Бебаҳо маънавий хазина
  • 17 Февраль 2015

Бебаҳо маънавий хазина

Шу кунларда мамлакатимиз барча ҳудудида улуғ аждодларимиз — Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган сана муносабати билан адабий-бадиий кечалар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Олимлар, шоир ва ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар, жамоатчилик вакиллари ҳамда талаба-ёшлар иштирокида ташкил этилаётган бу каби анжуманларда бобокалонларимизнинг маънавий мероси, уларнинг ибратомуз ҳаёти ва фаолияти ҳақида сўз юритилаяпти. Хусусан, Ўзбек Миллий академик драма театрида 14 февраль куни Бобур таваллудининг 532 йиллигига бағишлаб “Нафосат гулшани” номли адабий-бадиий кеча ўтказилди. Таъкидланганидек, ушбу тадбир ёш авлодни улуғ бобомизнинг эзгу тушунчалар теран мушоҳада этилган бебаҳо асарларидан баҳраманд қилиш, шу орқали уларнинг тафаккур ва маънавияти, бадиий-эстетик маданиятини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобур битган ўлмас асарларнинг жаҳон адабиётидаги юксак мақоми, ёшлар тарбиясидаги беқиёс аҳамияти ҳақида фикр юритилди. Бобур ғазалларидан намуналар ўқилди. Шоир шеърлари билан айтиладиган мумтоз қўшиқлар ижро этилди.
Театр фойесида буюк шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган тасвирий ҳамда амалий санъат намуналари, Бобур асарлари ва бобуршуносликка оид китоблар кўргазмаси ташкиллаштирилди.
Улуғ бобокалонларимиз хотирасига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам уюштирилди. Жумладан, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Алишер Навоийнинг 574 йиллиги, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 532 йиллиги муносабати билан “Барҳаёт сиймолар” деб номланган илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Тадбирда “Навоий ва Бобур — маънавий қадриятларимиз сарчашмаси”, “Навоий ва Бобур: тақдир ва ижод муштараклиги”, “Умумтаълим мактабларида Бобур ҳаёти ва ижодининг ўрганилиши” мавзуларида сўз юритилди.
— Бобур етук шахс бўлган, — дейди мазкур институт профессори Каримбой Қурамбоев. — Унинг ҳаёти фақат жангу жадаллар, тинимсиз курашлардангина иборат бўлмай, балки бетакрор ҳамда ажойиб ижод намуналари билан ҳам безалган. Биргина “Бобурнома”нинг ўзи ўрта асрларга оид энг мукаммал ва нодир асар сифатида эътироф этилганлиги ҳамда дунёнинг кўплаб тилларига ўгирилганлиги фикримизга ёрқин мисолдир.
Андижон вилоятида ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 532 йиллиги кенг нишонланди. Бобур номидаги музейда республикамизнинг турли ҳудудларидан, хориждан ташриф буюрган олимлар, адабиётшунослар, тарихчилар, вилоят таълим муассасалари ўқувчилари, талаба-ёшлар, шеърият шайдолари жам бўлдилар. Йиғилганларни вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов қизғин табриклади. Анжуманда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, академик Азизхон Қаюмов, Қоҳира университети профессори Магида Махлуф Бобур ҳаёти ва ижодининг аҳамияти, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси хусусида фикр юритдилар. Анжуманда “Бобур энциклопедияси” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Самарқанд вилоятидаги таълим муассасаларида ўтказилган тадбирларда Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бой адабий мероси ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутиши алоҳида таъкидланди. Самарқанд шаҳридаги санъат коллежида ана шу санага бағишлаб “Назм ва наво” кечаси ташкил қилинди. Тадбирда Ҳамид Олимжон номидаги вилоят мусиқали драма театри актёрлари, коллеж ўқувчилари томонидан мумтоз шоирларнинг асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Шунингдек, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳардаги 21-умумтаълим мактабида “Алломалар мероси комилликка етаклар” деб номланган анжуман уюштирилди.
Қарши давлат университетида бўлиб ўтган тадбирда шеърият ихлосмандлари, Қашқадарё вилоятидаги таниқли ижодкорлар, талабалар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашиб, қомусий аллома Бобур ҳаёти ҳамда ижоди хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Кечада ижро этилган Бобур ғазаллари асосидаги қўшиқлар ва саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларига кўтаринки руҳ бағишлади.
Ўзбек адабиётининг йирик намояндаси, улуғ шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 532 йиллигига бағишлаб Жиззах вилоятида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.
Чунончи, Жиззах вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ташкил этилган “Нафис чизгилар” номли кўргазма ушбу муҳим санага бағишланди. Ўқувчилар ижодига оид кўргазмада буюк бобокалонимиз ҳамда унинг асарларида ифодаланган қаҳрамонлар сиймоси, миниатюра намуналари, она-диёримиз гўшалари тасвирланган бадиий асарлар намойиш қилинди. Шунингдек, ўқувчилар ўртасида “Шарқ адабиётининг буюк даҳоси” мавзуида иншолар танлови бўлиб ўтди.
Навоийхонлик ва бобурхонлик тадбирлари республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ташкил этилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn