Бебаҳо санъатимиз ворислари
  • 17 Декабрь 2014

Бебаҳо санъатимиз ворислари

Бугун истиқлол фарзандларининг камоли учун улкан ғамхўрлик кўрсатилаётир. Ҳам моддий, ҳам маънавий эътиборнинг юксаклиги боис ўқув муассасалари биноси тубдан янгиланди, замонавий ускуналар билан тўлиқ таъминланди.

Айни пайтда фарзандларимизнинг иқтидорини рағбатлантиришга ҳам устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Зеро, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук бўлиб камол топишида илму маърифат нечоғли аҳамият касб этса, мусиқа ва санъатнинг ўрни ҳам шу қадар муҳим. Бинобарин, куй-навога ошно тутиниш, соз чалишга ҳавас болаларнинг интеллектуал салоҳиятини тоблашда ҳал қилувчи омиллардан биридир. Президентимизнинг “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори ҳам ана шу соҳани ривожлантириш, мусиқий тарбияни такомиллаштиришга йўналтирилгани билан янада қадрлидир.
Фарзандларимиз тарбиясига юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий тасдиғи бўлган мазкур ҳужжатда мусиқа мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни моддий ва маънавий рағбатлантириш чора-тадбирларига кенг ўрин берилган. Ушбу қарор ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани боис бугун наинки марказларда, энг чекка қишлоқларда ҳам жаҳон андозаларига мос, муҳташам мусиқа мактаблари фаолият кўрсатмоқда. Уларда таълим олаётган ёшлар орасидан иқтидор эгалари етишиб чиқаяпти. Ўғил-қизларимиз кўплаб нуфузли халқаро кўрикларда фаол қатнашиб, мусиқа илмида ҳеч кимдан кам эмасликларини намоён этмоқдалар.
Хоразм вилоятида ҳам бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самараси кўзга яққол ташланаётир. Бугунгача вилоятда 8 та болалар мусиқа ва санъат мактаби янгидан қурилди, 7 таси капитал реконструкция қилинди. Бу мақсадлар учун бюджет маблағларидан 25 миллиард 832 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Уларни замон талаблари даражасида жиҳозлаш ва мусиқа асбоб-ускуналари билан таъминлаш учун 6 миллиард 500 миллион сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилди.
Жумладан, Янгиариқ туманидаги 15-болалар мусиқа ва санъат мактаби 2012 йили 2 миллиард 56 миллион сўм  эвазига янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Уни жиҳозлашга 593 миллион сўм ажратилди. Ҳозир бу ерда бири-биридан иқтидорли 206 нафар ўғил-қиз миллий ва замонавий мусиқа сирларини пухта эгалламоқда. Жорий йилда бўлиб ўтган Муҳиддин Қори Ёқубов номли республика кўрик-танловининг мамлакат босқичида анъанавий ижро йўналиши бўйича Сарвиноз Аминбоева, халқ чолғулари мутахассислиги бўйича Аваз Комилов, академик ижро йўналишида Обид Қадамбоев иккинчи даражали диплом билан тақдирланди.
Буларнинг барчаси буюк келажагимизга муносиб фарзандларни тарбиялаш мақсадида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир, албатта.

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn