Юртимизнинг бой тарихий мероси, гўзал табиати хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйўотмоқда
  • 18 Февраль 2015

Юртимизнинг бой тарихий мероси, гўзал табиати хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйўотмоқда

Яқинда Италияда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тақдимот маросими бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси томонидан “Federturismo Confindustria” Италия миллий сайёҳлик федерацияси билан ўзаро ҳамкорликда уюштирилган ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг кўҳна тарихи, бой маданий мероси, жаҳонга машҳур маҳобатли ёдгорликлари ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳудудида жаҳонга машҳур кўплаб маданий-тарихий иншоотлар мавжуд. Ўтган давр мобайнида мамлакатимиздаги тўрт мингдан зиёд моддий-маънавий обида умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган.
Ўзбекистоннинг бой ва бетакрор тарихий мероси, гўзал табиати ва жуғрофий жойлашуви дунёнинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳларга кўнгилдагидек ҳордиқ чиқариши ҳамда мароқли саёҳат қилиши учун имкон бермоқда.
Қайд этилганидек, ўтган йили БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши 99-сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги имкониятлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини тасдиқлайдиган далиллардан бири бўлди. Шунингдек, мустақиллик йилларида юртимизда сайёҳлик саноатини жаҳон андозаларига монанд равишда ривожлантириш, яъни замонавий меҳмонхоналар барпо этиш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш, сайёҳликнинг янги турлари ва йўналишларини яратиш юзасидан кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Биргина 2014 йилнинг ўзида халқаро сайёҳликни тараққий топтириш учун 580 миллион АҚШ долларидан зиёд сармоя киритилди.
“Federturismo Confindustria” директори Антонио Баррека Буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон бугунги кунда бой тарих ҳамда улкан сайёҳлик салоҳиятига эга давлат эканлигини таъкидлади. “Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлар, шубҳасиз, Буюк Ипак йўлининг ганжиналаридирки, шу боис улар эртаклардагидек дунёнинг барча мамлакатидан сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилмоқда”, деди у.
Тақдимот иштирокчилари эътиборига Марказий Осиёдаги энг йирик авиакомпаниялардан бири — ўзининг замонавий авиапаркига эга бўлган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг фаолияти тўғрисидаги батафсил маълумотлар ҳам ҳавола қилинди. Италиялик қатнашчилар эътироф этганидек, Рим ва Милан шаҳарлари билан Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновларининг мавжудлиги нафақат Италия, балки бутун Европа минтақасидаги саёҳат ишқибозларини Ўзбекистонга янада яқинлаштирмоқда.

«Жаҳон» АА.
Рим

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn