Фарҳоднинг жасорати, Баҳромнинг заковати
  • 22 Ноябрь 2014

Фарҳоднинг жасорати, Баҳромнинг заковати

Улуғ мутафаккир шоир ҳазрат Алишер Навоий ўз асарларида фарзандлар тарбияси хусусида фикр юритар экан, соғлом боланинг вояга етишида онанинг ўрни беқиёслигини алоҳида кўрсатади. Гап соғлом фарзанд ва унинг парвариши ҳақида бўлса, бу мураккаб жараённи онасиз — аёлсиз тасаввур қилиш мумкин эмаслигини таъкидлайди.

Соғлом бола тарбияси борасида ота-она билан жамият олдида турган муҳим масалалар, Навоий бобомизнинг орзулари бугун мустақил Ўзбекистонда таълим ва тарбия соҳасида амалга оширилаётган давлат сиёсатида ўз аксини ҳар томонлама топаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.   
Алишер Навоий фарзанд тарбиясида, инсониятнинг келажагини давом эттиришда онанинг ўрни беқиёс эканлигини, у зурриётни давом эттириш каби улуғвор вазифани ўз зиммасига олганлигини алоҳида таъкидлаб, унга  фарзандлар алоҳида меҳр билан боқишларини уқтиради. Ота ва онани ой билан қуёшга ўхшатиб, уларнинг хизматини қилиб, иззат-ҳурматини жойига қўйган фарзанд бахтли-саодатли бўлишига ишора қилади. Бу хусусда “Ҳайрат ул-аброр”да қуйидаги сатрларни битади:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.   
Тун-кунунга айлагали нур фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
Бугун Навоий номи билан аталувчи вилоятда “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари шарофати билан қурилган 10 минг кишилик спорт саройи ёшлар билан мунтазам гавжум. У ерда қизларимиз бадиий гимнастика, йигитларимиз футбол, баскетбол, спорт гимнастикаси билан машғул. 2013 йили Бухорода ўтказилган Универсиада спорт ўйинларида навоийлик ёшлар 22 та олтин, 9 та кумуш, 12 та бронза медални қўлга киритдилар. Маҳлиё Тоғаева Қозон шаҳрида ўтказилган дунё талабаларининг Универсиадасида спортнинг оғир атлетика тури бўйича иштирок этиб, совринли ўринни эгаллади.
Алишер Навоий қаҳрамонлари номига қўйилган “Фарҳод”, “Ширин” маданият саройларидаги турли тўгараклар юзлаб ўғил-қиз билан банд. Бу ёшларга бўлган давлат сиёсатининг юксак намунасидир.
Бугун Ўзбекистонимиз аҳолисининг 64 фоизидан кўпроғини ташкил қилаётган ёшларимизга шоир қаҳрамонлари барча соҳада ибрат мактабидир. Айниқса, Алишер Навоий номини улуғлаб келаётган мустақиллик фарзандлари бир пайтлар қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган Қизилқум саҳросини гуллаган воҳага айлантиришмоқда. 23 йилдирки, Навоий даҳосидан руҳ ва илҳом, Навоий қаҳрамонларидан ўрнак ва ибрат олиб, Фарҳоднинг жасорати ва Баҳромнинг заковатини ўз фаолиятларида намойиш этаяптилар.   
Алишер Навоий халқлар дўстлигини тараннум этган шоир. Унинг орзулари ушалган юртнинг бир бўлаги сифатида юзга яқин миллат вакили яшаётган бизнинг вилоятимизни кўришимиз мумкин. Воҳада бугунги кунда 2 та олий ўқув юртида, 51 академик лицей ва касб-ҳунар коллежида, 350 га яқин умумтаълим мактабларида турли миллат вакилларига мансуб йигит-қизлар таълим олмоқда.
Навоий ўз асарларида меҳнатни улуғлайди. Меҳнатга бўлган қизиқишни Фарҳод образи орқали тасвирлайди. Фарҳод жисмонан бақувват, паҳлавонсифат йигит, у ҳунар ўрганади. Шоир Фарҳоднинг тоғдан сув чиқаришда қийналаётган жафокаш инсонларга ҳиммат қўлини чўзганлигини қуйидагича ифодалайди:
Ҳунарни асрабон
неткумдир охир,
Олиб тупроққаму
кеткумдир охир.
Темирчидан тилаб
дам бирла кўра,
Белиға боғлабон
чармин танура...
Фарҳоднинг саъй-ҳаракати ўз самарасини кўрсатди. Арман ўлкасининг тоғли мавзесида сув иншооти бунёд этилди.
Алишер Навоийнинг меҳнат аҳли номига қуйидаги сатрлар акс садо берди:
Ариққа қуйдилар
“Наҳрул ҳаёт” исм,
Фалакваш ҳавзага
“Баҳрун-нажот” исм.
Булар улуғ шоирнинг ҳаётбахш орзулари эди. Бугун миллионлаб Фарҳодлар бунёдкорлик ишлари билан шуғулланмоқдалар. Мисол учун Учқудуқда кончилар билан бир сафда меҳнат қилаётган Ўзбекистон Қаҳрамони Фарҳод Сойибовнинг ёшлар учун кўрсатаётган ғамхўрлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли Шимолий кон бошқармаси ишчи-ходимлари ташаббуси билан Учқудуқ шаҳарчасида яқинда фойдаланишга топширилган “Ёшлар маркази” “камолот”чи йигит-қизларнинг ўз истеъдод ва иқтидорини намойиш этиши учун хизмат қилмоқда.
Кейинги йилларда Навоий шаҳридаги шоир номи билан аталувчи  126 гектарлик боғнинг марказида, улуғвор ҳайкал ёнбошида 2400 кишилик амфитеатр ва Ёшлар саройи, гўзал хиёбон барпо этилди. Қисқача айтганда, мамлакатимизнинг  “олтин сандиғи” ҳисобланган Навоий вилояти аҳли ўз масканининг янада чирой очиб бораётганлигидан фахр-ифтихор туйиб яшамоқда. Бинобарин, Фарҳоддек аҳди қатъий, Баҳромдек заковатли ёшлар Ўзбекистонимизнинг буюк давлатлар қаторидан жой олишига муносиб ҳисса қўшишларига ишончим комил.

Сулаймон ИНОЯТОВ,
Навоий давлат педагогика институти профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn