«Ўзбекистон — ҳунармандлар карвони»
Версия для печати
  • 15 Январь 2015

«Ўзбекистон — ҳунармандлар карвони»

Франциянинг “Le Figaro Magazine” журналида шу сарлавҳада мақола босилиб чиқди. У журналист Мари-Анжелик Озан қаламига мансубдир.

Мамлакатимиз ҳаётига бағишланган ушбу мақола франциялик журнал ўқувчиларини халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан таништирган. “Ўзбекистон ўзининг нафақат ажойиб меъморий ёдгорликлари билан, балки миллий амалий санъатининг дурдоналари — ҳунармандчилик маҳсулотлари, кулоллик, зардўзлик буюмлари, миниатюрачи рассомлари ва тўқимачилари билан ҳам дунёга машҳурдир, — деб ёзади муаллиф. — Улар гўзаллик ошуфталари ҳамда жаҳоннинг турли бурчакларидан келаётган сайёҳларнинг қалбларини завқ-шавққа тўлдириб, ўзига хос ва гўзалликда бетакрор Шарққа оҳанрабодек жалб этмоқда”.  
Пойтахтимиз Тошкент ҳақида тўхталар экан, муаллиф ушбу азим шаҳар тасвирий санъат асарлари ва халқ амалий санъати буюмлари намойиш этиладиган кўплаб музейлари, маданий марказлари билан ҳам донг таратганини қайд этади. “Санъат ва анъанавий ҳунармандчилик орқали ҳам ушбу мамлакатни кашф этиш мумкин. Романнавис адиб Лиан Гийом таъкидлаганидек, Ўзбекистон замини Буюк Ипак йўлининг кўҳна ва энг муҳим чорраҳаси бўлиб, унда Марказий Осиё санъатининг энг гўзал намуналари ўз тажассумини топган”, деб ёзади у.
“Le Figaro Magazine” ўз ўқувчиларини юртимизнинг қадимий шаҳарлари билан таништиришда давом этар экан, қадимий Хива шаҳрини “Қорақум марвариди” деб атайди. “Очиқ осмон остидаги ушбу музей-шаҳар ўзининг Ичан ва Дешон қалъалари, ўрта аср меъморчилигининг беназир ёдгорликларидан бири — Ислом Хўжа минораси, Паҳлавон Маҳмуд ва Саид Алоуддин мақбаралари, ўзига хос тарҳи ва ҳажми билан ажралиб турадиган кўп устунли Жума масжиди билан машҳурдир”, дея таъкидланади нашрда.
Муаллиф Х асрлардаёқ гуллаб-яшнаган, Шарқ меъморчилигининг ўзига хос ноёб дурдонаси, бутун оламга қадимий ёдгорликлари, машҳур алломалари билан танилган шариф шаҳар — Бухорога “Марказий Осиёнинг муқаддас шаҳри”, дея таъриф берган.
Мақолани ўқир экансиз, Лаби Ҳовуз мажмуасида ҳунармандларимиз томонидан яратилган гилам ва кашталар, сопол ва темирдан ясалган нафис буюмлар, миллий миниатюра услубидаги расмлар ҳамда бошқа маҳсулотлар муаллифда катта таассурот қолдирганини англайсиз. У Лаби Ҳовузни “Шаҳарнинг афсонавий маркази” деб атаган. “Бу салқин гўшада турли ёшдаги одамларни, шаҳарликлар ва сайёҳларни учратасиз. Кекса тут дарахтлари соясида ҳордиқ чиқаришингиз мумкин”, деб ёзади муаллиф.
Журналист Мари-Анжелик Озан Самарқанд ҳақидаги таассуротларини қаламга олар экан, Александр Македонский ҳам ўз вақтида бу шаҳарда бўлганини журнал ўқувчиларига маълум қилган. Муаллиф ўрта аср меъморчилигининг маҳобатли ва бетакрор ганжиналари — Регистон мажмуаси, Биби Хоним масжиди, Амир Темур мақбараси ва Шоҳи Зинда ёдгорликлари ҳақида атрофлича маълумотларни европалик муштарийлар эътиборига ҳавола қилган.
Юқоридагилардан ташқари, мазкур мақолада Ўзбекистон ипак ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда учинчи ўринда туриши, Фарғона водийсида жойлашган Марғилон шаҳри эса шойи тўқишнинг тарихий маркази бўлгани алоҳида таъкидланган. Муаллиф қайд этганидек, “Бу ерда ишлаб чиқариладиган атлас матолари нафақат Ўзбекистондаги, балки хорижий мамлакатлардаги соҳа мутахассислари ҳамда модельерларни ҳамон илҳомлантириб келади”.

«Жаҳон» АА.
Париж

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn