Саҳнадаги илк қадам
  • 16 Декабрь 2014

Саҳнадаги илк қадам

Пойтахтимизда ёш ижодкорларнинг “Дебют — 2014” бешинчи республика кўрик-фестивали бошланди.

Юртимизда театр ва санъат соҳасини равнақ топтириш, ёш ижодкорларнинг истеъдодини юзага чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг ижобий самарасини бераяпти. Давлатимиз раҳбарининг 1998 йил 26 мартдаги “Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони асосида ўтказиб келинаётган ёш ижодкорларнинг “Дебют” республика кўрик-фестивали ҳам бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Мазкур фестивалда ёшларимиз энг сара асарлари билан қатнашаяпти, — дейди “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси бошқарма бошлиғи Эсонбой Ўринов. — Уларда янгича қараш ва талқинларни кузатиш мумкин. Айниқса, ёш режиссёрларнинг маҳорати, ижодий изланишлари томошабинда ёрқин таассурот қолдиради. Шундан билса бўладики, фестиваль ҳар бир иштирокчи учун ўз ижодий йўлини топишида катта мактаб вазифасини ўтаяпти.
Ёш ижодкорларнинг саҳна асарлари Ўзбек Миллий академик драма театри, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқий театри, Ўзбекистон академик рус драма театри, Республика қўғирчоқ театри сингари бир қатор маънавият масканларида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади. Шунингдек, мамлакатимиз театрларининг етакчи режиссёрлари, театршунослари ва санъатшунослари билан давра суҳбати, “Маҳорат дарслари” ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Театр ижодкорлари уюшмаси томонидан ўтказилаётган мазкур фестивал бир ҳафта давом этади.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn