«Тошкент қувончлари» истеъдодларни чорлайди
  • 20 Декабрь 2014

«Тошкент қувончлари» истеъдодларни чорлайди

Жорий йилнинг 22 — 26 декабрь кунлари Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар ва Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда “Тошкент қувончлари” V халқаро болалар расмлари биенналеси бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан Тошкент фотосуратлар уйида матбуот анжумани уюштирилди. Рассомлар, мусаввирлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган мазкур тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нуриддинов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Хусусан, Бадиий академия ҳамда ҳамкор вазирликлар томонидан ҳар икки йилда ўтказилаётган “Тошкент қувончлари” халқаро кўргазмаси болалар ижодиётини янада ривожлантириш, тасвирий санъатга меҳри баланд ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Жорий йилда мазкур халқаро кўргазмага Хитой, Япония, Франция, Ҳиндистон, Латвия, Озарбайжон каби ўттизга яқин мамлакат болаларининг 3,5 мингдан ортиқ ижодий ишлари тақдим этилган. Уларда оила, Ватан, умрбоқий анъана ва қадриятлар ҳақидаги тушунчалар содда, самимий ҳамда беғубор тасвирланган.
— 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасида ўтказиладиган ушбу биенналеда ижодий ишлар “Болалик дунёси”, “Мен яшаётган дунё”, “Мен билган Ўзбекистон” каби мавзулар асосида сараланади, — дейди “Тошкент қувончлари” V халқаро болалар расмлари биенналеси директори Тўхтасин ўайбуллаев. — Халқаро тадбир доирасида, шунингдек, моҳир рассом ва санъатшунослар иштирокида маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Болалар биенналесининг совриндорлари турли номинациялар бўйича тақдирланади. Бош соврин — Гран-при ғолиби эса тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида аниқланади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn