«Ўзбекистон — бой маданият ва нодир санъатга эга мамлакат»
  • 27 Ноябрь 2014

«Ўзбекистон — бой маданият ва нодир санъатга эга мамлакат»

Яхши куй ва дилбар қўшиқ, қайси тилда ижро этилмасин, барчани бирдек мафтун этади. Кўнгилларга ўзгача ҳузур бағишлаб, янгидан-янги орзулар, мақсадлар сари чорлайди.

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Competizione dell‘Opera” ёш опера ижрочиларининг XIV халқаро танловини кузатиб бораётган санъат мухлислари ҳам ана шундай ҳис-туйғуларни кечиришаётгани, шубҳасиз.
Дунёнинг турли қитъаларидан келган, бир неча кундан буён мумтоз опера асарларини итальян тилида ижро этиш бўйича ўзаро баҳслашаётган ёш истеъдод эгалари Вена (Австрия), Бонн (Германия), Пекин (Хитой), Сеул (Корея Республикаси), Буэнос-Айрес (Аргентина), Санкт-Петербург (Россия) ва бошқа шаҳарлар, шу жумладан, пойтахтимизда ўтказилган минтақавий саралаш босқичларида танлаб олинган иқтидор соҳибларидир. Шуни алоҳида айтиш жоизки, ёш опера ижрочиларининг ўн тўртинчи халқаро танлови кўплаб иқтидорли ёшларни кашф қилмоқда. Унинг ярим финал босқичида қатор давлатлар вакиллари, шу жумладан, юртимиз опера ижрочиларининг мазкур қадимий ва оммабоп санъат тури сир-синоати, айтилиш услубларини қай даражада ўзлаштириб олганликлари нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилаяпти.
— Танловда бор иқтидоримни намоён этишга ҳаракат қилаяпман, — деди Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаси Абдулла Ширинов. — Ария куйлаш кишидан кучли овоз ва юксак маҳоратни талаб қилади. Устозларимдан ўрганганларим бунда қўл келаётир. Бугун “Риголетто” операсидан Герцог балладасини қийинчиликсиз ижро этганимнинг боиси ҳам шунда.
Албатта, республикамизда санъат ва маданиятни юксалтириш, ёш истеъдодларни излаб топиш ва ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилаётган беқиёс эътибор самараси мазкур халқаро танловнинг мамлакатимизда ўтказилаётганида ҳам ўз аксини топди.
Зеро, юртимизда келажагимиз ворисларининг замон талаблари асосида пухта билим эгаллаши, қолаверса, мусиқа ва санъат илмини мукаммал ўзлаштириши учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар алоҳида эътирофга молик. Бунинг натижасида йигит-қизларимиз жаҳон миқёсидаги қатор халқаро танловлар, ижодий учрашувларда муносиб иштирок этиб, юртимиз шон-шуҳратини дунёга танитмоқда. Бу эса заминимизда санъат ва маданият теран илдизларга эга экани, истиқлол йилларида ушбу соҳалар жадал ривожланиб бораётганидан далолат беради.
Шу боис пойтахтимизда қизғин ва кўтаринки руҳда ўтказилаётган “Competizione dell‘Opera” халқаро танлови чинакам маънода санъат байрамига айланди.

Сўз — халқаро танлов иштирокчиларига

Роберт ГИЛДЕР,
халқаро танлов ҳайъати аъзоси, Лондондаги “Robert Gilder & Company” продюсерлик маркази директори, опера хонандаси (Буюк Британия):
— Мамлакатингизда Президент Ислом Каримов томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ҳақида гапириб беришди. Мазкур ҳужжат юртингиз ёшларининг замон талаблари даражасида билим олиши, истеъдодини юзага чиқаришида яна бир муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётган экан. Бунинг самараси “Competizione dell‘Opera” халқаро танловида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, ёш опера ижрочиларининг ўзига хос чиқишлари мени ҳаяжонга солди. Зеро, Ўзбекистон — бой маданият ва нодир санъатга эга мамлакат.
Халқаро танлов туфайли халқингизнинг бой илмий, маданий мероси билан ҳам яқиндан танишиш имконига эга бўлдим. Жумладан, санъат тарихи ҳақидаги қизиқарли маълумотлар менда катта таассурот қолдирди. Зотан, бундай бебаҳо ўтмишга, кўп асрлик маданий дурдоналарга эга халқингиз чин маънода бахтли ва буюкдир.

Раду ПАНТЕА,
концертмейстер (Люксембург):
— Халқаро танлов менга олам-олам қувонч бағишлаяпти. Айниқса, ўзбек ёшларининг юксак даражадаги ижроларини кузатиб, юртингизда санъат нечоғли қадрланишига яна бир бор амин бўлдим. Улар таълим олаётган муассасалардаги замонавий шарт-шароитларни кўргач, “Бундай муваффақиятлар бежиз эмас экан” деган ўй ўтди хаёлимдан. Буларнинг барчаси Ўзбекистонда ёшлар таълим-тарбияси йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мевасидир.

Антон ЛУБЧЕНКО,
халқаро танлов ҳайъати аъзоси, Приморск давлат опера ва балет театрининг бадиий раҳбари (Россия):
— Ўзбекистон — истеъдодлар юрти. Бу муқаддас заминда туғилиб ўсган буюк алломалар дунё илм-фани, санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшганлар. Халқингиз эса қадимдан санъатни қадрлайди ва севади. Шу маънода, мазкур халқаро танловнинг Тошкентда ўтказилиши бежиз эмас.
Мамлакатингиз ёшлари ана шундай бебаҳо меросдан баҳраманд бўлиб, камол топаётгани эътиборга молик. Бу эса, табиийки, яна кўплаб ўзбек ёшларининг ўз истеъдоди билан жаҳон аҳлини мафтун этишида мустаҳкам замин бўлади.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn