«Кимки инсондур, анинг маҳбуби ҳам инсон керак»
  • 06 Февраль 2015

«Кимки инсондур, анинг маҳбуби ҳам инсон керак»

Алишер Навоий дўстликни ниҳоятда қадрлаган. Дўст, унинг наздида, биринчи навбатда, суянчиқ, меҳрибон устоз, самимий маслаҳатчи ва жонкуяр ҳамдарддир. Шунинг учун бўлса керак, шоир асарларида содиқ дўстлар ҳақидаги нақл ва ривоятлар, дўстликни улуғловчи мисралар кўплаб учрайди.

Уларда инсон инсонни яхши кўриши, уни ардоқлаши зарур, деган ғоя илгари сурилади. “Кимки инсондур, анинг маҳбуби ҳам инсон керак”, дейди бир ўринда.
Навоий дўстликдек бебаҳо неъматни асраб-авайлашга чақиради. Унинг Абдураҳмон Жомий, Саййид Ҳасан Ардашер ва Паҳлавон Муҳаммадга бағишлаб ёзган асарлари шунчаки хотиралар мажмуи эмас, балки уларда дўстлик аталмиш олий қадриятнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш, инсонларни уни қадрлашга даъват қилиш мақсади ётади.
Алишер Навоий ўз дўстлари ҳақида ёзганда, уларни юксак эҳтиром билан васф этади. Масалан, Абдураҳмон Жомий Навоийга устоз мақомида бўлган дўст эди. Уларнинг дўстлиги шу қадар буюк, мусаффо, самимий эдики, буни таърифлашга сўз ожиздир. Уларнинг яқинлиги шу даражада эдики, дунёқарашлари, фикр-мулоҳазалари, интилиш ва ўй-хаёллари бир хил бўлиб кетганди.
Ҳазрат Навоий дўстларидан кўпдан-кўп эзгу фазилатларни ўзлаштирди, ўз ҳаётида улардан ибрат олди. Навоийга устоз мақомидаги зотлардан яна бири Саййид Ҳасан Ардашердир. Навоий ўзининг “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер” асарида бу инсоннинг ибратли фазилатларига қайта-қайта тўхталади.
Маълумки, Саййид Ҳасан Навоийдан ёш жиҳатидан анча улуғ бўлган. У Бойсунқур Мирзонинг ўғиллари Алоуддавла, Султон Муҳаммад, Абулқосим Бобур бирин-кетин тахтга ўтирган йиллар уларнинг ҳамсуҳбати бўлган аллома эди. Ўзининг оддийлиги, камсуқумлиги ва хушмуомалалиги билан каттаю кичикнинг меҳрини қозонгани боис жуда кўп ёшлар суҳбат қуриш учун унинг ҳузурига боришга иштиёқманд бўлган. Навоийнинг ёзишича, ҳар ким унинг уйига келар бўлса, “Бизга лутф айлаб, кулбамизга қадамранжида қилсангиз, биз сизнинг хизматингизда бўлурмиз”, деб катталарга қандай ҳурмат кўрсатса, ёшларга ҳам шундай мурожаат қилар экан.
Саййид Ҳасан шундай инсон эдики, дейди Навоий, ипак билан намат ўртасида тафовут кўрмайдиган даражада нафсини маҳкам жиловлаган эди. Ҳар қанча изтироб юзланмасин, сабр билан енгарди. Саййид Ҳасан Ардашер Навоийни фарзандим, деб алқашини шоир фахр билан таъкидлайди.
Саййид Ҳасан Ардашер мансабпарастликни қаттиқ қоралаган. У айтади: “Мансабпарастлик мастлик кабидир. Аммо у чоғир мастлигидан фарқ қилади. Чоғир ичиб маст бўлган киши қилган иши ва сўзини назорат қила олмайди. Оқибатда одамларга озор бериши, нотўғри хатти-ҳаракатлар қилиб қўйиши мумкин. Сархуш бўлгандан кейин ўз ишидан пушаймон қилади. Аммо бундай сархушлик бир кун давом этади. Мансаб мастлиги эса, токи инсон мансабдор экан, давом этади. Инсон мансабда бўлгач, ўзини идора қилса, яхши, аммо оёғи ердан узилиб, нафсга берилса, кўп хатоликлар қилади”.
Навоий, шунингдек, улуғ мансабларни эгаллаганда ҳам ҳамиша давлат ва халқ манфаатини биринчи ўринга қўйган. Ўз вазифасини ҳалол бажарган. Саййид Ҳасан Ардашер айтар экан: “Тошқозон ва лаъл тош ҳар иккаласи тошдир. Тошқозонда лаззатли таомлар пиширилади ва ундан одамларга наф бордир. Лаъл эса қимматбаҳо бўлгани билан ундан одамларга фақат зарар етади. Агар халққа манфаати бўлмаса, ундай қимматбаҳо тошдан не наф?”
Саййид Ҳасаннинг ўгитлари Навоий учун ҳаётий сабоқ бўлганига шубҳа йўқ.
Паҳлавон Муҳаммад Навоийнинг ёшликдан бирга ўсиб-улғайган дўстларидан биридир. Навоий уни қирқ йиллик қадрдоним, “маҳрами сирри ниҳоний”, деб атайди.
Бундан чиқадики, уларнинг ўртасида яширин сир бўлмаган. Паҳлавон Муҳаммад курашларда кураги ерга тегмаган полвон бўлиш билан бирга, мусиқа илмида замонасининг машҳурларидан, тиббиёт, шеърият, фалсафани чуқур тушунган. Хотираси жуда ўткир, яхшигина ҳофизи Қуръон бўлган.
Паҳлавон Муҳаммад Навоийни жуда эъзозлаган. Ҳамиша ҳамдард бўлиш, яхши-ёмон кунларида ёнида туришга ҳаракат қилган. Алишер Навоийнинг қайд этишича, йигитлик айёмида давр ва замон балолари бошига ёғилиб, Машҳадга борганда, оғир хасталикка чалинади. Табиб уни муолажага буюради. Бу ишни паҳлавон ўз зиммасига олади.
Шундай муолажа пайтида Паҳлавон Навоийнинг чўнтагида қоғоз борлигини кўриб қолади. Аста олиб қараса, янги ёзилган етти байтли ғазал экан. Ёнига қўйиб, дарҳол ёдлаб олади. Сўнг билинтирмай шоирнинг чўнтагига қайтадан солиб қўяди.
Муолажадан сўнг ўртада суҳбат бошланади. Паҳлавон “Сен ўз шеърларинг билан анча машҳур бўлиб қолдинг, шеър фарқлашга тажрибанг етади, айт­чи, туркигўй шоирларнинг қайси бирини афзал биласан?” дейди. Навоий Лутфийни кўрсатади. Паҳлавон эътироз билдириб, “Нега Сайид Насимий турганда Лутфийни маъқул кўрасан?”, дейди. Навоий “Насимий ботиний маънодаги шеърлар ёзади, сенинг сўрашингдан мақсад зоҳирий маънода ёзгувчи шоир эмасмиди?”, дейди.
Паҳлавон Насимийнинг шеърлари ботиний бўлса ҳам, зоҳирий талқин қилиш мумкинлигини айтиб, “Мана бу шеърини эшит”, дейди ҳамда Навоийнинг янги ёзган шеърини ўқиб беради. Навоий ҳайрон бўлади ва чўнтагига қўлини солиб кўрса, қоғоз турибди. “Бу шеърни қачондан бери биласан?”, деса, Паҳлавон “Ўн икки йил олдин Абулқосим Бобурнинг бир ўтиришида шу шеър ўқилганди, менга ёқиб қолиб, ёдлаб олгандим”, дейди. Навоий баттар таажжубланади.
Паҳлавон эрталаб келганда, Навоий яна ўша шеър ҳақида сўз очиб, ҳақиқатан ҳам, ўша пайтда шу шеърни эшитганми-йўқми, билишга қизиқаверибди. Шунда Паҳлавон ўша пайтларда мен билан бирга бўлган бошқа полвонлар ҳам шу шеърни ёдлаб олгандилар, деб ўзи билан олиб келган 3-4 курашчидан ҳам шеърни ўқиб беришларини сўрабди. Улар ҳам унинг фикрини маъқуллаб, ғазални бирин-кетин ўқиб беришибди. Навоий ғоятда ажабланибди. Хуллас, маълум бўлишича, Паҳлавон мазкур ғазални бошқа полвонларга ҳам ёд олдириб келган экан.
Паҳлавон Муҳаммад дўстининг руҳан эзилаётганини кўриб, унинг бир оз чалғиши, дардини унутиши учун шу усулни ўйлаб топганлигини Навоий ўзига хос миннатдорлик ва завқ билан эслайди.
Дўст садоқати, вафоси, мушфиқу ҳамдамлиги инсонга оғир қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишда ёрдам берувчи улкан қувват. Навоий ана шундай манбани дўсти Паҳлавон Муҳаммадда кўради.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
филология фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn