Афсонага айланган қалъа
  • 19 Декабрь 2014

Афсонага айланган қалъа

Юртимиз кўҳна обидалари, қадимий қалъалари ҳамда бой илмий мероси билан дунёга машҳур. Жумладан, Хоразм воҳасидаги кўплаб номоддий-маданий объектлар жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда.

Тарихнинг шаҳодат беришича, Хоразм азалдан минг қалъа ватани, Канха — буюк каналлар, ариқлар ўлкаси, деб аталган. Манбаларда Амударёнинг ҳар икки соҳилида 12 минг қалъа-қўрғонлар бўлганлиги ёзиб қолдирилган. Шулардан юзга яқини ҳозиргача сақланиб келинади.
Бугунги кунда Хива, Қалъажиқ ва Ҳазорасп каби 18 та тарихий қалъа давлат муҳофазасига олинган бўлиб, уларга сайёҳларни жалб қилишга қаратилган ижобий ишлар амалга оширилаяпти.
Мазкур иншоотларнинг энг қадимийси Ҳазорасп қалъасидир. У 3 минг йиллик тарихга эга. Ўрта аср манбаларида ушбу қалъа-шаҳар ҳақида кўплаб маълумотлар учрайди. Жумладан, ат-Табарийнинг ёзишига қараганда, Ҳазорасп VIII асрда Хоразмнинг учта йирик шаҳридан бири бўлган. Шунингдек, X-XIII асрларда битилган манбаларда келтирилишича, қалъа девори жуда мустаҳкам, атрофи хандақ билан ўралган, забт этиш қийин бўлган шаҳарлардан бири сифатида таърифланади.
Ҳазорасп қалъаси Ер юзининг мумтоз шаҳарлари Мемфис, Бобил, Рим, Афина, Қуддус, Марв, Самарқанд, Бухоро, Хива каби қадимийдир.
Ўтмишда Ҳазорасп Буюк Ипак йўлидаги гавжум савдо шаҳри, улуғ алломалар ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Нажмиддин Кубронинг қадами теккан, Жавҳарий, Саккокий, Жаъфар Ҳазораспий, Ҳусайн Карвакий, Одина Муҳаммад каби алломалар етишиб чиққан табаррук маскандир.
Мазкур иншоот ҳақидаги дастлабки ёзма маълумотлар Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида ҳам келтирилган. Қолаверса, 1219 йили Ҳазораспда бўлган араб сайёҳи Иброҳим ибн Ёқут қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “Бу олиб бўлмайдиган қалъа ва жуда чиройли шаҳар. Унинг атрофини оролча каби сув ўраб туради. Қалъага кириш учун биргина йўлак бор ва у ҳам Хоразм тарафидан қилинган. У текис ерда жойлашган, бозорлари ва савдогарлари кўп. Аҳолиси бой-бадавлат”.
Ҳазорасп қалъасининг деворлари 7 марта бузилиб, қайтадан қурилган. Унга турли талафотлар, вақт, замон ва табиат ўз ҳукмини ўтказган. Ёдгорлик шарқий томондан кенг хандақ билан ўраб олинган. Деворнинг қалинлиги 7-8 метрни ташкил этиб, баландлиги 6-14 метрга етади. Ҳозир шаҳарнинг Шимолий деворида 7 та, Жанубида  6 та, Fарбида 4 та  ва Шарқида битта ҳимоя миноралари кўриниб туради. Қадимда жанубий деворнинг ўртасида баландлиги 16 ва эни 8 метрдан иборат ғиштин дарвоза  бўлган.
Ушбу иморатни ўз кўзи билан кўрган рус этнографи А. Кун (1873 йил) сарой хоналарининг ганч билан ишлангани, шаҳарда мактаб ва мадрасалар, 400 га яқин катта-кичик дўкон-расталар борлиги, жума ҳамда якшанба кунлари бозор гавжум бўлиши ҳақида ёзган.
Манбашунос олимлар Ҳазорасп атамаси маъносини турлича таърифлайдилар. Халқ орасида тарқалган ривоятларда Ҳазорасп — “Минг от” ёки “Минг отлиқлар диёри” сифатида талқин этилади. Баъзи тадқиқотчилар шаҳар номини хазар ва ос қабилалари номи билан изоҳлашга ҳаракат қилганлар. Буларнинг барчаси Ҳазорасп қалъасининг қадимийлиги ҳамда кўҳна Хоразм маданияти тарихида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлганлигидан далолатдир.
Бугунги кунда Ҳазораспда Хоразм Маъмун академиясининг илмий ходимлари илмий тадқиқот ишларини олиб боришмоқда. Истиқболда Ҳазорасп қалъасини янада мукаммал ўрганиш, келажак авлод вакилларига янада қизиқарли маълумотларни етказиш муҳим вазифаларимиздан биридир.
Албатта, юртимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Ҳазорасп қалъасини тарихий музей-қўриқхонага айлантириш ва унга хорижлик меҳмонларни жалб қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилаяпти. Бинобарин, маданий қадриятларимизни тиклаш ва тарғиб этиш баркамол авлодни тарбиялашда, ёшларимизда юксак миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантиришда муҳим воситадир.

Баҳром САЪДУЛЛАЕВ,
Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn