Истеъдодли ёшларга туҳфа
  • 03 Декабрь 2014

Истеъдодли ёшларга туҳфа

Пойтахтимизда болалар ижодий жамоаларининг энг фаол қатнашчиларини байрамона либослар билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Халқ таълими вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирга мамлакатимизда ҳамда халқаро миқёсдаги нуфузли танлов ва фестивалларда муносиб иштирок этиб келаётган иқтидорли ёшлар таклиф қилинди. Таъкидланганидек, ўсиб келаётган ўғил-қизларни комил инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг истеъдодини  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан биридир. Хусусан, Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг модий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009 — 2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудида замонавий мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари бунёд этилиб, фойдаланишга топширилди. Уларнинг нафақат ташқи дизайни, балки яратилган кенг шарт-шароитлар, санъат сирларини ўрганишга кўмаклашувчи ўқув жиҳозлари, компьютер технологиялари ёшларнинг чуқур билим эгаллашларига хизмат қилаётир.
Навқирон авлод вакиллари ушбу масканларда мумтоз ва замонавий рақс турларини ўрганиш баробарида, уларнинг назарий асосларини ҳам ўзлаштириб боришмоқда. Қолаверса, санъатсевар болалар юртимизда ва халқаро миқёсда уюштирилаётган маданий, маърифий тадбирларда иқтидорларини намойиш этиб келишаяпти.
Президентимизнинг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларнинг ижроси бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди.
Мазкур тадбирда “Томоша” болалар мусиқий театр студияси, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли, “Ором” ашула ва рақс дастаси, “Тантана”, “Севинч” фольклор-рақс жамоаларида фаолият кўрсатиб келаётган 450 нафар ўғил-қиз махсус либослар билан тақдирланди.
— Давлатимиз раҳбарининг ушбу эътибори ва ғамхўрлиги болаларимизни янада руҳлантириб юборди, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, “Булбулча” болалар ашула ва рақс ансамбли бадиий раҳбари Шермат Ёрматов. — Бу эъзоз ёшларимизни санъат сирларини янада мукаммал ўрганишга ундайди ва ўз ўрнида биз, мураббийларнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn