Мустаҳкам оила ва тарғибот
  • 13 Февраль 2014

Мустаҳкам оила ва тарғибот

Кеча пойтахтимиздаги “Шодлик-Палас” меҳмонхонасида “Оила институтини мустаҳкамлаш масалаларини илгари суришда ОАВ салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ҳамда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда Президентимиз раҳнамолигида болаларнинг соғлом улғайиши, таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши учун зарур барча шарт-шароит яратилгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини таъминлаш мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси мамлакатимиз ратификация қилган дастлабки халқаро ҳужжатлардан биридир. Истиқлол йилларида мазкур соҳага оид ўттиздан ортиқ қонун, шу жумладан, 2008 йилнинг 7 январида “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун, давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ҳамда қарорлари, юздан ортиқ бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
— Мазкур лойиҳа туфайли оммавий ахборот воситалари ходимлари юртимизда репродуктив саломатликни янада яхшилаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга доир амалга оширилаётган чора-тадбирлардан яқинроқ хабардор бўлишди, — дейди Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди масъул ходими Д. Қаюмова. — Шу вақт ичида лойиҳада 2000 дан зиёд журналистлар қатнашиб, улар учун 80 дан ортиқ ўқув-семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил қилинди. Ушбу тадбирларда “Ахборот манбаларини топиш ва улардан тўғри фойдаланиш”, “Танланган мавзуларни турли нуқтаи назар ва ёндашувлар билан ёритиш”, “Мақолаларни тайёрлашда одоб-ахлоқ меъёрларига ва бошқа касбий жиҳатларга риоя этиш” каби мавзуларда тингланган маърузалар ОАВ вакиллари тажрибасини бойитиши, шубҳасиз.
Давра суҳбатида журналистларнинг касб малакасини оширишга оид бошқа масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn