Қисқа сатрларда
  • 24 Декабрь 2014

Қисқа сатрларда

* Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасида очиқ давлат маълумотларини шакллантириш, бизнес ва бошқарув жараёнларини АКТ ёрдамида оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Тадбирда 15 та вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда экспертлар қатнашди.

* Навоий шаҳрида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форумининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланишдаги долзарб масалаларни ҳал этишда ННТнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат бошқаруви органлари билан ижтимоий шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари ҳақида сўз борди.

* Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда пойтахтимиз аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолати, тиббиёт муассасаларини модернизациялаш, шифокор ва ҳамшираларнинг малака ҳамда маҳоратини оширишга оид лойиҳалар самаралари, тизимда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда уларни ҳал этиш борасидаги ишлар ҳақида журналистларга батафсил маълумот берилди.

* Фарғона шаҳрида 33 та ёш оилага мўлжалланган “Камолот” уйлари фойдаланишга топширилди. Замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган кўп қаватли тураржойда барча шароит ва қулайлик яратилган.

* Ўзбек Миллий академик драма театрида алла ижрочиларининг “Онам айтган аллалар” деб номланган фестивали ўтказилди. Уни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад миллий урф-одат ва анъаналар, бебаҳо маънавий қадриятлар, номоддий маданий меросимиз дурдоналарини асл ҳолича асраб-авайлаш, ривожлантириш ва уларнинг моҳиятини ёшларга етказишдан иборатдир.

«Халқ сўзи»  мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn