Сайқал топаётган маҳорат
  • 24 Январь 2015

Сайқал топаётган маҳорат

Бугун миллий мусиқа санъатимизни янада равнақ топтириш, шу соҳада ўқиб-изланаётган ўғил-қизларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу ишлар самараси ёш авлод камолоти мисолида кўзга яққол ташланмоқда.

Бунда давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори муҳим ўрин тутаётир.
...Беҳрузни мусиқа ва санъат мактабига қабул қилишаётганида устозлар унга қўшиқ айттириб, иқтидор ва лаёқатини синаб кўрмоқчи бўлишди. Созандалар “Мустаҳзод” куйини бошлашаётганида, тўққиз ёшли санъат шайдоси “Илтимос, “ля”дан чалинглар”, деб уларни бир оз шошириб қўйди. Негаки, бу қўшиқни катта ҳофизлар худди шу пардадан ижро этишган. Болакайнинг ёшини инобатга олиб, енгилроқ пардани танлаган концертмейстерлар бир-бирларига маънодор қараб қўйишди.
Шу тариқа Беҳруз Бахтиёров Қибрай туманидаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактабининг анъанавий хонандалик йўналиши ўқувчилари сафидан жой олди.
Айни пайтда Тошкент вилоятидаги 30 дан зиёд шундай масканда олти минг нафардан ортиқ иқтидорли ўғил-қизлар таҳсил олмоқда. Уларга 900 нафарга яқин малакали ўқитувчи ва мураббийлар 14 йўналиш бўйича сабоқ беришаяпти. Кейинги йилларда 12 та мусиқа ва санъат мактаби янгидан барпо этилган бўлса, қолганлари капитал реконструкция қилиниб, тубдан таъмирланди. 2014 йилда Қуйи Чирчиқ ва Оҳангарон туманларида ҳам шундай санъат кошоналари қурилгач, бу ерлик қишлоқ ёшлари ҳам мусиқа ва санъат сирларини пухта эгаллаш имкониятига эга бўлдилар.
— Ўғил-қизларимиз дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилаётган халқаро кўрик-танлов ва фестивалларда яхши натижаларни қўлга киритиб, юзимизни ёруғ қилишмоқда, — дейди Чирчиқ шаҳридаги 15-болалар мусиқа ва санъат мактаби халқ чолғулари ўқитувчиси Аҳрорбек Улуғбеков. — Мана, яқинда Латвияда бўлиб ўтган навбатдаги халқаро танловдан қайтдик. Йигирмадан ортиқ давлатдан 300 дан зиёд иштирокчилар қатнашган тадбирда шогирдларимиз Шукурбек Халилов, Давлат Тулибоев рубоб, Дилором Юсупова эса чанг созида ижро этган куйлари учун биринчи даражали диплом билан тақдирланди. Бизни қувонтиргани, ҳакамлар ҳайъати сафидан жой эгаллаган италиялик машҳур бастакор Воло Алекс катта саҳнадан туриб, танлов якунларига доир таассуротлари билан ўртоқлашар экан, ёш мусиқачиларимиз истеъдодига жуда юқори баҳо берди.   
Дарҳақиқат, кейинги йилларда дунёнинг ҳали у, ҳали бу ерида ўтаётган нуфузли фестивалларда ёш фортепьяночиларимиз эришаётган ютуқлар ҳақида бот-бот эшитиб турибмиз. Жаҳон мумтоз мусиқаси юксак ривожланган мамлакатларда ҳам санъат ихлосмандлари ёшларимизнинг ажойиб ижросидан ҳайратга тушмоқдалар. Қолаверса, хориж оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик умидли пианиночилар эришаётган муваффақиятлар ҳақида турли лавҳалар берилаяпти, мақолалар чоп этилмоқда.
2014 йили Париж шаҳрида бўлиб ўтган халқаро пианиночилар кўрик-танловида ҳам дунёнинг турли минтақаларидан келган 200 нафардан ортиқ иштирокчи ўртасида юртимиз ёшлари асосий совриндор бўлишди. Улар сафида Қибрай туманидаги 2-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Мадина Деҳқонова ҳам бор. Танловда ўн ёшли ўзбек қизалоғи жаҳон классикларидан Моцарт, Шостакович, Бах ва ўзимизнинг Султон Али мусиқаларини маҳорат билан ижро этди. Моҳир маэстролар сингари чаққон ва аниқ ҳаракатларини кўрган мутахассислар Мадинанинг ижросига “Рақс тушаётган бармоқлар” деб таъриф бердилар...
— Биласизми, ўша танловда юртимиз номи янграганда Президентимизнинг биз, ёшларга қарата “Маррани баланд олинг, ҳеч қачон бўш келманг!” деган даъватлари қулоғим остида янграгандек бўлди, — дейди Мадина. — Бу муваффақиятим  ўзимга бўлган ишончимни янада оширди. Мактабимизда ҳамма шароитлар бор. Шундан фойдаланиб, устозларимиз кўмагида кўпроқ ўрганишга, маҳоратимни ошириб боришга интилаяпман.
Қувонарлиси, вилоятда ёшларимиз нималарга қодир эканини дунёга кўз-кўз қилаётган умидли мусиқачилар сафи тобора кўпаймоқда. Охирги уч йилнинг ўзида жойлардаги мусиқа ва санъат мактабларида таҳсил олаётган 40 нафарга яқин йигит-қиз Франция, Италия, Латвия каби мамлакатларда ўтказилган нуфузли халқаро танловларда юқори натижаларни қўлга киритиб қайтди. Яна бир гуруҳ ёшлар халқаро фестивалларга қизғин ҳозирлик кўришмоқда. Ишончимиз комилки, улар жаҳон саҳналарида Ватанимиз шуҳратини энг баланд пардаларда тараннум этадилар, Ўзбекистонимиз номини дунё узра янада кенг ёядилар.

Fайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Азамат АҲМАД олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Дўстлик тараннуми Янги маданият марказлари »