Ўзбекистон Лювен халқаро сайёҳлик анжуманида
  • 20 Январь 2015

Ўзбекистон Лювен халқаро сайёҳлик анжуманида

Бельгиянинг Лювен шаҳридаги “Brabant Hall” кўргазмалар марказида мамлакатнинг етакчи туроператорларидан бири — “Hobo Rеisen” сайёҳлик компанияси томонидан ташкил этилган анъанавий халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди. Ҳар йили уюштириладиган ушбу нуфузли анжуманда қирқдан ортиқ давлатнинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди.

Кўргазма-ярмаркада Ўзбекистон Республикасининг бетакрор туризм имкониятлари мамлакатимизнинг Бельгиядаги дипломатия ваколатхонаси томонидан ташкил этилган махсус бўлмада ўз аксини топди. Юртимизнинг  бой тарихий, маданий ва маънавий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм кўргазма иштирокчилари ҳамда кўп сонли саёҳат ишқибозларининг эътиборига ҳавола этилди.
Мустақил тараққиёт йиллари давомида сайёҳлик инфратузилмасини такомиллаштириш юзасидан республикада кўрилган кенг кўламли чора-тадбирлар ва уларнинг салмоқли натижаларига оид ранг-баранг ахборот материаллари, шунингдек, Ўзбекистон бағрида жойлашган жаҳонга машҳур шаҳарлардаги кўҳна меъморий ёдгорликлар ҳамда ўзбек халқ амалий санъати гўзаллигини бор бўй-басти билан кўрсатиб берадиган суратлар пештахтаси ҳам мамлакатимиз бўлмасидан жой олди. Юртимизнинг ўзига хос туризм салоҳияти, мамлакатимиз бўйлаб турли сайёҳлик йўналишларининг мавжудлиги европаликларда катта қизиқиш уйғотди. 
2015 йили Ўзбекистонга уюштириладиган саёҳатларда иштирок этиш юзасидан Бельгия, Нидерландия ва Люксембург вакилларидан кўплаб буюртмалар берилгани Ўзбекистоннинг ушбу халқаро анжумандаги иштирокининг амалий натижаси бўлди. 
Тадбир чоғида “Жаҳон” ахборот агентлиги мухбири кўргазма ташкилотчилари ва унинг айрим меҳмонлари билан суҳбатлашди. Қуйида улар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар билан танишишингиз мумкин.

Адри ГОТЦ,
“Hobo Reisen” компанияси президенти:
— Ўзбекистон Бельгиядаги энг оммабоп халқаро тадбирлардан бири ҳисобланадиган Лювен кўргазма-ярмаркасининг доимий иштирокчиси эканлиги бизни қувонтиради.
Юртингиз бўйлаб сайёҳлик йўналишимизни ривожлантириш компаниямиз фаолиятидаги устувор мақсадлардан биридир. Ишончим комилки, мамлакатингизга борадиган европалик сайёҳлар сони ортишда давом этади. Бунга сабаб бўладиган омиллар кўп. Ўзбекистон кўҳна ва ноёб ёдгорликлар, ажойиб табиат, яхши ривожланган инфратузилма ва албатта, оқкўнгил ҳамда меҳмондўст халқига эгадир.

Мирель
ВАНОВЕРШЕЛЬДЕ, саёҳатчи:
— Мен Ўзбекистонда кўп маротаба бўлганман ва ҳамиша сафарларимдан илиқ ҳамда унутилмас таассуротлар орттириб қайтаман. 
Саёҳат учун юртингизни танлаганим бежиз эмас. Менимча, Ўзбекистон энг қизиқарли ва кишини ҳайратга соладиган мамлакатлардан биридир. Бой тарих ва меъморчилик, ўз келажагини ишонч билан қураётган одамлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман.
Мамлакатингиз бўйлаб қанча кўп саёҳат қилсам, унга шунча кўп ошуфта бўлавераман. Бугунги кунда юртингизда ривожланган инфратузилма, ажойиб меҳмонхоналар, замонавий аэропортлар, юксак халқаро меъёрларга жавоб берадиган хизмат кўрсатиш тизими мавжуд.

Поль РАСКА,
“Hobo Reisen” компанияси турлидери:
— Европаликлар ўртасида Ўзбекистонга нисбатан қизиқиш тобора ошиб бормоқда. Мамлакатингиз хорижлик сайёҳлар эътиборини қанчалик ўзига тортаётгани ушбу кўргазмада ҳам тасдиғини топди. Буюк Ипак йўлидаги Ўзбекистонни, унинг Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз сингари тарихий шаҳарларини бугунги кунда кўпгина европаликлар жуда яхши билишади. Бутун дунёга машҳур бўлган Шоҳи Зинда, Регистон майдони, Амир Темур мақбараси сингари тарихий қадамжолар бизга маълум.
Шундай бўлса-да, Европада юртингизга боришни орзу қилувчилар кўп. Чунки Ўзбекистон тинчлик ва фаровонлик ўлкаси, мамлакатингизда бағрикенг ва меҳмондўст одамлар яшайди.

«Жаҳон» АА.
Брюссель

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn