Бебаҳо мерос қадри
  • 14 Февраль 2014

Бебаҳо мерос қадри

Истиқлол шарофати билан мамлакатимизда халқимизнинг улуғ фарзандлари — Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Эзгу саъй-ҳаракат ва ташаббуслар натижасида Алишер Навоийнинг йигирма ҳамда ўн жилдлик асарлари нашр этилди. Таниқли олимларимизнинг монография, рисола ва китоблари туфайли навоийшунослик илми янада ривожланди. Худди шунингдек, 1991 — 2010 йиллар оралиғида яратилган Бобур ҳаёти ва ижоди ҳақидаги академик, илмий-оммабоп нашрлар, диссертациялар, бадиий-адабий асарлар боис бобуршунослик илми ҳам изчил шаклланди. Бу хайрли ишда Халқаро Бобур жамоат фондининг муносиб ўрни бор, дейишимиз мумкин.
Мазкур фонд таркибидаги Халқаро Бобур илмий экспедицияси 1992 йилдан ҳозирги кунгача йигирма икки маротаба чет элларга  сафар уюштирди. Шунингдек, Бобур ва бобурийлар қадамжолари ҳамда уларнинг асарлари тарқалган дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларида бўлиб, Амир Темур ва темурийлар, Бобур ва бобурийлар, заминимиздан етишиб чиққан буюк аждодларимизнинг абадий оромгоҳларини зиёрат қилиб, улар қолдирган бой илмий-маданий меросларини ўрганиш, юртимиз аҳлини бундай маънавий меросдан баҳраманд этишга эришди. Қолаверса, жаҳон бобуршунослари билан мунтазам алоқа йўлга қўйилди. Япониядан Эйжи Мано, АҚШдан Уиллер Текстон ва Стефан Дейл, Германиядан Клаус Шониг ва Ян Хонзел, Ҳиндистондан Мансура Ҳайдар, Франциядан Грамон Беке, Шотландиядан Ҳасан Бек, Афғонистондан Шафиқа ва Ҳалим Ёрқин, Озарбайжондан Рамиз Аскер, Қозоғистондан Ислом Жеменей, Туркманистондан Раҳиммамет Куренов ва бошқалар билан ҳамкорлик ўрнатилгани фикримиз исботидир.
Сафарлар давомида Бобур ва бобурийлар асарларининг чет тилларга таржималари, улар хусусида ёзилган тадқиқотлардан йигирмадан ортиқ тилдаги 400 дан зиёд ноёб китоб ва қўлёзма асарлар Андижондаги Бобур боғида жойлашган “Жаҳон маданияти ва Бобур” музейига келтирилди. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг эски ўзбек тилида ёзилган Саларжанг музейидаги Ҳайдаробод нусхаси, Мирзо Бобур ихтиро этган хатти Бобурий ёзувида битилган Қуръони каримнинг Машҳад нусхаси, Теҳроннинг “Гулистон” музейидан олинган “Бобур куллиёти” асарлари шулар жумласидандир.
Ўтган йиллар давомида “Бобурнома”нинг илмий-танқидий нусха қимматидаги нашри (2002), “Бобурнома”нинг ҳозирги ўзбек тилига табдили (2008), “Бобурнома”нинг қайта таҳрир этилган русча нашри (2008), Муҳаммад Ҳайдар Мирзонинг “Тарихий Рашидий”, Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” ва “Ахбори афроди башар”, Румер Годеннинг “Гулбадан”, Вильям Рашбуркнинг “Ўн олтинчи аср бунёдкори”, Шарманинг “Бобурийлар салтанати”, Фриц Вюртленинг “Андижон шаҳзодаси” (Бобур), С. Бергнинг “Акбар — бобурийларнинг буюги”, Мўъжизийнинг “Таворихи мусиқиюн” каби йигирмадан ортиқ асарлар нашр этилди.
Албатта, бу эзгу ишлардан кўзланган мақсадимиз Бобур ҳаёти ва ижодини кенг миқёсда ўрганишдан иборат. Бинобарин, буюк аждодларимиз ҳаёти, ижоди билан муфассал танишиш ҳар бир юртдошимиз, айниқса, ёшларимизга улкан ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши муқаррар.

Зоҳиджон МАШРАБОВ,
Бобур фонди раёсати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn