Маънавиятимиз хазинаси
  • 03 Февраль 2015

Маънавиятимиз хазинаси

Хоразм вилоятида музейлар фаолияти, уларнинг ривожланиш истиқболларига бағишланган илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекмузей” жамғармаси, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда уюштирилган ушбу тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, санъат йўналишидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, шунингдек, музейлар раҳбарлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларни том маънода маънавият масканларига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, истиқлол йилларида Темурийлар тарихи Давлат музейи, Қатағон қурбонлари хотираси, Олимпия шон-шуҳрати, Термиз археология музейи сингари ўндан зиёд ана шундай муассасалар ташкил этилгани тарихимизни чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди. 
Ўтган йиллар давомида мавжуд музейларнинг деярли барчаси замонавий қулайликларга эга янги биноларда фаолият кўрсата бошлади. Қолаверса, уларнинг аксарияти илғор техник жиҳозлар билан таъминланди.
Анжуманда соҳа мутахассислари, музей раҳбарлари ушбу масканлар фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолини ноёб ва бебаҳо экспонатлар билан таништириш, ёшларни она-Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар қалбида мустақилликни асраб-авайлаш туйғуларини янада мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар хусусида сўз юритишди.
Тадбир давомида иштирокчилар “Ичан-Қалъа” давлат музей-қўриқхонаси ва тарихий мажмуалар билан яқиндан танишдилар.

Дилфуза ҚАРШИБОЕВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn