Комиллик хислати
  • 14 Февраль 2014

Комиллик хислати

Тарихда 332 йил ҳукм сурган Бобурийлар сулоласининг асосчиси — Бобур назму насрда, илму урфонда ўчмас из қолдирган, мумтоз адабиётимизнинг ажойиб сўз санъаткоридир.

“Заҳириддин Муҳаммад Бобур” сўзларининг ҳар бири оламжаҳон маъно-мазмунга эга. Бу уч сўзли исмни Умаршайх Мирзонинг ўғлига Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор қўйган.
Туз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур,
Юз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
Сарриштаи айшдин кўнгулни зинҳор
Уз оҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур.
Бу исмдаги маъно-мазмун унинг шахсида тўла шаклланди. У йўлбарсдек жасоратли ва соғлом эди: Бекобод ёнидаги Ҳаштияк қишлоғи. Қиш чилласи. Совуқ забтига олган… Суви тезоқар ариққа кириб, Бобур ўн олти маротаба чўмилиб чиқади!..
Адабиётшунослик илмининг энг қийин соҳаси аруз бўлса, у арузга оид тадқиқоти — “Муфассал” билан барча арабу форс, туркий адабиётшунослардан ўзди. Агар Аҳмад Тарозий “Фунун ал-балоға” (“Адабиётшунослик фанлари”)да юзтача атрофидаги вазнни тадқиқ этган бўлса, Бобур ўз рисоласида 536 вазнни кўрсатиб берди.
“Бобурнома”дек қомусий асар муаллифи ўзининг кенг қамровли билимини шу асар орқали исботлади. Аввало, бу асар ўз даврининг мислсиз насри намунаси ҳисобланади. Сўнгра “Вақоеъ” (“Бобурнома”)ни биз адабиётшунослик, тилшунослик, элшунослик, наботот ва жониворшунослик (зоология), тоғ-коншунослик, санъатшунослик, ҳарбшунослик, ахлоқшунослик, тарихшунослик... асари сифатида мароқ билан тадқиқ этишимиз мумкин.
Бобур наботот — ўсимликшунослик илмида биринчи бўлиб айрим дарахт ва ўсимликларнинг икки жинслилигини қайд этди.
Тилшунос сифатида қиёсий тилшунослик илмида уч оилага мансуб тилларни қиёслаш намунасини кўрсатди.
Бобур тошбитиклари матнининг ўзи ҳам тошга ўйиб ёзган кишининг буюк иқтидори кўрсаткичи бўла олади. Бобурнинг дастхати бўлган Оббурдон қишлоғи Озаҳак булоғи бошидаги тошбитикка академик А. Семёнов “Бобур тошбитиги жаҳоннинг энг нуфузли музейлари зийнати бўла олади”, деб баҳо берган эди. Биз учун эса бу тошбитик матни яна бир жиҳатдан эътиборлидир:
Эшитганим борки Жамшиддек номдор
Бошбулоқ тошига ёздирди ёдгор.
Бу булоқ бошига кўплар етдилар,
Кўз юмиб очгунча йитиб кетдилар.
Мардлигу зўрликка дунёни олдик,
Лекин қабристонга қуруқ йўл солдик.
Гап шундаки, Соҳибқирон Амир Темурнинг Тўхтамишга қарши юриши тасвирида Шарафиддин Али Яздий “Зафарнома”да Жезқазған яқинидаги Улуғ Тоғнинг Олтин чўққисида ёдгорлик тоши ёздирганини қайд этар экан, Саъдий Шерозийнинг “Бўстон” асаридан олинган юқоридаги уч байтлик шеърнинг тўрт мисрасини келтиргандир. Улуғ бобокалони Амир Темур шуҳратининг орзуси ҳамиша Бобур ёдида ва йўлдоши эди.
Бобур ғазалларидаги юксак бадиийликда битилган ошиқона ҳислар жилваси бутун табиийлиги билан китобхонни ром этади:
Гул жамолин ёпқон ул гулнинг икки райҳонидур,
ўунча сиррин очқон ул икки лаби хандонидур.
Ул мусалсал икки зулфи гул юзининг даврида,
Гул уза ағнар магар ул иккининг давронидур...
Айрилиқда юзи хазондай сарғайган ўксик ошиқ
изтироблари талқини:
Хазон япроғи янглиғ гул юзнинг ҳажрида сарғардим,
Кўриб раҳм айлагил, эй лоларух, бу чеҳраи зардин.
Сен, эй гул, қўймадинг саркашлигингни сарвдек ҳаргиз,
Оёғингга тушуб барги хазондек қанча ёлбордим.
Бобур — ота, оила бошлиғи сифатида ҳам аёлни ўта ҳурмат қилади, улардан узоқда эканлигида хат-хабар билан дилдорлик этади:
Ҳижронда, сабо, етти фалакка оҳим,
Гар ул сори борсанг будурур дилхоҳим.
Ким арзи дуо ниёз ила қилғойсен,
Гар сўрса мен хастани Гулрух, Моҳим.
Жисман мислсиз соғлом, ахлоқан ва эътиқод юзасидан устувор ва пок, фаолиятининг қайси жабҳасида бўлмасин, фаоллик ва ғайрат, шижоат намунаси бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур бугун ўз асарлари билан халқимиз кўнглини ёритиб турган чироқлардан биридир. Шунингдек, ҳар биримизни Ватанга муносиб фарзанд бўлиб, келажак сари дадил қадам ташлашга ундовчи, абадиятга дахлдор азиз ва қадрли сиймодир.

Ваҳоб РАҲМОНОВ,
филология фанлари номзоди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn