«Mahalla» — ҳар бир оилада
  • 09 Январь 2015

«Mahalla» — ҳар бир оилада

Президентимизнинг 2014 йил 17 декабрдаги “Mahalla” маърифий телерадиоканалини ташкил этиш ва рақамли телекўрсатувларни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида тузилган “Mahalla” маърифий телерадиоканали жорий йил 7 январь куни соат 18.00 дан эътиборан кўрсатув ва эшиттиришларини эфирга узата бошлади.

Шу муносабат билан ўтказилган матбуот анжуманида таъкидланганидек, кейинги йилларда Миллий телерадиокомпания тизимида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида “Мadaniyat va ma`rifat”, “Dunyo bo`ylab”, “Кinoteatr”, “Navo”, “Diyor”, “Оilaviy”, “Bolajon” рақамли телеканаллари фаолияти йўлга қўйилди. Эндиликда эса улар қаторига “Mahalla” маърифий телерадиоканали ҳам қўшилди.
Мазкур телерадиоканалнинг асосий мақсади аҳоли, айниқса, ёшларимизни маҳалла институтининг демократик давлат ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этишдаги  ўрни ҳамда иштирокидан хабардор қилиш, ёш авлодни миллий анъаналарга садоқат руҳида тарбиялаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, кексаларни эъзозлаш, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя этиш, бандликни таъминлаш, ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги тажрибасини тарғиб қилишдан иборатдир. Унинг дастурларида, шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг жамият ҳаётида юксак маънавий қадриятларни қарор топтириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, жойларда жамоат хавфсизлиги ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлашдаги аҳамияти кенг очиб бериш кўзда тутилган. Айни чоғда намунали маҳаллаларнинг ёши улуғ инсонларга нисбатан ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш, ўсиб келаётган авлодни, айниқса, қизларни тарбиялашга кўмаклашиш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, ёшларни оила қуришга маънавий-руҳий жиҳатдан тайёрлаш, тўй ва бошқа маросимларни ихчам ўтказиш борасидаги илғор тажрибалари ҳам оммалаштирилади.
Тадбирда янги телерадиоканалнинг бошқа долзарб вазифалари хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.


Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn