Соз сеҳри
  • 08 Январь 2015

Соз сеҳри

Мўъжазгина устахона. Хона бурчида беқасам кийимлар. Най, сурнай каби мусиқий созлар саватларга дид билан жойлаштирилган. Деворга илинган тор, рубоб, дутор, ғижжак, танбурларнинг ҳар бири ўзига хос шаклда.

Сато, турк сози, скрипка ҳам яратувчисининг маҳоратидан далолат бериб турибди.
Бу — Тўрақўрғон шаҳридаги “Ширинлик” маданият саройида мусиқа асбобларини ясаш ва таъмирлаш тўгарагига раҳбарлик қилаётган Абдурашид Юсуповнинг ижодхонаси. Оддий ёғоч бўлагига қунт билан ишлов бериб, уни санъат намунасига айлантираётган ҳунарманднинг ишини кузатар экансиз, халқ ижодиётининг сеҳрли қудрати, чинакам истеъдод эгаси яратаётган мўъжизадан ҳайратга тушасиз.
Дарвоқе, Абдурашид Юсупов — Наманган вилоятида мазкур йўналишда фаолият юритаётган моҳир уста. Айни пайтда унинг ижод намуналари нафақат водий вилоятлари, балки бутун мамлакатимизда маълум ва машҳур. 
Болалигиданоқ санъатга меҳр қўйган Абдурашид ноёб қобилияти билан тенгдошларидан ажралиб турарди. У ўша пайтларда бир бор эшитган мусиқани маромига етказиб чала билар ва тузуккина қўшиқ ҳам айтарди. Мактаб давридан бошланган қизиқишлари ортиб, 16-17 ёшлигида тор, дутор каби созларни диққат билан кўздан кечирар, ясалиш услубини устахонасида амалда синаб кўрарди.
 Уста илк ижод маҳсули ўз харидорини топганида қанчалик қувонганини сўз билан таърифлаши қийин. Бугун эса у ана шу нафис ҳис-туйғуларни тез-тез бошидан кечирадиган қўли гул уста даражасига етган. 2006 йилдан бери анъанавий “Ташаббус” кўрик-танловининг туман ва вилоят босқичларида “Энг яхши ҳунарманд” номинацияси бўйича муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Бир неча йил аввал ЮНЕСКО ҳамда Япониянинг “Ишонч” жамғармаси ҳамкорлигидаги “Шашмақом” — Марказий Осиё мумтоз мусиқасини сақлаш лойиҳасида Наманган вилоятидан вакил сифатида иштирок этди. 2013 йилда эса вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси томонидан ташкил қилинган “Энг яхши созанда” беллашувида ғолибликни қўлга киритди.   
Уста ясаётган созларнинг барчаси мевали дарахтдан ишланган. Энг яхши натижани тут ёғочидан олиш мумкинлигини аниқлашга ҳунарманднинг 15 йил вақти кетди. Тинимсиз тажрибалар, изланишлар самарасида мусиқа асбобларининг бошқа қисмларини ёнғоқ ва ўрикдан тайёрлашга одатланди.
Биз бундан бир йил муқаддам “Манзур” отли чолғуга мўлжаллаб ўйиб қўйган “коса”ни кўздан кечирамиз. Сознинг пардозланадиган қисми Сирдарё тубидан териб келинадиган садаф билан безатилар экан.
— “Парда”ларини очиб, кўнгилларга ёқадиган куй таратиши учун бир муддат созлаймиз ҳам, — дейди Абдурашид Юсупов. — Ўткир дид, туганмас сабр талаб этадиган жараённинг муваффақиятли чиқиши ҳунарманднинг истеъдод ва қобилиятига боғлиқ. Чунки созлар овози тиниқлиги ҳеч қайси манбада ёзилмаган ва белгиланмаган меъёрлар асосида, яъни ички туйғуга таяниб аниқланади. Шу боис ҳам шогирдларни танлашда масаланинг ана шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратаман. Улар орасида Азизбек ўанижонов билан Мўйдинжон Қўчқоровнинг келажаги порлоқ эканлигига ишонаман…
Жонсиз буюмни булбул янглиғ сайратиб юбораётган устанинг катта ютуғи билганларини ёшларга чин дилдан ўргатаётганидир. Демак, миллий ҳунармандчилигимизнинг бу тури авлодларга бор сир-асрори билан етиб бориб, мумтоз куйларимиз сеҳри инсониятни эзгуликка чорлашда давом этаверади.

Зоҳида КЕНЖАЕВА.
Раҳматжон МАМАДАЛИЕВ
олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn