Опера санъатининг бетакрор жозибаси
Версия для печати
  • 28 Ноябрь 2014

Опера санъатининг бетакрор жозибаси

Пойтахтимизда катта санъат байрамига айланиб кетган “Competizione dell‘Opera” ёш опера ижрочиларининг XIV халқаро танлови ўз ниҳоясига етди.

Мазкур танлов халқлар ўртасидаги ўзаро маданий алоқаларни мустаҳкамлашда, ноёб ва жозибали санъатнинг навқирон вакилларини қўллаб-қувватлашда ўзига хос аҳамият касб этади. Бинобарин, ана шундай нуфузли халқаро мусиқий тадбирнинг пойтахтимизда ўтказилишида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида мусиқа ва санъат ривожига қаратилаётган юксак эътибор, ёш ижодкорларимизнинг эришаётган муваффақиятлари эътирофи мужассамдир.
Бир неча кун давом этган халқаро танловда юртимиз вакилларидан ташқари, Австрия, Германия, Венгрия, Япония, Беларусь Республикаси, Польша, Россия, Словакия, Қозоғистон, Жанубий Африка Республикаси ва бошқа давлатлардан келган 60 нафардан зиёд ёш опера хонандалари ўзаро ижодий беллашди.
Саралаш баҳслари якунида 20 нафар хонанда финал босқичида иштирок этиш учун танлаб олинди. Уларнинг беш нафари юртимиз вакиллари экани, албатта, барчамизга ғурур бағишлайди. Булар Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси ўулом Назиров, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри хонандалари Рустам Алимардонов, Жаброил Идрисов, Барно Исматуллаева ва ушбу театр стажёри Дамир Раҳмоновдир.
Қизғин тарзда ўтган финал босқичида ғолиблар яширин овоз бериш йўли билан аниқланди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, юртдошимиз Барно Исматуллаева танлов ғолиби, деб топилди. Беларусь Республикаси вакили Павел Петров 2-ўринга, россиялик Мария Баянкина ва ўзбекистонлик Жаброил Идрисов эса 3-ўринга сазовор бўлди.
— Менинг бу муваффақиятим, авваламбор, Президентимизнинг биз, ёшларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрлиги мевасидир, — деди халқаро танлов ғолиби Барно Исматуллаева. — Ушбу мукофот нафақат менга, балки мамлакатимиздаги опера санъати намояндалари ва ихлосмандларига берилган баҳодир.
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида 29 ноябрь куни танлов ғолиблари иштирокида гала-концерт бўлиб ўтади.

Сўз — халқаро танлов иштирокчиларига

Фарҳод БАДАЛБЕЙЛИ,
ҳайъат аъзоси, У. Гажибейли номидаги Боку мусиқа академияси ректори (Озарбайжон):
— Тошкентда ўтган опера санъати байрами юксак савияда ташкил этилганлиги билан бир умр ёдимда қолади, айниқса, ўзбекистонлик ёш хонандаларнинг ижрочилик маҳорати яққол ажралиб турди. Улар мураккаб арияларни маромига етказиб куйлашди.
Айтишим керакки, биз кўп йиллардан бери Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз. Ана шу алоқалар ва мазкур халқаро танлов жараёнида гувоҳи бўлиб турибмизки, юртингизда театр, хусусан, опера санъати равнақ топаяпти. Хуллас, баралла айтаманки, Ўзбекистон — чинакам истеъдодлар юрти экан.

Мария БАЯНКИНА,
хонанда, халқаро танловнинг 3-ўрин соҳибаси (Россия):
— “Competizione dell‘Opera” ёш опера ижрочиларининг XIV халқаро танловида иштирок этганимдан бахтиёрман. Боиси, муаззам Тошкент шаҳрида ўзимнинг ёрқин ижроларимни намойиш эта олдим. Очиғи, хушҳаво, ниҳоятда гўзал, бағрикенг Ўзбекистон менга катта куч ва илҳом бағишлади. Буни бизга бўлган меҳр ва эҳтиромларни кўриб, қалбимда миннатдорчилик туйғуси ила ҳис этдим.

Андисва МАКАНА,
ижрочи (ЖАР):
— Германиянинг Кёльн шаҳрида опера санъати сирларини ўргандим. Бир неча халқаро танловларда қатнашиб, маҳоратим ва ижро услубимни такомиллаштирдим, десам, хато бўлмайди.
Тошкентдаги опера байрами менинг орзуларимга қанот бағишлади. Чунки руҳиятимда кўтаринкилик уйғонди. Бу танлов мутлақо бошқача. Дўстона, тантанавор, ҳаяжонли дамлари билан унутилмас таассуротлар қолдирди. Юртингизда ёш санъаткорлар жаҳон миқёсидаги опера ижрочилари даражасига етишиши учун барча имкониятлар етарли. Буни уларнинг салоҳиятлари ва иқтидорлари тасдиқлаб турибди.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Лекин бирон бирида Ўзбекистондаги опера санъатига бўлган эътиборни учратмадим. Насиб бўлса, Тошкентга яна келаман. Юрагимда бир олам эҳтирос жўш урмоқда. Сизларга катта раҳмат.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn