Эъзоз, эътибор ва ғамхўрлик ифодаси
  • 29 Ноябрь 2014

Эъзоз, эътибор ва ғамхўрлик ифодаси

Пойтахтимизда Ўзбек Миллий академик драма театри ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий тадбир бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 22 январда қабул қилинган “Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорига асосан уюштирилган кечага Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган театр жамоалари вакиллари, маданият ҳамда санъат арбоблари, театршунослар, шоир ва ёзувчилар, талаба-ёшлар ва санъат мухлислари таклиф этилди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасига йўллаган табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов ўқиб эшиттирди.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 22 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат, маънавият ва маърифат, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги ҳамда 2014 йил 27 ноябрдаги “Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллиги муносабати билан театр ижодкорларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонларига биноан тақдирланганларга юксак унвон, орден ва медаллар тантанали тарзда топширилди.
Театр директори Маҳмуд Исмоилов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари — Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Муқаддас Холиқова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Асадилло Набиев, театр рассоми, “Дўстлик” ордени соҳибаси Светлана Цой ҳамда бошқалар ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш борасида кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Театр — маънавий ҳаёт кўзгуси. Шунинг учун бўлса керак, ўтмиш файласуфлари театрни “Катта ёшдаги кишилар мактаби”, дея таърифлашган. Мамлакатимизда истиқлол йилларида маданият ва маърифат, санъат ҳамда маънавиятни юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар туфайли театр санъатида ҳам улкан ўзгаришлар юз берди. Хусусан, пойтахтимиз ва вилоятларда муҳташам санъат даргоҳларининг янги бинолари қад ростлади, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Соҳага қаратилаётган бундай ғамхўрлик самараси ўлароқ, томошабин театрга қайтди, саҳналарда миллий урф-одатларимизни намоён этадиган асарлар қўйилишига эътибор кучайди. Ҳар йили Халқаро театр куни муносабати билан ташкил қилинадиган тадбирлар мустақиллик туфайли ижодий жамоаларнинг салоҳияти юксалиб бораётганини англатади. Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ҳам санъат, маънавият соҳасига кўрсатилаётган беқиёс эъзознинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Ушбу ҳужжатда театр санъатининг ўрни ва роли, хусусан, миллий театримизнинг нафақат мамлакатимиз, балки Ўрта Осиё минтақасида профессионал театр санъатига асос солиш ҳамда уни ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш, юртдошларимиз, айниқса, ёш авлодимизни миллий ҳамда умумбашарий қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида камол топтириш, ёш истеъдодларни тарбиялаш борасидаги аҳамияти алоҳида қайд этилган.
Юбилей муносабати билан театр ижодий жамоаси иштирокида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Театр биносининг ташқи қисми, томоша залидаги ўриндиқлар, саҳна остидаги ҳаракатлантирувчи механизмлар тўлиқ янгиланди. Саҳнада махсус эффектли ёритқичлар, овоз кучайтириш ускуналари, томошабинларга янада қулайлик яратиш мақсадида залда иккита йирик монитор ўрнатилди. Кичик зал драматурглар, режиссёрлар билан ижодий учрашувлар, талаба-ёшлар учун маҳорат сабоқлари, уларнинг илк ижодий ишлари намойишини ўтказишда муҳим аҳамият касб этади.
Театр музейи янги экспонатлар, саҳна санъати ривожига юксак ҳисса қўшган актёрлар, режиссёрлар, театр рассомлари, пардоз, грим ва декорация усталарининг портретлари, шахсий буюмлари, китоблар, қимматли фотосуратлар билан бойитилган. Қисқача айтганда, театр бутунлай янгича қиёфа касб этиб, дунёдаги ривожланган давлатларнинг санъат масканлари билан беллаша оладиган даражага етди.
— Президентимизга раҳмат. Бундай юксак рағбат бизга янада илҳом ва шижоат бағишлайди, — дейди Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Рихси Иброҳимова. — Халқимиз санъат аҳлини яхши кўради, қадрлайди. Улар талқин этган образлардан таъсирланади, ҳаётий хулоса чиқаради. Демак, биз бундай юксак эътиборни ва мухлислар ишончини оқлаш учун бир тану бир жон бўлиб саҳна асарларини яратишимиз зарур. Миллий истиқлол ғояси, уни ёшлар онгига сингдириш, нафақат ёшлар, шу билан бирга, катта ёшдагилар қалбига жо этишда саҳна асарларининг аҳамияти беқиёс. Таълим-тарбияда оиланинг, мактабнинг таъсири қанчалик катта кучга эга бўлса, театрнинг ҳам мавқеи ундан кам эмас.
Бадиий кечада Миллий театрнинг 100 йиллигига бағишлаб киноижодкорлар томонидан яратилган ҳужжатли фильм, вилоятлар ва пойтахтимиздаги театр жамоалари, санъат усталари иштирокида тайёрланган театрлаштирилган мусиқий дастур намойиш қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

* * *

Анжуман доирасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Ўзбекистон театр санъати: тарих, тараққиёт ва истиқбол” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди. Шунингдек, “Ўзбек Миллий академик драма театри” китоб-альбомининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn