Муҳаббат ва садоқат тимсоли
  • 24 Февраль 2015

Муҳаббат ва садоқат тимсоли

Пойтахтимиздаги Темурийлар тарихи давлат музейида Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
“Мустақиллик даври адабиётида Зулфия ижодининг аҳамияти” мавзуидаги мазкур тадбирда адабиётшунос олимлар, республикамиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, шоир ва ёзувчилар, шеърият ихлосмандлари, шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққан ЎзФА вице-президенти Б. Абдуҳалимов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али ва бошқалар мамлакатимизда маънавиятга, адабиётга қаратилаётган эътибор кўплаб иқтидорли ёшларнинг етишиб чиқишига, ўзбек адабиёти ва санъатининг жаҳон саҳналарида баралла янграшига хизмат қилаётганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, миллий адабиётимиз ва санъатимизга ҳисса қўшган шоир ва ёзувчилар хотирасига эҳтиром кўрсатиш, уларнинг асарларини тарғиб этиш борасида ҳам ибратли ишлар амалга оширилаётгани эътироф қилинди. Давлатимиз раҳбарининг  “Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бунинг яққол тасдиғидир.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, айни пайтда шоира ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи бир қатор китоблар нашр этилди. “Сайланма”, “Зулфия замондошлари хотирасида” тўплами, қорақалпоқ тилидаги “Мушоира”, “Сени куйлайман, ҳаёт” асарлари шулар жумласидандир. Қолаверса, Зулфиянинг энг сара асарларини жамлаган “Мен ишқ эдим” деб номланган китоб инглиз тилида чоп қилишга тайёрланмоқда.
— Зулфия халқимиз маънавиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган ижодкор, чин маънодаги истиқлол куйчиси эди, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Бахтижон Исроилова. — Мен айни пайтда шоира шеърларини чет тилига таржима қилаяпман.  Мақсадим, устозимиз ижоди мисолида адабиётимизни дунёга танитишга ҳисса қўшиш. Зеро, Зулфия ҳаёти ва ижоди ҳар бир хотин-қиз учун ибрат мактабидир.
Анжуман доирасида Зулфия асарлари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

М. ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn