Санъаткоримизнинг хориждаги муваффақияти
  • 20 Декабрь 2014

Санъаткоримизнинг хориждаги муваффақияти

Жорий йилнинг 10 — 18 декабрь кунлари Беларусь пойтахти Минск шаҳрида вокалчиларнинг халқаро танлови бўлиб ўтди. Жаҳоннинг йигирмадан ортиқ давлатидан 155 нафар ёш иштирок этган мазкур санъат байрамида юртдошимиз Рамиз Усмонов Гран-прини қўлга киритди.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, мамлакатимизда санъатнинг барча турлари каби опера санъатини равнақ топтириш, ёш иқтидор эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республикамиздаги барча болалар мусиқа ва санъат мактаблари, республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон санъат ва маданият институти каби таълим муассасаларида опера санъати ёшларимизга чуқурлаштирилган ҳолда ўргатилмоқда.
Айниқса, мамлакатимиз санъаткорлари халқаро майдонда ҳам миллий ва жаҳон мусиқаси дурдоналарини, улар асосида эса, халқлар ўртасидаги дўстлик ва тинчликни баралла тараннум этиб келишмоқда.
Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари, Алишер Навоий номидаги Давлат Академик Катта театри солистлари, дирижёрлари ҳамда концертмейстерларининг халқаро ижодий учрашувлар, фестиваль ва кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётгани алоҳида аҳамият касб этади.
Жумладан, Беларусь пойтахти Минск шаҳрида 2012 йилда ўтказилган “Competizione dell‘Opera” ёш опера ижрочиларининг халқаро танловида ҳамюртимиз Раҳим Мирзакамолов 1-ўринни эгаллади.
Р. Усмонов бундан аввал ҳам бир нечта халқаро танловлар совриндори бўлган. Хусусан, Боку шаҳрида вокал ижрочилари ўртасида ўтказилган танловда “Энг яхши тенор” деб тан олинган бўлса, Хитойнинг Нинбо шаҳридаги фестивалда 2-ўринни қўлга киритиб, “Ўзбек булбули” номини олган.
Шу йил пойтахтимизда ўтказилган “Competizione dell‘Opera” ёш опера ижрочиларининг ўн тўртинчи халқаро танловида юртдошимиз Барно Исматуллаеванинг биринчи ўринни олгани ҳам бежиз эмас. Бинобарин, юртимиз том маънода санъат ва маданият бешиги саналади. Бу муқаддас заминда бебаҳо қадриятлардан баҳра олиб, ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаётган йигит-қизлар эса бахту иқболи кулган ёшлардир. Бу таъкидлар Минск шаҳридаги халқаро танловда ҳам яна бир карра эътироф этилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn