Истеъдодга — кенг йўл
  • 21 Январь 2015

Истеъдодга — кенг йўл

Мамлакатимизда навқирон авлод вакилларини комил инсонлар этиб тарбиялаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдодини юзага чиқаришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Шу мақсадда юртимиз барча ҳудудида замонавий болалар мусиқа ва санъат мактаблари, шунингдек, санъатга ихтисослаштирилган ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари бунёд этилдики, уларда ёшларимиз миллий ва жаҳон мусиқаси санъати сирларини пухта ўрганиб боришаяпти. Қувонарлиси, таълим муассасаларидаги замонавий шарт-шароитлар, мультимедиа ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда чолғу асбоблари ёшларимиздаги интилишларни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.
— Биз, ёшларга яратилган қулай имкониятлардан беҳад миннатдормиз, — дейди Р. Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси, халқаро кўрик-танловлар ғолиби Дилшод Нарзуллаев. — Хусусан, санъат турларини чуқур ўрганишимиз учун барча шарт-шароит мавжуд. Таълим сифатининг юқорилиги, қолаверса, “Устоз — шогирд” анъанасининг яхши йўлга қўйилгани ҳар бир ўқувчининг янги-янги қирраларини очиш ва шакллантиришга кўмак бермоқда.
Дарҳақиқат, юртимизда иқтидорли ёшларни рағбатлантиришга қаратилган кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилаяпти. Жумладан, якунига етган йилда “Фавворалар сайли”, “Ёшлик баҳори”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Ниҳол”, “Созлар навоси”, “Онам айтган аллалар” каби кўрик-танловлар, фестиваллар ва тадбирлар истеъдодли ёшларни аниқлаш, рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтказилган “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочиларининг фестивалида республикамиздаги юзлаб навқирон операчилар қатнашди.
“Ягонасан, муқаддас Ватан!” кўрик-танлови эса ўсиб келаётган ёш авлодни олижаноб туйғулар асосида камол топтиришга хизмат қилиши билан бир қаторда, санъат аҳлини ҳам она-юртга садоқат, унинг тақдири, келажаги учун дахлдорлик ҳисси билан йўғрилган мазмунан теран, бадиий етук қўшиқлар яратишга ундамоқда. Шунингдек, 2014 йилнинг сўнгида пойтахтимизда ўтказилган “Competizione dell‘Opera” ёш опера ижрочиларининг ўн тўртинчи халқаро танлови том маънода санъат байрамига айланди.
Умуман олганда, ушбу ижодий учрашувлар санъатга ихлосманд ўғил-қизларнинг иқтидорини кенг миқёсда намойиш қилишга кўмак бераяпти. Шу маънода, жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган “Шодлик наволари”, “Санъат қалдирғочлари”, “Хуш кайфият”, “Ижодимиз сенга, Ватан!” каби бири-биридан сермазмун лойиҳалар ҳам ҳаётга шитоб билан кириб келаётган ёшларимизнинг интилишларига қанот бўлиши, шубҳасиз.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn