Бебаҳо санъатимиз жозибаси
  • 22 Январь 2015

Бебаҳо санъатимиз жозибаси

Юртимиз қадимдан санъат ва маданият бешиги бўлиб келган. Бу муқаддас заминда яратилган турли бадиий ва амалий санъат намуналари жаҳон тамаддунига ўзининг ижобий таъсирини кўрсатгани барчамизга маълум.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, уларни келажак авлод вакилларига бус-бутун етказиш мақсадида қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги  “2010 — 2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш Давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Таъкидлаш жоиз, юртимизнинг тарихий гўшаларидан бири бўлган қадимги Суғдда яратилган бетакрор санъат асарлари бугунги кунгача жаҳон олимлари диққат-эътиборини ўзига жалб қилиб келаётир. Боиси, ҳайкалтарошлик, деворий суратлар ҳамда бошқа ноёб бадиий ҳунармандчилик намуналари ҳозир ҳам ўз қиммати ва аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Шуни фахр билан айтиш ўринли, Самарқанддаги Афросиёб музейида сақланаётган нодир экспонатлар юртимиз ҳудудида рангтасвир санъати билан бирга, аждодларимизнинг либослар дизайни соҳасида ҳам юксак маҳоратга эга бўлганидан далолат беради. Жумладан, қуроқчилик ўша даврлардаёқ тикувчилар томонидан усталик билан амалга оширилган. Бунда матолар ранглари ва уларнинг қалин ёки юпқалигига алоҳида эътибор қаратилган. Натижада санъат даражасидаги хушбичим либослар яратишга эришилган.
Қуроқчилик либослар ва матода янги шаклларнинг пайдо бўлишига замин яратган. Буни музейларимизда сақланаётган археологик терракота ҳайкалчаларида ва деворий суратларда ҳам кўриш мумкин. Аста-секинлик билан либосларнинг баъзи жойларига нақш сифатида турли элементлар киритилиб, унинг безакдорлиги оширилган.
Ҳунармандчиликнинг ушбу ноёб тури бугунги кунда ҳам республикамизнинг айрим ҳудудларида эъзозлаб келинади. Хусусан, Самарқанд ва унинг атрофида яшовчи аҳоли қуроқчиликни санъат даражасига кўтариб, мато парчасидан бежирим нақшлар тикишаяпти.
Қадимги  тасвирларда  либосларни безатишда  каштачилик ҳам муҳим ўрин тутган. Унда қарама-қарши ранглар танланиб, иплар, асосан, 4-5 хил табиий рангга бўялган. Халқимиз орасида қўл меҳнати орқали амалга оширилган кашта билан уй ва либосларни безаш анъанаси шаклланган. Буни археологик қазилмалар орқали топилган ёдгорликлар ҳам тасдиқлайди. Шу маънода, айтиш мумкинки, қадимги Суғд каштачилиги ўзига хос ёрқин ранглари, нақшларнинг тузилиши, тўқилиш технологияси билан тубдан ажралиб турган.
Либослардаги кашталар  нафис гўзалликни акс эттириши билан бирга, мажозий маънога ҳам эга бўлган. Уларни кийган кишини “Турли бало-қазолардан асрасин”, деган мақсадда либослар кашта ёки каштали жияк билан безатилган. Ҳозирги кунгача ҳам бу анъаналар сақланиб, Самарқанд ва Бухоро каштачилик услубларида намоён бўлмоқда.

Дилсора СУЮНОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти тадқиқотчиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Истеъдодга — кенг йўл «Муҳаббат хиёбони» »