нарсага қаттиқ умид қиламан. Йиллар ўтаверади, Ер юзидаги ҳаёт бундан ҳам гўзаллашаверади, унда бугунгидан ҳам яхшироқ инсонлар — руҳи бой одамлар яшайди. Агар ўша кишилар ҳам менинг бирор сатримни эсга олсалар, ўша сатр улар учун керакли бўлса, қалбининг бўш бир нуқтасини тўлдирса... Қаламимга шу умид куч беради. Зотан, шу илинжсиз ёзишнинг кераги йўқ! Шоир фақат бугуни учун шоир бўлса, бўлмагани яхши!

Ўзбекистон халқ шоири ЗУЛФИЯ.
1978 йил

Тингла булбул
Булбул сайрар, ирмоқ куйлар, ўйнар ел,
Ҳамма ёққа нур тўлганга ўхшайди.
Ширин куйга тўлиб кетди маъсум дил,
Севги унга ёр бўлганга ўхшайди.
 
— Тўхта, булбул, мен куйлайин, жон булбул,
Сен тинглагин қалбимдаги торимни.
Баҳор десам, рашк қилмасин чаман гул,
Юрагимга кириб олган ёримни.
 
Мен ёр севдим, ишқ ўради ўйимни,
Эрка дилнинг тўлқинига қулоқ сол.
Сен бийронсан, лекин менинг куйимни
Кўрки бўлган садоқатдан сабоқ ол...

Аёл қалби тараннуми
Ўзбек шеъриятида Зулфия деган номнинг чақнаб пайдо бўлиши — тонг юлдузининг туғилишига тенг воқеа бўлгани ҳануз эсимда, ўша тонгнинг ўзидай рост ва ёрқин бир ҳақиқат бу ўзи! Чигилликлар, тортишувлар, изланишлар тўлиқ бир паллада янги ва умидбахш бир садо, ёқимли бир соз жаранглаб кетган эди-да. Ўша кезда аёл зотидан қўлига қалам олганлар саноқли ва пайдо бўлиб улгурмайин сўниб қолар, ижодлари ҳам умумийроқ, бир-бировдан фарқсизроқ, ибтидоийроқ, жўнроқ назмгўйликдан нари ўтолмаган машқлар, ўхшатмалар эди. Давр ва поэзия аёл эрки, аёл қалби, изтиробга лиммо-лим она тимсоли, она армонлари, она бахтини, она дилини куйлашга қодир бир онабошига муҳтож ва интизор эди. Зулфия ана шу бўшлиқни тўлдириб қўлига соз олган, ўша чанқоқликни қондирган биринчи аёл, биринчи куйчидир.

Ўзбекистон халқ шоири Миртемирнинг «Тонг куйчиси» мақоласидан.

Обод юртнинг ардоғидамиз
Болалигимдан шеъриятга қизиқаман. Ўзбек мумтоз адабиёти вакилларининг меросини мутолаа қилиш жону дилим. Айниқса, садоқат ва вафо тимсолига айланган шоира Зулфиянинг шеърлари ўқувчига ҳар доим баҳор нафасини бахшида этади. Улардан баҳраманд бўлганим сари ўзимнинг ҳам кўнглимда ажиб ҳислар уйғониб, шеърлар битгим келаверади.
Юртимизда Зулфия номидаги Давлат мукофотининг таъсис этилгани миллий адабиётимиз тарихида муҳим воқеалардан бири бўлди. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан кўплаб қизлар адабиёт, маданият, таълим, спорт ва бошқа соҳаларда эришган юқори натижалари учун ушбу мукофот билан тақдирландилар. Мен ҳам улар сафида эканимдан фахрланаман. Негаки, ардоқли шоира номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиш ҳар бир ўзбек қизи учун чинакам саодат, деб ўйлайман.
Айни пайтда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабасиман. Шу билан бирга, “Зулфияхоним издошлари” ижодий клуби сардориман. Бу ерда бир гуруҳ тенгдошларим билан ҳассос шоиранинг ижодий олами билан яқиндан танишиб борамиз. Зулфиянинг шогирдлари — шоирлар, адабиётшуносларни таклиф қилиб, уларнинг қимматли фикрларидан баҳраманд бўламиз.
Инглиз ва немис тилларини пухта ўрганганим боис ўз асарларим ҳамда устозимиз Зулфия шеърларини таржима қилиб, хорижлик адабиёт мухлислари эътиборига ҳавола қилмоқчиман.
Президентимизнинг 2014 йил 31 октябрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори миллий адабиётимизни янада равнақ топтириш, ижодкорларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишнинг ёрқин ифодаси бўлди. Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудида ушбу қарор ижроси асосида турли маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтаяпти. Уларда устозимизнинг ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат ва садоқат, яхшилик ва эзгулик туйғуларини тараннум этувчи асарлари халқимизга, хусусан, ёшларимизга чуқур етказилиб борилаяпти. Ушбу тадбирларда Зулфияхоним издошлари ҳам фаол иштирок этаяпти.
Умуман олганда, шоира Зулфия бугунги тинч ва осуда, обод ва фаровон ҳаётимизни баланд пардаларда куйлади. Биз эса ана шундай Ватаннинг бахтли фарзандлари эканимиздан фахрланамиз.

Гулноза ШАРАФОВА,
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

Масъуд ва унутилмас онлар
Ноёб чашмаларнинг сувидан бир ҳовуч ичсангиз, таъми оғзингизда қолади, қайта-қайта унинг зилолидан баҳраманд бўлсам, дейсиз. Зулфия шеърлари шундай чашмага ўхшайди. Ундаги бахтнинг олий замзамаси сизни юксакларга олиб учади. Инсон дардининг ларзали лаҳзалари қалбингизни остин-устун қилиб юборади. Бахтини ўзингизники каби қабул қиласиз, бошингиз қувончдан айланиб кетади. Дардидан маҳзун хаёлларга чўмасиз-у, лекин аста-аста жонингиз исий бошлайди, унинг кечинмаларида яшай бошлайсиз.
Юрагингизнинг аллақаерларида ёнмаган чироқлар ногоҳ порлаб кетади. У куйлаган дардда некбинлик бор, ҳаётга, одамларга муҳаббат бор. У — сизнинг қачон-қачонлардир бошдан кечирган ғалаёнли дамларингиз ифодаси. Ҳижрон кечаларида унинг сувратига топиниб, шеърларидан таскин топган, матонат дарсини олганлар бу шоирани вафо куйчиси, дея эъзозлайдилар. Зулфия лирикасидаги самимият, ростгўйлик, ўқувчига нисбатан эҳтиром туйғуси бениҳоя кучли. Шу боис муҳаббат ҳақида у не деса, ҳаммаси ярашиқли. Унинг қалами сўйлаганларига ўқувчи ишонади, ўзиники каби қабул қилади.
Шеърият инсондан кучли маънавиятни, бардошу чидамни талаб қилади. Шошмашошарлик, ёзилган нарсанинг сиёҳи қуримасдан туриб, нашрма-нашр югуриш, аввало, ижодкорнинг ўзи учун зарар. Шоиранинг шеър дафтарига кўзим тушганида, шу маънода, катта бир ибрат кўраман. Ёзилган, ўчирилган, тузатилган, устидан чизиқ тортилиб, саҳифа орқасида қайта тикланган, дафтар ҳошияларига тизилган бандлар... У шеърлар бошланган кун билан сўнгги нуқта қўйилган вақт орасида баъзан йиллаб масофа ётади... Ниҳоят шеър оққа  кўчирилади. Шунда шоиранинг чарақлаб кетган кўзларида ҳали ҳам илҳомнинг олови, файзи мафтункор бир жозиба бағишлаб турганини кўп кўрганман. Бундай кунлар у: “Юринглар, шеър ўқиймиз”, дея барчамизни хонасига таклиф этарди…
Қулоғимда унинг “Рашк” шеъридаги мардона, самимий саволи жаранглайди:
Халқ қалбидай бир гўзал шеърга
Етармикан ҳеч қачон кучим?!
Қанийди, бу савол ҳаммамизнинг ҳам дилимизда бот-бот такрорланиб турса! Шунда эълон қилинаётган шеърлар орасида хом-хатала, икки томчи сувдек бир-бирига ўхшашлари камроқ бўлармиди...
— Ҳар бир ўқувчи қалбида бир шоир яшайди. Ҳар бир инсон ўзича шоирона оламга эга. У қўлига қалам  олиб, бирор сатр шеър ёзмаса-да, адабиётни, сўзни нозик тушунади. Шунинг учун ҳам бундай мухлисларга ҳар қандай пала-партиш тизмаларни тақдим этиш одобдан эмас. Бу масъулиятсизлик ва ўзини иззат қилмасликдир. Масъулият, талабчанлик — санъаткор учун бош мезон, — дердилар устоз.
Зулфиянинг матбуот юзини кўраётган асарлари мана шу ақидага биноангина нашрга тавсия этиларди.
Шундай дақиқаларда унинг Ҳамид Олимжон билан бирга тушган суврати кўз ўнгимда жонланади. Палак. Палакнинг кашталари чодир-чаман. Ҳамид Олимжон оппоқ кителда. Бир қўлини тиззага тираган. Мағрур, хиёл жилмайган. Ижоди, ҳаёти барқ уриб гуллаган камолот ёшида. Гўё ҳозир гумбурлатиб шеър ўқий бошлайди. У билан елкама-елка атласдай сочлари силлиқ таралган, навниҳолдай Зулфия турибди. Хаёлчан. Маъсум. У сўзнинг инжа хаёлларига ғарқ. Рафиқининг овозини тинглаётгандай...
Шу нозик елкаларга қулаган ҳижрон тоғи қанчалар залворли эди! Даҳшатли эди! Бу баҳайбат, қора ҳижрон тоғи юк кўрмаган елкаларни эзиб ташлай олмади! Бу ғам-андуҳ билмаган соз кимдан қувват олди? Бу елкаларга қандай улуғ қудрат мадад бўлган эди?
Бахтиёр севгини куйларди созим,
Ўлим ханжарига тегдию синди.
Ҳижрон фарёдидай совуқ овозим,
Наҳот, лириканинг ёлқини тинди!
Зулфиянинг таянч тоғи — халқи, устозлари, сафдошлари, дўстлари. Унинг бардоши “Куяман-у, бўлмайман адо”, деб ёзганида қанчалар ҳақ, қанчалар севимли, қанчалар ардоқли...
Зулфия опа мақтовини ҳам, тўғри маслаҳатини ҳам аямасди.
Яхши шеър билан кўринган шогирди сатрларини фахр билан такрорлаб, кўзлари билан эркалашни ёқтирарди: “Умри узоқ бўлсин!” Онага ўхшаб юракдан алқаб қўйишни ҳам биларди.
Зулфия шеърияти яхши инсонларга Ватан бўлган тупроққа қасида. Унинг ёзганлари эзгуликка тўла ёруғ оламнинг қўшиғи. Унинг ғурури, сурури, бутун изтироби, дардлари, куюнчи, суюнчи, осуда хаёллари, долғали туйғулари балқиб ётган бетакрор ижодиёти халқимиз меҳнати, ҳаёти, келажагининг ажралмас бир парчаси. Унинг бедорлиги, беоромлиги, илҳоми, ҳижрони, ўчмас муҳаббати — ўз халқининг юрак забтига, томир уришига ҳамоҳанг.

Ойдин ҲОЖИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn