Муҳташам санъат саройи
  • 10 Декабрь 2014

Муҳташам санъат саройи

ёшларимизнинг иқтидор ва маҳоратини оширишга хизмат қилади

Бугун мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасида ҳам ўз иқтидор ҳамда истеъдодини турли халқаро танлов ва фестивалларда кенг намоён қилиб, совринли ўринларни қўлга киритаётган, пировардида ҳеч кимдан кам эмасликларини исботлаётган ёшлар кўп. Бу, албатта, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик самарасидир.
Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллиги арафасида Фарғона вилояти марказида фойдаланишга топширилган янги Театр-концерт саройи ҳам ана шундай беқиёс эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Ушбу санъат мажмуасининг очилиш маросимида турли вазирлик ва идоралар ҳамда жамоатчилик вакиллари, санъат ва маданият намояндалари иштирок этди.
Президентимиз ташаббуси билан қад ростлаган минг ўринли санъат саройи миллий ва замонавий меъморлик анъаналарини ўзида мужассам этган. Мажмуанинг эшик ва устунлари шарқона нақшлар билан безатилган. Томошабинлар учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Саҳна атрофига замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилган. Қирқ гектар майдонда барпо этилган сўлим хиёбон, рангли чироқларда жилоланувчи мусиқали фаввора саройга янада чирой бағишлаб турибди.
— Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, 2012 — 2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шаҳарда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда, — дейди Фарғона шаҳридаги Фурқат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Иброҳимов. — Бундай ишлар самарасида шаҳримизнинг маркази қайтадан бунёд этилди. Шаҳар атрофида кичик ҳалқа йўли қурилди. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини таъминлаб, аҳолининг ҳаёт сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Маълумки, Президентимиз фармонларига мувофиқ Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами ҳамда Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ фарғоналиклар Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган эди. Шу куни янги мажмуада ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди.
Анжуманда вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм ҳамда таниқли хонандалар ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури намойиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов иштирок этди.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn